28.09.2023

БУЮКЛАРДАН БУЮК МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМ

     Ҳар гал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида сўз кетадиган бўлса тарихда мисли кўрилмаган, на ўтмиш, на ҳозирда тенги, назари йўқ, энг буюк шахс, энг мўтабар сиймо камтар хокисор бўлганликлар кўз олдимизда гавдаланади.  Тарихий манбаларида қайд этилишича, ўтган пайғамбарларнинг силсиласи Одам алайҳиссалом билан бошланиб, охири Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ниҳояланган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тартиб бўйича гарчи сўнгги пайғамбар бўлсалар-да, аммо у зотнинг охирзамон пайғамбари этиб юборилишлари инсоният яратилмасидан олдин тақдирда битиб қўйилган. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бундай марҳамат қилганлар:

   яъни: “Мен пайғамбар бўлганимда, Одам алайҳиссалом руҳ ва жасад ўртасида эди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

      У зот   соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи мукаррамада араблар орасида обрўли саналмиш Қурайш қабиласида таваллуд топдилар. У зотнинг насаблари Исмоил алайҳиссаломга муттасил ҳолда етиб боради.

     Одам алайҳиссалом фарзандларининг саййиди ҳисоблансаларда, бу мартабадан фахирланмаган зот, Ота-оналаримиздан, ўғил қизларимиздан, ҳатто ўзимиздан ҳам ортиқ кўрадиган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида суҳбатлашиб ўтқазилган вақт – энг мазмунли вақтдир.

     Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлмаганларида эди, инсоният тим қоронғу зулмат ичида яшаётган бўлар эди. У зот Аллоҳ башариятга юборган нур, Аллоҳ инсонларга ато этиб, у туфайли одамларнинг аҳволини ҳамда тарих оқимини ўзгартирган раҳматдирлар. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган: “(Эй Макка аҳли!) Ҳақиқатан, сизларга ўзларингиздан (чиққан), қийинчиликларингиздан алам чекадиган, сизлар билан (ҳидоят топишингиз билан) қизиқувчи, мўминларга мушфиқ ва раҳимдил Расул келди” (Тавба сураси 128) 

     Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай юксак ақлу заковат эгаси эдиким, унгача ва ундан кейин ҳам ер юзида ҳеч кимса бу даражага эриша олмаган ва олаолмайди ҳам. Пайғамбаримиз Аллоҳ ризоси йўлида заҳмат машаққатларга бардош бериб, Аллоҳдан ажру мукофот кутишда инсониятга намуна эдилар. У зот исломни дунёга ёйиш асносида бошига ёпирилган азоб-уқубатларга мардона сабр-тоқат кўрсатди.

Абу Саъид ал-Худрий (р.а) ривоят: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз уйларида бокира қизлардан ҳам ортиқроқ уятчан, шарму ҳаёли эдилар. Бир нима ёқмай қолса, уятчанликлари ортар, биз буни юз-кўзларидан кўриб турар эдик”. (Бухорий Муслим) 

     Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хокисор инсон эди. Масжидга кирган киши Ул зотни бошқа саҳобалардан дарҳол ажратиб ололмасди. Расулуллоҳ с.а.в ўз саҳобаларидан алоҳида ажралиб туришга интилмас, бева бечоралар ила ҳамсуҳбату ҳамдард бўлишдан, уларга ёрдан кўрсатишдан ҳеч қачон чарчамасдилар.

     Завжаий муҳтарамалари Ойша (р.а)дан ривоят: “Расулуллоҳ (с.а.в)учун энг жирканч одат – ёлғончилик эди. Бировлар келиб, У кишининг олдида ёлғон гапирганда Ул зот кўксида беҳузурлик сезар, то ёлғончи тавба қилмагунича, ўша нохуш ҳолатдан қутулмас эди”.

    Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳақгўйлиги хусусида душманлари ҳам гувоҳлик беришган. Бир гал Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ашаддий бир душмани шундай деган еди: 

“Эй Муҳаммад, мен сени ёлғончи демайман, аммо келтирган пайғомингга ҳам ишонмайман”. Шунда Аллоҳ таолодан шундай ваҳий нозил бўлган эди:

      “Айтган гаплари Сизни маъюс (хафа) қилаётганини яхши билурмиз. Улар, аслида, Сизни, ёлғончига чиқармаяптилар, балки (бу) золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор этаётирлар (Аъном сураси 33 – оят) 

              Пайғамбаримиз алайҳиссаломни яхши кўрамиз. Қандай қилиб у зотни севмаслигимиз мумкин. Бутун умрларини ушбу уммат ғамида ўтқаздилар. Умрларини охиригача Аллоҳ йўлида, одамларни зулматдан нурга олиб чиқиш учун курашдилар.Ота-Онам у зотга фидо бўлсинлар!

      Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат куни умматларининг барини қондириб ичириши учун улар билан ҳовуз олдида кўришадилар. У зот умматларининг мавқеи ҳақида қаттиқ қайғурдилар. Қандай қилиб у зотни севмайлик! Шунинг учун ҳам биз Пайғамбар алайғиссалом билан Аллоҳ ҳузурида қиёмат куни ҳавзаи Кавсар олдида учрашиб, муборак қўлларидан сув ичамиз. Сув ичганимиздан кейин ҳеч қачон чанқоқлик нималигини ҳис қилмаймиз.

Аллоҳ таоло барчамизни Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга муносиб уммат бўлмоғимизни насиб этсин, Ўзи севган бандаларидан қилсин, рушду ҳидоятда барқарор айласин.Омин!

Манбалар асосида тайёрланди: 

 

Абдуллаев Фатҳуллоҳ- Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассаси 4-курс талабаси

 

 

Таълим муассасаси матбуот хизмати

 

Izoh qoldirish

Izohlar