
ЭЪТИҚОДИЙ МАЗҲАБЛАРНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ
Аллоҳ Таоло yeр юзини Ислом нури ила мунаввар қилишидан олдин одамлар турли-туман ақидаларда эди. Ҳар ким ўз ақидасини ўзича баён қилар эди. Ким гапга устароқ бўлса, ўша ютиб чиқар эди. Асосан, ақидалар ҳурофи гаплар ва тасаввурлардан иборат эди. Шунингдек, ўша вақтда машҳур бўлган яҳудийлик, насронийлик, мажусийлик каби катта динларнинг ақидалари ҳам ақил бовар қилмайдиган афсоналар билан тўлиб тошган эди. Арабистон ярим оролида эса, асосан, ширк ақидаси ҳуким сурарди. Одамлар ўзлари қўллари билан ясаб олган ҳайкал бут-у, санамларни ҳудо деб эътиқод қилар эдилар. Уларда фаришталар, жинлар ва яна бошқа нарсаларга ҳам ўзига ҳос бидъат-ҳурофотдан иборат ақидалар мавжуд эди.
Ислом келиб, мазкур ақидаларнинг барчасини ислоҳ эта бошлади. Мусулмонлар ўз ақидаларини Пайғамбар (с.а.в)дан ворид бўлётган оят ва ҳадислардан ола бошладилар. Дастлаб уларда бу икки манбадан бошқа нарса ҳақида ўйлаш ҳам йўқ эди. Ҳамма нарса фақат шу икки манбадан келиб чиқар эди.
Қуръони Каримнинг ўзида Насоро, Яҳудий ва Мушрикларнинг бузуқ ақидаларини танқид қилиш ва уларнинг ҳатоларини баён қилиш борасида бир қанча ояти калималар нозил бўлди.
Мусулмонларнинг ўзларининг орасидаги биринчи ақидавий тортишувлар ҳазрати Али Каррамаллоҳу важҳаҳунинг аскарлари ичидан ажраб чиққан, ақида масаласида баъзи бир шубҳали соволлар чиқарган хаворижийлар тоифаси билан ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ва у кишининг Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга ўҳшаш яқин сафдошлари орасида бўлиб ўтди.
Кечагина Қуръони Карим ва ҳадис шарифда келган нарсаларга ҳеч бўйин товламай этиқод қилиб юрган кишилар эди. Янги шароитдаги одамлар билан ақида масалаларида тортишишга мажбур бўлдилар.
Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг ўзлари бир қадари билан узоқ тортишдилар. Сиффийн жангидан кейин бир қари киши келиб ҳазрати Али Каррамаллоҳу важҳаҳуга инсон ҳаётидаги жабр ва ихтиёр ҳақида савол берди. Ҳазрати Али Каррамаллоҳу важҳаҳу унга ўзининг услубларида жавоб бердилар ва узоқ тортишдилар.
Ҳазрати Али Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни хаворижилар билан бахс қилиш учун юбордилар. Катта саҳобийлардан Абдуллоҳ ибн Масуд розияллоҳу анҳу Язид ибн Умайра билан имон ва унга тегишли масалаларда узоқ тортишдилар.
Демак, катта саҳобийларнинг давридаёқ ақидавий бахслар олиб боришга мажбур бўлинган эди. Чунки, ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг даврига келиб турли ақида ва фалсафа эгалари янги мусулмонлар ўлароқ Ислом жамиятида ўз маконларини олган эдилар. Уларга оят ёки ҳадис айтиб бир нарсани тушинтириш қийинлашиб қолган эди. Уларнинг ўз тушинчаси ва тафаккур йўналиши бор эди. Уларга ўзига хос муомала қилинмаса бўлмас эди.
Шунинг учун ҳам, имом Бухорий келтирган ривоятда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу “Одамлар билан ўзлари билган нарса ила гаплашинглар. Улар инкор қилган нарсани тарк этинглар. Аллоҳ ва Унинг Расули ёлғончига чиқарилишини истайсизларми”-дедилар.[1]
Тобеинлар даврига келиб ҳолат яна жиддийлашди. Энди баъзи кишилар ақида масаласида мутаҳассис бўлиб ажраб чиқа бошладилар. Имом Ҳасан Басрий бу соҳада дарслар ўтар эдилар. Айнан Ҳасан Басрийнинг дарс ҳалқасида иштирок этган кишиларда бири Восил ибн Ато у киши билан гуноҳи кабира қилган кишининг ҳукми ҳақида беодоблик қилди ва кейинчалик мўътазилийлар мазҳабига асос солди.
Кейинчалик мўътазилилар ўз фикирларини баён этувчи китоблар ёздилар. Аббосийлар давлати уларни ҳимоясига олгандан сўнг фикирларини одамларга куч билан ўтказа бошладилар. Уларнинг Қуръони Карим махлуқ ёки махлуқ эмаслиги ҳақидаги даволари катта жанжалга сабаб бўлгани ҳаммага маълум.
Шу билан бир қаторда бошқа фирқа ва тоифалар ҳам кенг тарқалиб кетди. Оқибатда, Ислом оламида турли фикр, фалсафа, эътиқод ва қарашлар тарқалиб ҳаммаси соф Исломий ақидага путир етказиш йўлига ўтиб олдилар.
Бундай ҳолатнинг вужудга келишига бир қанча сабаблар бор эди. Улардан энг кўзга кўринганлари қуйдагилар:
Фатҳлар туфайли Ислом ерларининг беҳат кенгайиб кетгани.
Исломга турли динлар вакилларининг киргани.
Исломга яқин ва узоқ юртларнинг аҳолиси киргани.
Дин бузарлар ва диндан ўз мақсадида фойдаланишни мақсад қилиб олганларнинг кўпайганлиги.
Ана шундай оғир бир пайитда соф Ислом ақидасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламолар етишиб чиқдилар. Улар Қуръони Карим ва суннат таълимотлари асосида ҳамда Пайғамбар (с.а.в)нинг саҳобалари услибида ақида масалаларини ёрита бошладилар. Уларга “Аҳли сунна ва жамоа” номи берилди.[2]
Кейинроқ одамларга тушинарли бўлиши учун матинларни таъвил қилишга ҳам мажбур бўлинди. Турли китоблар битилди. Аҳли сунна ва жамоанинг ақида бобидаги таълимотлари тўпланиб тартибга солинди. Натижада, ақидавий мазҳаб бўлиб шакилланди ва ўз имомларига ҳам эга бўлди. Бу борада имоми Ашъарий ва ал-Мотурудий аҳли сунна ва жамоанинг ақида бўйича имомлари деб тан олиндилар.
Саййидбурхон Раббоний – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
[1] “Сунний ақидалар” Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тошкент-2008
[2] “Сунний ақидалар” Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тошкент-2008
Izohlar