ПАЙҒАМБАРИМИЗ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМГА САЛОВАТ АЙТИШ ФАЗИЛАТИ
Солиҳларга жаннат неъматини ваъда қилган Аллоҳ таолога ўзининг улуғлига ва буюклигига лойиқ ҳамду санолар бўлсин. Анбиёлар имоми тақводорлар пешвоси бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга у зотнинг оила аъзоларига ва саҳобаларига саловату саломлар бўлсин, у зотга қиёматга қадар эргашадиган умматларига Аллоҳ таолонинг раҳмати ва мағфирати бўлсин.
Аллоҳ таоло ўзининг каломида бандаларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтишимиз таълимотини бериб бундай хитоб қилади "Албатта, Аллоҳ ва унинг фаришталари Пайғамбарга саловат айтурлар, Эй мўминлар сизлар ҳам унга саловатлар ва саломлар айтинг" (Аҳзоб сураси 56-оят) Бу ояти каримада оламлар Робби ва Яратувчиси бўлмиш Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтишни буюрмоқда.
Бошқа ибодатларда Аллоҳ таоло бандаларига буюриб қўя қолган. Аммо Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишда эса Аллоҳнинг ўзи аввал саловат айтди сўнгра фаришталарига буюрди. Ундан кейин мўмин мусулмонларни у кишига саловат айтишга буюрди. Саловат айтиш фазилати борасида келган ҳадиси шарифларни ҳам келтириб ўтмоқчимиз шоядки Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васалламга саловот ва саломларни кўпроқ айтишимизга сабаб бўлса.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам" Ким менга бир марта саловат айтса, Аллоҳ унга ўн марта саловат айтади" (Имом Муслим ривояти) Яна бир ҳадиси шарифда Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам "Ҳақиқий бахил-ҳузурида мен зикр қилинганимда, менга саловат айтмаган кишидир" дедилар (Имом Термизий ривояти). Айниқса жума куни кўп салавот айтиш керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар "Ҳар куни юз марта саловат келтирган киши маҳшар майдонида чидаб бўлмас иссиғидан қутилади.
Ўша даҳшатли кунда арш соясида мен билан бирга бўлади. Ким бир марта саловат айтса Аллоҳ таоло ўша саловати ҳурматига бир фаришта яратади ва қиёматгача мағфират тилайди. Саловат айтмоққа давом этган киши хўрланмайди ва қашшоқлик кўрмайди энг муҳими доим қалби хотиржам бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики: Навий саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар "Менга саловат айтинглар, чунки менга саловат айтиш сизлар учун закотдир ва Аллоҳдан мен учун васила сўранглар. Саҳобалар сурашди: Васила нима ё Расулуллоҳ? Айтдилар: "Жаннатдаги олий даража" Унга фақат бир киши етади ва ўша киши мен бўлишимни хоҳлайман. Аллоҳ таоло барчамизга мазкур ҳадиси шарифларда айтилганларга амал қилиб ва у зотга саловатлар айтиб уларнинг мукофотига эга бўлишимизни қиёмат кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатларига лойиқ бўлишимизга муваффақ айласин.
Менглиев Беҳзод - Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 2-босқич талабаси
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar