14.11.2023

ҚУДАЧИЛИК – МИНГ ЙИЛЧИЛИК

Аллоҳ таоло инсонга берган кўплаб неъматлар ичида ўзига хос ва ёқимли бўлган неъмат – қиз ва ўғилларнинг вояга етиб, турмуш қуришлари, тўй-томоша билан ёруғ юз ила жамиятнинг кичик ғишти бўлган янги бир оилани барпо этишларидир. Бу ўзидан бошқа бирор нарса билан ҳис қилиб бўлмайдиган  туйғу бўлиб, келин-куёвнинг ота-оналарига алоҳида масъулият юклаб, айрича салобатли бўлишни талаб қилади. 

Аввалига икки бегона оила тўй ўтгач қариндош бўладилар. Куёв ва келиннинг ота – оналари бир – бирларига нисбатан қуда ҳисобланади. Эркак қуда, аёл қуда каби. Тўйдан кейин қудалар ўртасида ўзига хос, самимий, илиқ ва янгича муносабатлар шаклланади. Аввало улар орасида бир – бирига нисбатан чин маънодаги ҳурмат пайдо бўлади ва кейинроқ бориб бу фазилат дўстлик, ҳамкорлик, меҳр – оқибат ва яқин қариндош уруғчилик муносабатларини мустаҳкам қарор топишига олиб келади. Қуда-андалар ўртасидаги қариндошлик ва дўстликнинг ўзи алоҳида бир муносабатни, эътибор ва эҳтиромни талаб этади. Халқимизда: “Қуданг қул бўлса-да, уни сийла”, “Қуданг келса, унга қилмагин ҳийла”, “Қуданг қул бўлса, қулдек бўл” каби ҳикматларда қудалар ўртасидги  муносабатлар, алоқа торлари ўта ҳассослик билан халққа тушунтирилган.

Қудачилик алоқалари, шунчалик нозик-ки, агар улар ўртасидаги меҳр тори таранглашиб узилса, бу албатта ёшлар (келин ва куёв) нинг ҳаётига таъсир этиб, хунук оқибатларга олиб келиши мумкин. Халқимизнинг “Қуда бўлгунча – кўп синаш, қуда бўлгач – кўп сийлаш”, деган нақлининг маъноси ҳам шунда. Умуман ота – оналар ҳаётда ўғлига муносиб қиз ахтариб топиш, қизга эса муносиб куёв танлаш, тўйни ўтказиш, биров билан қуда бўлиш учун кўп қийналишади. Турмушда икки ёшни бошини қовуштиришдек мушкул иш йўқ. Бу борада албатта, қудаларнинг дунёқарашлари, ёшларнинг бир – бирига яқин бўлгани айни муддаодир. Қудалар ўрталаридаги яхши муносабатларни сақлаш, умуман алоқаларни умирбод бузмасликлари керак. Ахир қудачилик – минг йилчилик деган гапдир. 

Қадим замонларданоқ қудалар бир – бирларини қаттиқ иззат - ҳурмат қилганлар. Натижада бир қабила аъзолари иккинчи қабила аъзолари билан бирлашиб бир бутун катта куч бўлганлар. Шу боис уларга қандай душман ҳамла қилса ҳам уларни енга олмаган. “Қирқ уй қуда бўлса – қирқ йил қирғин келмас” деб бежизга айтишмаган ахир. 

Қудалар қариндошдан ҳам азизроқ ҳисобланишади. Уларнинг муносабатлари доимо яхши ва самимий бўлиши керак. Одатда, қудалар ўртасидаги муносбатнинг ўзгаришига ёшлар ўртасидаги муносабатнинг бузулиши сабаб бўлади. Кўп ҳолларда ҳали ҳаётнинг аччиқ – чучук томонларини яхши фарқига бормаган келин ва куёвларнинг ўйламасдан қилган ножўя ҳатти – ҳаракатлари ёки қайнона - келин муносабатларидаги келишмовчиликлар, қудалар ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир этади.

Қудалар орасидаги муносабатлардан урф – одат тусини олгани бу – қуда чақириқдир. Бу маросим икки томондан ҳам катта харажатларни талаб этади. Халқимизда “Кўрпанга қараб оёқ узат” деган нақл бор. Яъни ушбу маросмларни ўтказаман деб баъзи хонадон соҳиблари ўзларининг оиласига иқтисодий зарар етказадилар. Емай-ичмай йиғадилар, натижада боридан ажраладилар. Ақлли, доно қудалар ушбу маросимларни ўзаро келишган ҳолда ўтказишади. Биз ўз давримизга мос равишда иш тутишимиз, хонадон иқтисодига зарар етказмайдиган тарзда иш юритишимиз керак. 

Янги қурилган оила, ёшларнинг тақдири учун қудалар бир умр масъулдир. Улар ўз ақл – заковатлари ва турмуш тажрибалари билан ҳар  қандай майда – чуйда ва арзимас гаплардан юқори турмоқлари ва иззат – обрўларини, ўртадаги самимий меҳр – оқибатни сақламоқликлари керак. Шундагина ёшларимизнинг бир умр бахтли – саодатли умр кечиришларига замин яратган бўламиз. Илоҳим қудачилик бахти ҳаммага насиб этсин.  

 

Хайрулло Мардонов – Таълим муассасаси Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари

Таълим муассасаси матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar