“АЛБАТТА, СИЗ БУЮК ХУЛҚ УЗРАДИРСИЗ!”
Марҳабо, руҳимнинг ҳушёр табиби,
Минг жонлар фидодир жонга келсангиз.
Битта ўтинчим бор, Аллоҳ Ҳабиби,
Кўнглимни Роббимга боғлаб берсангиз.
Ўзингизга боғланг, боғланг суннатга.
Дил ушбу истакнинг абадий қули.
Раҳматлар ёғдидар бутун умматга,
Хуш келибсиз Ҳақнинг буюк Расули!
Рабиул аввал ойининг 12-куни жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг таваллуд топган кунларидир. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) милодий сананинг 571 йилида Маккаи мукаррамада Қурайш қабиласида таваллуд топганлар. У зотнинг насаблари Иброҳим (алайҳис салом)га муттасил ҳолда етиб борганлиги ҳақида китобларда баён қилинган:
Аллоҳ таоло Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни ана шундай улуғ кишиларнинг пуштида сақлаб келиб, оталари Абдуллоҳ ва оналари Оминадан туғилишларини ирода қилди. Таваллуд топган кечаларида бир қанча ғароиб воқеалар содир бўлганлиги тарих китобларида зикр қилинган. Рабиъ ул-аввал – икки олам сарвари хотамул анбиё кўзимизнинг нури қалбимиз баҳори бўлган Қиёмат кунида шафоатчимиз севикли Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) таваллуд топган муборак ой!
Бу ойда ўтаётган ҳар бир дақиқани сониясини у зотнинг муборак ёди билан ўтқазиш, кўпроқ салом ва саловат айтиш фазилатли амаллардан саналади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг таълимотлари ва у зотнинг ҳаёт тарзини ўрганмоғиз лозимдир. Пайғамбаримиз таълимлари инсоният таниган энг мукаммал ва энг улуғ таълимдир. Зеро, банда у зотнинг таълимларини ўрганиш ва суннатларга мувофиқ амал қилиш орқали комиллик зиналаридан аста-секин юқорилаб боради. Шу боис Аллоҳ таоло у муборак зотни инсонларга йўл бошловчи ва намуна қилиб қўйган.
Аллоҳ таоло уз набийсига қарата: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (Қалам сураси 4), дея марҳамат қилади. Расул (алайҳиссалом) нинг ўзлари : “Мен макорими ахлоқни такомиллаштириш учун юборилганман” деганлар. Ҳақиқатан Муҳаммад (алайҳиссалом) энг комил инсон эканларига асло шубҳа йўқ. Шу боис ҳар биримиз ҳар онда, ҳаётнинг ҳар жабҳасида ул зотдан ўрнак олмоғимиз лозим. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) фақатгина Қуръони каримдагина эмас, барча илоҳий китобларда ҳам энг яхши сифатлар билан мақталдилар. Инсонларнинг энг шижоатлиси эдиларки, матонат ва шижоатларидан мўминлар қувват олардилар. Аллоҳ яратган ҳеч кимсани камситмасдилар, ҳар бир инсон ёнларида ўзини шарафли, керакли сезди. Кечиримли эдилар, Аллоҳнинг раҳматидан энг катта улуш у кишига насиб қилганидан, душманларига ҳам, ўзларига зулм кўрсатганларга ҳам марҳамат қила олардилапр. У Зот ўзига қилинган ҳар бир яхшиликни ортиғи билан қайтарардилар, ёмонлик қилганларни ҳам яхшиликларидан бебаҳра қолдирмасдилар.
……Бу фазилатларни яна кўплаб санаш мумкин.....
Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дан бирор нарсани сўралганда, ҳеч қачон “йўқ” демаганлар” (Имом Бухорий ривояти)
Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) туғилган ўша муборак кундан буён неча ой, неча кун, неча йил, неча асрлар, ўтди.У зот яшаб ўтган ҳаёт йўли, шараф ила адо этган пайғамбарлик вазифаси ҳамон бутун дунёга ўрнак.
“Буюк ҳулқ” соҳиби - Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) оламларга раҳмат эдилар. Алҳамдулиллаҳ, бу раҳмат бизга ҳам насиб этди. Бизни ҳидоят сари йўллаган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Умматларига меҳр кўрсатиб, хайрларга бошлаган Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га салоту саломларимиз бўлсин!
Манбалар асосида тайёрлади:
Чориев Муродулло - Имом-Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar