ТИНЧЛИК ВА ХОТИРЖАМЛИК УЛУҒ НЕЪМАТ
Маълумки, инсоният ҳаёти давомида турли мафкура ва маслак ўртасидаги зиддият ва қарама-қаршиликларни бошидан кечирган. Бунинг оқибатида ўзаро келишмовчиликлар, нотинчликлар юзага келиб турган. Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига, илмий салоҳиятнинг юқори бўлишига боғлиқлиги аён бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб шундай деганлар:
“Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”. (Имом Бухорий ривоят қилган).
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдадир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари балки, унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.
Муҳаммад (с.а.в.) билан саҳобалар бир куни суҳбатлашиб ўтирганларида, саҳобалардан бирлари Ё Расулуллоҳ (с.а.в.) биз Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўраганимизда кўпроқ нимани сўрайлик деб савол қилишганда, жанобимиз, ҳабибимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолодан офият (тинчлик, хотиржамлик)ни сўранглар” деб айтган сўзлари ҳам, инсоният учун бу неъматлар нечоғлик муҳим эканлигига далолат қилади. Тинч бўлиб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, тинчликни давомий бўлиши учундир. Бу хусусида Қуръони каримда шундай дейилган:
وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِنْ كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ.
Яъни: “Яна Роббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасаммки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукурлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” деб марҳамат қилган. (Иброҳим сураси 7-оят).
Шу ояти каримадан билинадики бу улуғ неъматлар учун шукр қилишимиз, Аллоҳ таолодан янада зиёда қилишини сўрашимиз керак.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг “Моида” сурасида шундай деган:
…وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ.
яъни: “… Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” – дейилган. (Моида – 2).
Ушбу оятга эътибор қаратадиган бўлсак, эзгу ният йўлида ҳамкорлик қилиш ер юзида тинчлик ва хотиржамликнинг барқарор бўлишига бош омиллардан эканлигига тарғиб қилинган.
Уралов Абдулазиз – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-босқич талабаси
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar