Диний таълим муассасалари ходимлари учун семинар ўтказилди
Шу йил 3 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари ходимлари билан Zoom дастури орқали онлайн семинар ўтказилди. Унда муассасаларнинг раҳбарлари, масъул мутахассис ва ходимлари иштирок этди.
Ўқув семинар давомида Диний идора бўлим мудирлари Салоҳиддин Шерхонов ва Даврон Абдураҳимов, бўлим мутахассиси Абдуносир Бобамирзаев, “Unicon.uz” ДУК масъулияти чекланган жамият масъул ходими Миразиз Мирвоҳидовлар иштирокчиларга ташкилотларда ижро интизоми, ҳужжатлар алмашинуви, иш юритиш, онлайн платформадан фойдаланиш тартиб-қоидалари тўғрисида машғулот олиб борди.
Маълумот ўрнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва “ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинган.
Мазкур ҳужжатларга мувофиқ “ijro.gov.uz (“edo.ijro.uz”)” электрон ҳужжат айланиш тизимидан ўзаро ички ҳужжат алмашинувида ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва қўмиталар қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам фойдаланиб келмоқда.
“EDO.IJRO.UZ” ижро интизоми электрон платформаси “UNICON.UZ” ДУК томонидан давлат буюртмасига асосан ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Izohlar