ТАЪЛИМ МУАССАСАДА ИЛК БОР АБУ ИСО ТЕРМИЗИЙНИНГ "СУНАНИ ТЕРМИЗИЙ" АСАРИ ЎҚИБ ТУГАТИЛДИ.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифлари давомида берган топшириқлари ижроси юзасидан Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ташкил қилинган эди.
Тарихда Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан буюк муҳаддислар
Абд ибн Ҳумайд Кеший, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Абдуллоҳ ибн Муборак, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад Барокотий, Иброҳим ибн Маъқил Насафий сингари алломалар томонидан катта ҳадис мактабига асос солинган. Ушбу илм-маърифат ва зиё масканлари ҳадис илми ривожи ҳамда дунё илм-фани тараққиётида ўчмас из қолдирган.
Термиз шаҳрида Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасасининг ташкил этилиши буюк аждодларимиз асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, алломаларимиз қолдирган бой илмий меросни тадқиқ қилиш, уларни халқимиз, кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб ва ташвиқ қилиш, дунёда рўй бераётган дин омили билан боғлиқ ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг моҳиятини тўғри тушунадиган мутахассисларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
Буюк муҳаддис Имом Термизий ҳаёти ва асарларини чуқур ўрганиш, ёш авлодга етказиш мақсадида Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ташкил этилган. Бугун таълим муассасаси 3-босқич талабалари буюк мутафаккир Абу Исо Термизийнинг "Сунани Термизий" асарини хатм қилиб тугатди.
Шу муносабат билан таълим муассасасида тадбир ўтказилди. Тадбирда таълим муассасаси Маънавий маърифий ишлар бўлим бошлиғи Н.Тўхтаев, Ҳадис фани ўқитувчиси Ю.Хушвақтов, таълим муассасаси ўқитувчилари иштирок этди.
Тадбир сўнгида “Сунани Термизий” асарини хатм қилиб тугатган талабалар эсдалик совғалар билан тақдирладилар.
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar