МУСУЛМОН ОЛАМИГА БЕҚИЁС ҲИССА ҚЎШГАН ОЛИМ (1-қисм)
Ислом оламида мўтабар бўлган уламолардан бири, тарихчи, муҳаддис, шубҳасиз, Шамсиддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон ибн Қаймаз ибн Абдуллоҳ Заҳабий Шофеъийдир.
Имом Заҳабий ҳижрий 673-йили робиул аввал ойида, асли туркмоний оилада Суриянинг Дамашқ шаҳрида таваллуд топганлар.
Имом Заҳабийнинг отасининг бобоси Қаймаз ибн Абдуллоҳ машҳур Диёр-Бакр ўлкасининг Майяфариқин шаҳрида яшаб, ўша жойда 109 ёшида вафот этганлар. Имом Заҳабийнинг бобоси Фахриддин Абу Аҳмад Усмон илмдан хабари йўқ, лекин ҳунарманд ва муттақин кишилардан эди. Фахриддин Абу Аҳмад Усмон Дамашққа келиб ўша жойни маскан тутиб ҳижрий 673-йили вафот этдилар. Имом Заҳабийнинг отаси Шиҳабуддин Аҳмад таҳминан ҳижрий 641-йили туғилган. Шиҳабуддин Аҳмад отасининг касбини заргарликка ўзгартирди. У киши заргарлик борасида жуда моҳир бўлиб, “Заҳабий” таҳаллуси билан танилган эдилар. Имом Заҳабийнинг отаси тунларини номоз билан ўтказадиган диндор эдилар. Илм талаб қилиб ҳижрий 666-йили Миқдадул Қайсдан “Саҳиҳул Бухорий”ни ўргандилар. У кишини ҳалол касби баракали келиб жуда бой бўлиб кетдилар. Ҳамда ўзини бойлигидан 5 та қулни озод қилган эдилар. Шунда Имом Заҳабийнинг отаси ўзини бойлиги ва ақл-донолиги билан танилган, асли Мусилилик Илмуддин Абубакр Санжар ибн Абдуллоҳнинг қизига уйландилар. Илмуддин Абубакр Санжар ибн Абдуллоҳ вафотидан олдин 15 минг динорни мерос қолдирди. Унинг илми ва бойлиги, одамийлиги Дамашқ аҳлини, унинг вафоти куни сўнгги манзилига эхтиром билан кузтишига сабаб бўлди. Жанозасини қози-ул қузот Иззуддин ибн Жамоа ал Киноний ўқиган эдилар. Вафоти ҳижрий 697-йили.
Имом Заҳабий илмли ва диндор оиланинг қарамоғида ўсиб улғайди, у зотни эмизган аёл – аммаси Ситту Аҳил бинту Усмон эдилар. Ситту Аҳил илм борасида ибн Аби Юср ҳамда Жамолиддн ибн Малик ва бошқа кўплаб кишилардан ижоза олган фозила аёл эди. Бундай илмдан насибаси бўлган оилада ўсиб улғайган зотнинг ўз фарзандларига ва қарамоғидагиларга ғамхўрлик қилишлиги табиий ҳол эди.
«Заҳабий» тахаллуси у кишига оталарининг касбига нисбатан берилган бўлиб, «Заргарни ўғли» деган маънони англатади. Бу сўзни ҳам асрлари Тожиддин Субкий ва Ҳусайнийлар айтган.
Давутов Саййидбурҳон - Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Izohlar