РАҲМАТАН ЛИЛ ОЛАМИЙН (2-қисм)
Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таолонинг барча бандаларининг афзалидирлар. Хоҳ у малакут олами бўлсин, хоҳ у жабарут олами бўлсин, барча, барча оламларнинг саййидидирлар.
Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) барча пайғамбарларнинг саййидидирлар. Бунга далил Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) меърож кечасида ҳамма пайғамбарларга масжидул ақсода имом бўлдилар.
Нуҳ (алайҳиссалом)га Аллоҳ таоло кема берган бўлса, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)га буроқ берди. У кўз очиб юмгунча Арши аълога етарди. Нуҳ (алайҳиссалом)ўз қавмига азоб тилаб деди: "...Эй Раббим, ер юзида кофирлардан бирорта тирик юрувчини қолдирмагин". Лекин Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кофирлар урушда уриб муборак тишларини синдирдилар, кўп жойларига жароҳат етказдилар, Тоифда тошлар билан уриб азият бердилар. Шунда сарвари коинот, бутун оламларга раҳмат бўлган зот: ,,Эй Парвардигорим, қавмимни тўғри йўлга бошлагин! Чунки улар ҳеч нарсани билмайдилар". Дунёда душманларига шунчалик шафқат қилдилар, энди эрта қиёматда дўстларини нечук шафқат қилмасинлар.
Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)ни халққа имом қилди. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса меърож кечасида барча пайғамбарларга ва осмондаги фаришталарга имом бўлдилар. Аллоҳ таоло деди: Иброҳим (алайҳиссалом)га Намруднинг ўтини салқин этдим, ҳабибим Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг мўмин уммати учун дўзахнинг ўтини совутгайман.
Сулаймон (алайҳиссалом)га Аллоҳ таоло шамолни бўй сундиришни берган бўлса, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг умматларидан бирортаси мазлум бўлса ва қалбидан бир оҳ тортиб, кетидан шаҳодат калимасини айтса, Аллоҳ таоло бир ел яратадида, у шамол ўша банданинг оҳини бир пасда аршга етказади.
Мусо (алайҳиссалом)ва қавмларининг Нилдан ўтганларида этаклари ҳўл бўлмаган бўлса, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматлари эса
Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек: ,,Умматларим ичида бир тоифаси сирот кўприги устидан шундай тез ўтадики, уларнинг тердан ҳўл бўлган кийимлари қуримайди ҳам".
Ийсо (алайҳиссалом)ни Аллоҳ таоло тўртинчи қават осмонга чиқарган бўлса, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) меърож кечасида Аллоҳ таолога шунчалик яқин бўлдиларки, Аллоҳ таоло оятида билдирди: فَكَانَ قَابَ قَوْسَيْنِ أَوْ أَدْنَى – "Кейин икки камон масофаси ёки ундан ҳам яқинроқ жойда тўхтади".
Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг раҳмат бўлиб келишлари ҳаттоинки, Аллоҳ таолонинг душмани шайтон (алайҳиллаъна)га насибаси етган экан.Шайтон (алайҳиллаъна)деган экан: “Эй Роббим, Муҳаммад (алайҳиссалом)ни бутун оламларга раҳмат қилиб юбординг. У оламларда мен ҳам борман, менга ҳам унинг раҳматидан насиба борми?” деганида. Аллоҳ таоло “Ҳа, бор” дебди. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) дунёга келмасларидан бурун шайтон (алайҳиллаъна)ни Аллоҳ таолонинг фармони билан бир фаришта ҳар куни 10марта гурзи билан урар экан. Унинг оғриғи то бу кунгача етар экан. Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) дунёга келганларидан ўшандай азобни шайтон (алайҳиллаъна)дан Худои таоло олиб қўйган экан. Мана бу ҳам Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бутун оламларга раҳмат бўлиб келганликларининг бир кўринишидир.
Қиёмат куни Худои таборак ва таоло ҳеч бир киши билан сўзлашмагай, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) шафоат қилмагунча. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) дийдори Парвардигорни кўрмагунча, ҳеч бир пайғамбар кўрмагай. Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг умматлари жаннатга кирмагунча, ҳеч бир пайғамбарнинг уммати кирмагай.Чунки Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Жаннатнинг эшигини энг аввал тақиллатидиган одам –Билол бўлади" деганлар.
Мана, биз қандайин ажойиб, улуғ мақомга эга бўлган Пайғамбарнинг умматидирмиз. Бирор киши умматларидан дўзахга киришига рози бўлмаган Пайғамбарнинг умматидирмиз. Қиёматда ҳамма ўз нафси билан овора бўлиб турган пайтда “Умматий, Умматий” деб турадиган Пайғамбарнинг умматидирмиз. Ҳаётлари давомида бирор марта ҳам тўйиб овқатланмаган, суюкли умматлари учун ҳаётнинг бутун аччиғини бошидан ўтказган Пайғамбарнинг умматидирмиз. Биз умматлар мана шундай севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)га саловотлар айтишликка эринмаслигимиз, у зоти бобаракотнинг суннати саниййаларини ҳар қадамда бажаришликка саъю ҳаракат қилишимиз, жоҳиллигимиз, ноқобиллигимиз туфайли эрта қиёматда Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни бошқа кимсалар олдида уялтириб қўймаслигимиз даркор. Ҳазрати Сўфий Оллоҳёр айтганлардек:
Худонинг раҳмати бўлсин дамодам,
Анинг авлодига, асҳобига ҳам.
Низомиддинов Ҳошимжон – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar