ТАСБЕҲ НАМОЗИНИНГ ФАЗИЛАТИ
Аллоҳ таолога битмас туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло биз Муҳаммад (алайҳиссалом) умматларини бошқа умматлардан кўплаб хусусиятлар билан фазилатли қилди. Бизга расуллар ва набийларнинг ичидан энг афзали ва энг охирги пайғамбарини юборди, энг охирги Китоби – Қуръонни туширди ҳамда бизни энг яхши уммат деб атади:
Абдулазиз ибн Абу Довуд – у киши Ибн Муборакдан олдин яшаб ўтган – шундай деди: «Ким жаннатни истаса, тасбеҳ намозини маҳкам тутсин.
Яна бир хадисда: "Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аббос ибн Абдулмутталибга шундай дедилар: «Эй Аббос! Эй амакигинам! Сенга ато этайми? Сенга инъом қилайми? Сенга лутф кўрсатайми? Сени ўнта хислатли қилиб қўяйми? Сен ўшаларни қилсанг, Аллоҳ сенинг гуноҳингни – аввалгисию охиргисини, қадимгисию янгисини, хатосию қасдданини, кичигию каттасини, махфийсинию ошкорини мағфират қилади. Ўша ўн хислат – тўрт ракъат намоз ўқишдир. Ҳар ракъатда Фотиҳани ва бир сурани ўқийсан. Биринчи ракъатда қироатдан кейин, тик турган ҳолингда: «Субҳааналлоҳ, валҳамду лиллааҳ, ва лаа илааҳа иллалоҳ, валлоҳу акбар» деб ўн беш марта айтасан. Сўнг рукуъ қиласан ва рукуъда турган ҳолингда шуни яна ўн марта айтасан. Сўнгра бошингни рукуъдан кўтариб, шуни яна ўн марта айтасан. Кейин саждага йиқиласан ва сажда қилган ҳолингда шуни яна ўн марта айтасан. Сўнг бошингни саждадан кўтариб, шуни яна ўн марта айтасан. Кейин сажда қилиб, шуни яна ўн марта айтасан. Сўнг бошингни кўтариб (ўтириб), шуни яна ўн марта айтасан. Ана шу бир ракъатда етмиш бештадир. Тўрт ракъатда ҳам шундай қиласан. Агар бу намозни ҳар куни ўқий олсанг, шундай қил. (Ҳар куни шундай) қила олмасанг, ҳар жумада бир марта ўқи. Агар уни ҳам қила олмасанг, ҳар ойда бир марта ўқи. Агар буни ҳам қила олмасанг, ҳар йили бир марта ўқи. Агар уни ҳам қила олмасанг, умрингда бир марта ўқи».
Баъзи уламолар тасбеҳ намози ҳақидаги ҳадиснинг ривоят қилинган йўлларини заиф дейишган. Заҳабий ушбу ҳадисни келтирган, аммо бу ҳақда фикр билдирмаган.
Ибн Аббоснинг тасбеҳ намози ҳақидаги ҳадиси ҳасан ҳадиснинг шартларига яқиндир. Лекин биргина ровий тарафидан ривоят қилингани, тасбеҳ намозининг ўқилиш тартиби бошқа одатда ўқиладиган намозлардан ўзгачалиги учун шозз саналади.
Байҳақий: «Абдуллоҳ ибн Муборак бу намозни ўқир эди. Солиҳлар ҳам бир-бирларидан эшитиб, ўқишар эди. Бу ҳам ҳадиснинг саҳиҳлигини янада кучайтиради», деган. Ибн Абус Сайф ал-Яманий «ал-Ламъа фии рағойиби явмил Жума» китобида Термизийнинг қуйидаги гапларини келтиради: «Тасбиҳлар намозини Жума куни завол пайтида ўқимоқ мустаҳабдир. Биринчи ракъатда «Фотиҳа»дан кейин «Такасур»ни ўқийди, икинчисида «Вал Аср»ни учинчисида «Кофирун»ни, тўртинчисида «Ихлос»ни»деб туриб охирида ўқийдиган қўшимча дуони ҳам келтирган. Абу Усмон ал-Хайрий аз-Зоҳид: «Қийинчиликлар ва ғам ғуссалар учун Тасбиҳлар намозидан яхши нарса кўрмадим», деган.
Хайрулло Мардонов – Таълим муассасаси Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar