КОРРУПЦИЯ ВА ДИНИЙ ЭКСТРИМИЗМГА ҚАРШИ КУРАШИШ
Жорий йилнинг 27 февраль куни Республика бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернати ходимлари иштирокида тадбир ўтказилди.
Тадбирни ДХХ ходими Ф.Аминов очиб бериб, кун тартибидаги 1 масала юзасидан ўзининг фикрларини билдириб, коррупциянинг оқибатлари, унинг олдини олиш йўлларини тушунтирди. “Коррупциянинг мамлакат тараққиётини ортга суриб, келажакни хавф остида қолдириши, айниқса, бугунги кунда етук мутахассислар, замонавий кадрлар тайёрлашни асосий мақсад қилиб олган мамлакатимизда ушбу иллатга қарши кураш долзарб масалалардан биридир. Тинчлигимизга, озодлигимизга хавф солиб турган терроризм-аср иллати таҳдидлари, уларнинг шакл-кўринишлари қалбимизга нафрат уруғини қадай бошлади. Энг хавотирлиси, ўз киндик қони тўкилган юрти, халқи, оиласини, бир сўз билан айтганда, ўзлигини, бой ва қадимий маънавиятидан тонадиганлар ҳам бор орамизда” дея ўз фикрларини баён этди. Шунингдек меҳнат фаолияти ҳамда ундан ташқарида корурупциён ҳолатларга дуч келганда ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушган шахслар ҳақида бирор бир маълумотга эга бўлиш ҳолатларида ДХХ ходимларига мурожаат қилишлари лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Тадбир давомида Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси Ёшлар билан ишлаш, маънавий-маърифий бўлим бошлиғи Н.Тўхтаев сўз олиб, Порахўрликнинг ҳамда тинч диёрда ношукур кайфиятда яшаш мўмин кишига хос эмас дея таъкидлади. Ўз сўзида давом этиб; “Порахўрлик ва юртга хоинлик Қуръони карим, ҳадиси шариф ва уламоларнинг ижмосига кўра ҳаром иш ва катта гуноҳ ҳисобланади. «Молларни ноҳақ ейиш»га пора бериш ва олиш, ўғрилик қилиш, омонатга хиёнат қилиш, фирибгарлик, фоиз олиш, қарзга нарса олиб, ундан тониш, зўрлик билан тортиб олиш, қиморда ютиб олиш, ўлчов ва тарозидан уриш, одам савдоси, сеҳр ва фолбинлик билан пул топиш, ножоиз тижорат билан молни қўлга киритиш киради. Юқоридаги усуллар орқали мол топиш шариатда ҳаром қилинган. Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчи, пора олувчи ва уларнинг ўртасидаги воситачини лаънатлаганлар» (Имом Аҳмад ривоят қилган). Бугун жамиятда шу учаласидан бири бўлиб қолиш кўпайди. Агар ҳаммамиз ҳам Аллоҳдан қўрқиб, ҳадисга амал қилиб, пора бериш ва воситачиликдан тўхтасак, жамиятда иншааллоҳ, бу муаммо йўқолади. Расулуллоҳ алайҳиссалом лаънатлаган бу иш қанчалик оғирлигини тасаввур қилишимиз керак» дея сўзига якун ясади.
Тадбир сўнгида Вилоят Маданият бошқармаси бошлиғи Ш.А.Нормуродов: “Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан мамлакатимизни янада ривожлантириш, халқ фаровонлигини таъминлаш ва инсон қадрини ошириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.Хусусан, Президентимиз Ш.М.Мирзиёев ўз маърузаларида “Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур”лигини, қайта-қайта тилга олдилар. Шунингдек тинчлик ва осойишталикни қадрига етиб маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш йўлида бор куч эътиборимизни қаратишимиз лозим” дея ўз фикрларини билдириб ўтди.
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar