08.06.2023

ХХ АСРНИНГ ИЛМ ДЕНГИЗИ (2-қисм)

Кашмирий фиқҳ илмида ҳам етук мужтаҳид, фақиҳ даражасига етганди. Фиқҳ илмига моҳир эканига далил сифатида Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ва Имом Тоҳовийларнинг кўпгина китобларини ўқиб-ўрганганини келтириш мумкин. Баннурий устози Кашмирийнинг қуйидагиларни айтганини эслайди: “Мен Тоҳовийнинг “Мухтасар”ини йигирма марталаб ўқиб чиқдим, шундай бўлса-да қалбим айрим ўринларда қаноатманмади” [3:86]. 

Мана шундай қилиб Ҳиндистон ва Мисрдаги имкон қадар тошбосма ва қўлёзма асарларни мутолаа қилиб чиққан. Кашмирдаги уламолар фиқҳий масъалалардан бирортасига жавоб топишолмаса, албатта Анвар Шоҳ ҳузурига келишарди. Бу эса унинг фиқҳ илмида сўзи қай даражада эътиборли эканини билдиради. Анвар Шоҳ айтади:

“Кашмирда муфтий ва олимларга уларга ихтилофли ва муаммоли бўлиб келаётган масъалалар борасида уч йил тўлиқ фатво бердим. Шу давр давомида китобга эҳтиёж сезмадим” [3:86].

Кашмирий фақатгина ҳанафийлик мазҳабига доир китобларгагина чекланиб қолмай, моликий, шофеий, ҳанбалий мазҳабларининг фиқҳий китобларини ўта қизиқиш ва синчковлик билан ўқиб чиққан. Имом Шофеийнинг  заковати ва “Умм” номли китобини кўп мақтарди. Жумладан шундай деган: 

“Ҳар сафар “Ал-Умм” китобини ўқиганимда Имом Шофеъий  умматнинг энг заковатлиси бўлгани қалбимда ўрнашарди” [2:62]. 

“Ал-Умм” дан бошқа ҳар қандай китобни хулоса қила оламан” [3:86].

Аллома ҳанафий мазҳабини устун кўрган бир ҳолатда, бошқа мазҳаб имомлари ва мужтаҳидларига иҳтироми юқори бўлиб, уларнинг интилишларини қадрларди. Толиби илмларни ҳам бу олимларни эҳтиром қилиш ва қадр-қимматларини билишга чорлаб шундай дер эди:

“Уларнинг барчалари имом, намуна, йўлбошчи бўлишган, уларда биз учун намуна бор. Ҳар бир кишининг ўз юрар йўли бор” [3:96].

Ақлий билимлардан хабардорлиги. Ақлий билимлар бу нақлий илмларни тушунишга ёрдамлашувчи, восита бўлувчи илмлардан бўлганлиги учун ҳам мутақаддим олимлар уни ўрганишга ҳаракат қилишган.  Кашмирий ҳам бу илмларни ҳосил қилишда кўп ҳаракат қилган ва мантиқ, фалсафа, илоҳиётга тегишли талайгина китобларни ўқиб-ўрганган. Ўқиган фалсафа китоблари ичида Ибн Синонинг “Шифо”, “Нажот”, “Таълиқот”, “Ал-ишорот” асрлари ҳам мавжуд. Шунингдек, инглиз ва франсуз тилларидан араб тилига ўгирилган мантиқ ва фалсафага доир китобларни ҳам ўқиб, бу борадаги замонавий маълумотларни ҳам ўзлаштирди.

Қолаверса, ақлий билимлар бўйича китоблар ёзган мутақаддим, муҳаққиқ олимларо – Фахруддин Розий, Ғаззолий, Ибн Таймия, Валиюллоҳ Деҳлавий кабиларнинг асарларини ўқиб чиққан.

Араб тили ва адабиётини билиши. Анвар Шоҳ Кашмирий араб тилида етук малака соҳиби бўлган. Турли муносабатлар билан айтган кўплаб шеърлари мавжуд бўлиб, ҳатто айрим фиқҳ асосларини назмга киритган. Тавҳид ва калом борасида манзумаси-шеърий асари ҳам бор. Устозларига нисбатан ёзган марсиялари ҳам сақланган. 

Кашмирий тайёргарлик кўрмасдан шеър ёзарди. Бир гал қодиёнийлик оқими билан баҳслашиш мақсадида бир қанча фозил уламолар билан тўпланишди. Қодиёнийлар баҳс араб тилида бўлишини талаб қилишганда, Кашмирий: “Бу баҳс-мунозарани араб тилида наср эмас, назмий услубда қиламиз” деганда, қодиёнийлар баҳслашишдан қочиб кетишди. [2:64].

Кашмирийга бу шоирлик малакаси отаси ва акасидан ўтган. Қолаверса, Кашмирнинг тоза об-ҳавоси, дарёлари, тоғлари, водийлари каби гўзал табиати бу заминда ўсган болаларни шоирликка ундаши табиий бир ҳол.

Алломанинг гўзал маърифат ва чуқур илм соҳиби экани аввало, Аллоҳнинг унга берган фазл ва марҳаматидан, сўнгра ўзидаги заковати, ёдлаш қобилиятининг ўткирлиги дейиш мумкин. Ёдлаш қобилиятининг ўткирлиги ҳақида ўзи бундай дейди: “Агар бир китобни барчасини қамраб олишни мақсад қилмасдан тезлик билан ўқиб чиқсам, ҳатто шу шаклда ўқиган китобим хотирамда ўн беш йилгача сақланиб қолади” [3:26].

Замондош уламолари Кашмирийга “Ер юзида юрувчи тирик кутубхона” деб таъриф беришган ва қайсидир илмий масъалани ечимида ожиз қолишса, дарҳол унга мурожаат қилишган.

Шайх Шабир Аҳмад Усмоний ибн Фазлурроҳман Усмоний (1305/1885-1369/1949) айтади: “Мен “Фаваиду-т-танзили-л-азиз” китобини таҳрир қилишда Довуд алайҳиссалом ҳақида айтилган бир гапни тушинишда роса қийналдим, ҳатто ўн беш кун давомида нима қилишимни билмай, йўл тополмай юрдим. Охири Шайх Анвар Шоҳ ҳузурига бордим. У оғир хаста бўлиб ётарди. Унга саволим ва ҳолатимни тушинтирган эдим, менга Абу Абдуллоҳ Ҳоким ўзининг “Мустахраж”ида келтирган ибн Аббос (р)нинг ривоятини ўқишимни, шояд ана ўша орқали ечим топишимни, қалбим таскин топишини маслаҳат берди. Мен у китобни ўқиб, ўзимни қийнаб келаётган масъалаларга ечимни топдим” [3:25].

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, Анвар Шоҳ Кашмирий бизга яқин бир даврда яшаб, бизга илму маърифатга қандай эришиш мумкинлиги, унга амал қилиш ва уни ўз аҳлига етказиш борасида ўз шахсияти билан ҳар томонлама намуна ва ёрқин бир мисолни кўрсатиб ўтди. Покистоннинг миллий шоири Муҳаммад Иқбол (ваф. 1938) Кашмирийдан кўп таъсирланган ва унинг ақлий ҳамда фалсафий қарашларига мурожаат қилган. Муҳаммад Иқбол Аллома билан ақоид, фалсафа ва турли хусусларда баҳс юритгач, чуқур дунё қараши ва ўткир илму маърифатига баҳо бериб шундай деган: “Ислом олами охирги беш юз йилликда Кашмирийга ўхшаган олимни чиқаролмаган” [6:129].

Алломанинг илмий даражаси, хотираси, заковати ҳақида уламоларнинг айтган гаплари кўп, аммо ўйлаймизки, бу ўринда шунинг ўзи етарлидир. Анвар Шоҳ Кашмирий ўзи билан замондош бўлиб яшаганларга ҳам, кейинги авлодларга ҳам илм олиш, унга амал қилиш ва уни етказиш бўйича юксак намуна ва ўрнак бўлди. 

 

Ҳошимжон Низомиддинов – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

Таълим муассасаси матбуот хизмати

 

 

ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР:

  1. Абдулҳай Лакнавий. Нузҳатул хавотир. –Байрут:Дорул ибн Ҳазм. 1420. Ж.8. –Б.1198. 
  2. Абул Фаттоҳ Абу Ғудда. Муқаддимату ала “Аттасрийҳу бима тавотара фий нузули Масиҳ ли Анвар Шоҳ Кашмирий. –Байрут: Дорул қалам. 5 нашр, 1992. –Б.388.
  3. Муҳаммад Абдуллоҳ Ансорий. “Аш-шайх Муҳаммад Анвар Шоҳ Кашмирий ароуҳул иътиқодийя”. Уммул қуро университети. Макка 2000. – Б. 400.

 

 

Izoh qoldirish

Izohlar