"РУМ ВА МУСУЛМОНЛАР ОРАНИ ОЧИҚ ҚИЛГАН КУН, ЁҲУД ЯРМУК ЖАНГИ" (1-қисм)
Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифалигининг аввалида ридда аҳли (диндан қайтганлар)га қарши жанг ишларини тамомлагач ва Арабистон ярим ороли қабилаларини ислом байроғи остида бирлаштиргач, энди бор эътиборини Рум (Византия) империясини зуғуми остидаги Шом диёридаги араб қабилаларига қаратди. Аслида Абу Бакр розияллоҳу анҳу Шом диёри борасидаги ишини Зул Қосса (Мадинанинг Рабазага кетиш йўлида жойлашган ҳудуд, Мадинадан тахминан 24 мил узоқ) кунидаги қўмондонлар тайинлаш ишида бошлаган эди. Холид ибн Саид ибн Осс розияллоҳу анҳуни Шомнинг кириш қисмига юборган эди. Холид ибн Саид ибн Осс Шомда зафарли юришлар олиб боргач, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ридда жанг (диндан қайтганларга қарши жанглар) ларини тамомлагач, тўрт саркарда бошчилигида Шомга катта қўшин сафарбар қилди.
- Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу Фаластинга
- Шураҳбийл ибн Ҳасана розияллоҳу анҳу Урдунга
- Язийд ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу Балқога
- Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Ҳимсга юборилди.
Бу қўшинларнинг Шом томонларга чиққанини эшитган Рум императори (Флавий Гераклий Август 610-641) ўз аъёнларига маслаҳат солди. “Мен мусулмонлар билан Шом диёрларида етиштириладиган ҳосилнинг ярми эвазига сулҳ тузишларингизни сизлар учун яхши деб биламан. Зеро бу Шом диёрини ва Рум сарҳадларини ярмини бой беришларингдан яхшироқдир” деди. Аммо сарой мулозимлари Флавий Гераклийнинг бу таклифидан бош тортди. Шундан сўнг Император ўзи Ҳимс (Суриядаги катта шаҳар. Дамашқ шаҳригача 162 км)га тушди. Ҳамда Шом ҳимояси учун катта қўшин йиғилишини буюрди. Муаррих уламоларнинг аксарини қовлига кўра, бу йиғилган Рум аскарларнинг адади 240 минг бўлиб, уларга Теадор исмли саркарда қомондонлик қилди. Муҳаммад Шейт Хаттоб “Байнал ақида ва қияда” асарида бу қўшиннинг 80 минги отлиқлардан, 80 минг пиёда қисмдан ва яна шунча миқдорда асир ва қуллардан иборат тирик қалқон сифатида фойдаланилган қисмдан иборат эканлиги айтилган.
Бу катта қўшин ҳақида хабарлар мусулмон саркардаларига етиб боргач, саркардалар ёрдам сўраб Абу Бакр розияллоҳу анҳуга одам юборди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифаси бунга жавобан, Ироқ қўшинлари қомондони Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуга одам юбориб, қўшинининг ярмини олиб, Ироқ ишларига ўринбосар тайинлаб, Шом диёрларига отланишини буюради. Бу жангда мусулмонларнинг умумий адади ҳақида баъзи ихтилофлар бор. Муҳаммад Хузорий “Итмомул вафо фи сийратул хулафо” асарида ва Муҳаммад Шейт Хаттоб ўзининг “Байнал ақида ва қияда” асарларида бу адад 36 минг десалар, Муҳаммад Али Муҳаммад Саллобий ўзининг “Сийрату Амирул мўминийн Абу Бакр Сиддиқ” асрида бу ададни 40 минг деб белгилайди. Яна баъзи қовлларда 45 минг дейилади.
Тўғри бир қарашда бу қўшиннинг адади Румликларга нисбатан 6 баробар кам лекин Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун жанг қилаётганлар қаёқда-ю, дунё матоҳи учун жанг қилувчилар қаёқда, Аллоҳнинг калимаси олийдир, ундан олий бўлинмас.
Хамидов Абдулбосит – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar