20.07.2022

ҲИЗБУТ-ТАҲРИРЧИЛАРНИНГ АЙРИМ АМАЛИЙ ВА АҚИДАВИЙ БУЗУҚ ҚАРАШЛАРИ

Тоифани чуқурроқ ўрганган киши уларнинг ақида ва амалиётларидаги айрим мантиқсизликларни кўриб ҳайратга тушиши табиий. Масалан Ҳизб раҳнамоси Набаҳонийнинг савол-жавоблар жамланмасида “Ислом давлатида кофир шахснинг ҳарбий қўмондон бўлиши мумкин, шунингдек, исломий парламентга кофир шахснинг аъзо бўлиши ҳам мумкин” дейилган. (Робиъус-соний 1390 ҳж). Албатта, гуруҳларини тан олмаган ва фаолиятларини чеклаб қўйган ҳар қандай мусулмон раҳбариятни ҳеч иккиланмасдан кофирга ҳукм қилувчи ҳизбийларнинг бу қарори ақлларни лол қолдирувчи мантиқсизликдан бошқа нарса эмас.

Ҳизбчилар бир қанча ақидавий муҳим масалаларда уммат етакчилари бўлмиш аҳли сунна уламоларига беодобона хилоф қилишганки, бу билан аҳли суннат ва жамоатдан ажраб кетишган:

 Муқаллиднинг иймони саҳиҳ деб эътиборга олиниш масаласи. Аҳли сунна жамоасининг таълимотига кўра, ота-боболарининг йўлига эргашган ҳолда мусулмон эканини айтиб, ўз иймонини ҳар тарафлама илмий исботлаб беришдан ожиз саводсиз киши мўмин-мусулмон деб ҳисобланаверади. Бу масалада ҳизбнинг фикри бошқача. Яъни, уларнинг таъкидлашича мўмин киши мўмин эканлигини илмий асослар билан исботлаб бермас экан у мусулмон эмас.

 Қабр азоби, Дажжол фитнаси каби муҳим эътиқодий ҳақиқатларга иймон келтириш масаласи. Ҳанафий мазҳаби асосчиси, аҳли суннат раиси имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўзлариниг “Фиқҳи Акбар” номли китобларида бу масалани қуйидагича баён қилганлар: “Қабрда Мункар ва Накир исмли фаришталарнинг кириб, марҳумдан савол сўрашлари ҳақ ва ростдир. Қабрда бандага руҳнинг қайтарилиши, қабрнинг кофирлар ва баъзи гуноҳкор мусулмонларни қисиши, уларнинг қабр азобини тортишлари ҳақ ва ростдир. Дажжол ва Яъжуж-Маъжужнинг чиқишлари, қуёшнинг кун ботар томонидан чиқиши, Исо алайҳиссаломнинг осмондан тушишлари ва бошқа қиёмат аломатлари саҳиҳ хабарларда зикр этилганидек ҳақ ва ростдир!”. Бу ҳақиқатларни Ислом тарихида фақатгина ҳаддан ошган, асосли илмдан узоқда бўлган ва замон зайли билан йўқ бўлиб кетган нобакор тоифаларгина инкор қилган эдилар. “Ҳизб”чилар ҳам уларнинг эътиқодий бузуқликларини такрорлаб умматга қарши томонга ўтишган.

 Амри маъруф наҳй мункар масаласи. Аҳли сунна таълимоти бўйича ҳар бир мусулмоннинг зиммасида қирқта муҳим фарз масъулиятлари бордир. Эзгулик, яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариб насиҳат қилиш ўша қирқ фарзнинг ичидан ўрин олган фарз амаллардандир. Ҳизбчиларнинг иддаосича амри маъруф ва наҳй мункарни шахс эмас исломий давлат бажаради, исломий давлат йўқ экан ҳеч кимга амри маъруф ва наҳй мункар вожиб бўлмайди эмиш…

Ҳизбчиларнинг амалий масалалардаги мудҳиш хатоларидан бири шуки, улар фаҳш сурат ва видеоларни кўриш, номаҳрам аёлни ўпиш каби шарманда ишларни мубоҳ санайдилар.

  ✍️ Ҳайбатулло РАШИДОВ - Шўрчи тумани “Толли ота жоме масжиди” имом хатиби


 

Izoh qoldirish

Izohlar