ХХ АСРНИНГ ИЛМ ДЕНГИЗИ (1-қисм)
Буюк муҳаддис, муфассир, адиб, Аллома Муҳаммад Анвар Шоҳ Кашмирий (1875-1933) [4:35] энциклопедист олим эди. Фақат ўз юрти учун эмас, балки бутун ислом олами учун хизматлари қадрли саналадиган бу олим фиқҳ, калом, ҳадис, тафсир каби йўналишларда кўплаб китоблар ёзган. “Асрининг мужаддиди”, “Асрининг имоми” каби номлар билан машҳур бўлган ушбу Аллома “Сиҳоҳи ситта”га кирадиган “Олти саҳиҳ” китобни, жумладан икки буюк муҳаддис ватандошимиз Имом Бухорий ва Имом Термизийнинг ҳадис китоблари – “Саҳиҳи Бухорий” ва “Сунан Термизий”ни атрофлича шарҳлаган. Унинг ушбу шарҳлари бир томондан ҳанафий фиқҳий мазҳаби, мотуридий ақидавий йўналиши асосида эканлиги сабабли, иккинчи томондан ҳадисларга холис баҳо бериши, мазҳаблар ўртасида айирмачилик қилмаслиги ҳамда бошқа мужтаҳид олимлар ва уларнинг қарашларини ҳам ҳурмат қилиб ёзилганлиги эътиборидан бошқа шарҳ китоблардан ажралиб туради.
Аллома Кашмирий Қуръон ва унинг илмлари, тафсир, ҳадис ва мусталаҳул ҳадис, суннат ва унга тегишли илмлар, фиқҳ ва усулул фиқҳ, ақоид ва усули дин, араб тили ва адабиёти, форс тили ва унинг қоидалари, ақлий илмлар каби кўплаб фанлардан етук аллома бўлган. Бунга кўпчилик илм ва фазилат аҳли гувоҳлик беришган. Жумладан, Шайх, муҳаддис Ҳусайн Аҳмад Маданий шундай деган: “Мен Ҳижоз, Ироқ, Шом, Ҳиндистон, каби юртларнинг илм ва фазл соҳиблари билан учрашдим, аммо ақлий ва нақлий илмлар бўйича Кашмирийдан кўра илми денгиз мисоли бировни кўрмадим” [5:230]. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Ҳусайн Аҳмад Маданий 1297/1882 йили туғилган. Илмни Аллома Маҳмуд Ҳасандан олди ва унинг қўл остида фақиҳга айланди. Отаси билан Мадинага кўчиб бориб узоқ муддат ҳадис, тафсир, фиқҳ илмларидан таҳсил олди. Ҳиндистонни озод қилиш учун инглизларга қарши сиёсатда бўлгани учун устози билан қамалган. Замонасининг ихлос ва тўғриликдаги нодир шахслардан эди. [1:115].
Муҳаммад Зоҳид Кавсарий (ваф. 1952) Кашмирийнинг илмига шундай баҳо берган:
“Ҳадисларда келган нодир жойларини топиб, уни очиб беришда Ибн Ҳумомдан кейин Кашмирийга ўхшаши келмаган” [2:26].
Зоҳид Кавсарий яна ўзининг “Таънибул хатиб” асарининг 166-бетида шундай ёзади:
“Аллома, ҳибр (олим), баҳр (илм денгизи) Анвар Шоҳ Кашмирий.”
Қуръони каримдан насибаси. Қуръони карим Пайғамбар алайҳиссаломга нозил бўлган, саҳобалар у зотдан қабул қилиб олган, улардан эса тобеин ва улардан кейингилар бугунги кунгача бу илмни олиб, бошқаларга етказиб келишмоқда. Қуръон оятларини ўқиб, ёдлаб, ундаги маъноларни тадаббур ва тафаккур қилиб, тафсир қилиб келишди, оятлардан ҳукмларни чиқариб беришди. Хўш, Кашмирийнинг бу илмдан қандай насибаси бўлди?
Анваршоҳ Қуръон илмларидан тўлалигича насибадор бўлди. Илм олиши Қуръон билан бошланди. Беш ёшидаёқ Қуръон ўқишни бошлаган бўлиб, рамазон ойларида ўта чуқур тафаккур ва тадаббур билан ўқирди. Кўпинча бирор оятни англаш учун тўхтаб фикр юритар, баъзан маъноларини тааммул қилиш учун йиллаб ўйлаб юрарди. Охир-оқибат илм денгизидан “ўша яширин дурларни” олиб чиқарди.
Агар бирор бир оятни тушинишда қандайдир муаммога йўлиқиб қолса, бундай муаммоларни ҳал қилишга эътибор қаратган уммат уламоларининг китобига мурожаат қиларди, агар улардан бирор қаноатлантирувчи маълумот топса, ақлини ишлатиб жавобини топарди, бордию у китоблардан излаганини тополмаса, ҳақиқатни топгунча узоқ вақт тафаккур ва далил излашда давом этарди.
Аллома Кашмирийнинг Қуръон ҳақидаги айтган гаплари:
–“Шак-шубҳа йўқки, Қуръонннинг ҳақини ҳеч ким адо этолмайди”;
–“Тафсир – бу Қуръоннинг матнини машаққатсиз, ўзини қийнамай тушунтириб бериш, изоҳлашдир. Унда Қуръон матнининг табиий мўъжизакорлиги сақланиб, Каломуллоҳни ўз шаънига мос равишда тушунтиришга кенг имкон бўлади”;
–“Қуръондаги мушкил-қийин, муаммоли жойлар ҳадисларданда кўп. Аммо уммат ҳали бу борада ҳадисларда изланиш олиб борганидек Қуръоннинг мушкил, муташобиҳ жойлари ҳақида етарлича иш қилмади. Ҳолбуки, бундай масъалаларда эътибор қаратишга ҳадислардан кўра Қуръон ҳақлироқ”;
–“Қуръон таърих ва унинг воқеа-ҳодисаларини қамраб олишга асосланган китоб эмас. Ўрнига қараб, баъзан қисқа-лўнда, баъзан батафсил, Аллоҳнинг ўзига маълум ҳикмат ва сирларга биноан гоҳида бир воқеани олдин келтирса. Бошқа гал кейинроқ келтириши мумкин. Бу шаклда Қуръоннинг нозил қилинишида чуқур тафаккур ва тадаббурни талаб қиладиган дақиқ хусусиятлар мавжуд” [3:38].
Кашмирийнинг “Мушкилоту-л-Қуръон” номли китоби ҳам бор бўлиб, Қуръоннинг мушкил-қийин жойларини ҳал қилиш, тушунтиришга бағишланган. Ушбу китобда Қуръоний нозик, дақиқ масалалар, турли нодир маълумотлар ва ҳақиқатлар ёритилган.
Аллома Кашмирий ҳаётининг асосий қисмини ҳадис ва унга тегишли илмларни ўрганиш ва ўргатиш билан ўтказган. “Олти саҳиҳ” китоблардан ташқари Доримийнинг “Муснад” китоби, Имом Аҳмад Ибн Ҳанбалнинг “Муснад” китоби, Ибн Жоруднинг “Ал-мунтақо” китоби, Имом Ҳокимнинг “Мустадрак” китоби, Дороқутнийнинг “Сунан” китоби, Ибн Абу Шайбанинг “Мусаннаф” китоби, Ҳайсамийнинг “Мажмау-з-заваид” китоби, Суютийнинг “Жомиу-с-сағир” китоби, Ҳусомиддин Али Муттақийнинг “Канзу-л-уммол” каби кўплаб ҳадис илмига тегишли матн ва шарҳ китобларни мутолаа қилди. Ҳадис шарҳига тегишли ўқиган китоблари икки юздан ошади. Биргина Имом Бухорийнинг “Жомиъу-с-саҳиҳ” китобининг ўттиздан ошиқ шарҳларини ўқиб чиққан. Улар ичида Ибн Ҳажарнинг “Файзул борий” асарини афзалроқ деб билар ва ундан кўп фойдаланарди. Баъзи ўринларда Ибн Ҳажар Асқалонийга раддия ҳам берган [3:48].
Анвар Шоҳнинг ҳадис илмларидан бўлмиш жарҳ ва таъдил илмларидан ҳам насибаси юқори даражада бўлган. Дарс бериш жараёнида ҳадис санадидаги ровийларнинг ҳолатини ўрганиб, шогирдларига етарлича шарҳлаб кетарди. Биз буни “Файзул борий”ни ёздирганларидан кўришимиз мумкин.
Ақида борасидаги илми. Уламолар қадимдан ислом ақидасини сақлашга, уни соф, тоза ҳолатида кейинги умматга етказишга бор имкониятларини сарфлаб келишган.
Анваршоҳ Кашмирий ҳам ислом ақийдасини асрашда самарали ҳаракатлар олиб борган. Бу йўлда “Инжил” китоблари, “Таврот” ва “Қадимги Аҳд” битикларини пухта ўрганган. Анвар Шоҳ яҳудий ва насроний роҳиблари билан баҳс-мунозарада ўларнинг китобидан ўзларига қарши далиллар келтириб уларни мот қиларди.
Ҳошимжон Низомиддинов – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Таълим муассасаси матбуот хизмати
ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР:
- Муҳаммад Рашид Акпинар. “Кашмирийнинг ҳуқуқ тушунчаси”. Инсан яйинлари. Истанбул 2019. –Б. 496.
- Юсуф Баннурий. Нафҳатул анбар фи ҳаяти Анвар.–Каротиший: Мактабатул Баннурийя. 2 нашр.1424.–Б. 349.
- Шоҳид Расул Кокохел. “Ал-Аллама Муҳаммад Анвар шоҳ Кашмирий фий довъи интажатиҳи-л-адабийяти вал илмийя”. Баҳавалпур ислом универстети. Покистон, 2009. – Б. 300.
Izohlar