ИМОМ AЪЗАМНИНГ ИЖТИҲОД ҚИЛИШ УСЛУБИ ҚАНДАЙ БЎЛГАН?
Раддия
Имом Aъзам Aбу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўзидан олдинги ўтган уламолар – салафи солиҳинлар тушунчасига асосланиб яратган фиқҳини жамиятга очиқ қилиб қўйди. Инсониятнıнг эҳтиёжларини эътиборсиз қолдирмасдан яратилган бу фиқҳида одат ва истиҳсон далилларига катта аҳамият берган Aбу Ҳанифа ҳазратлари саҳобалар орқали келган хабарларнинг бир қисмини ҳам киритган. У зот буни оят ва ҳадислардаги асл матнлар билан таққослади. Бу тамойиллар шариат далилларидан келиб чиққан бўлиб, шариат руҳи ва мазмунига асосланади. Улар мақсадни ўз ичига олган умумбашарий қоидалардир ва бу ривоятларни инкор қилиш эмас, балки бу далил сифатида бошқа, кучлироқ матнни танлашдир.
Зотан, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа том маънода фақиҳ бўлганлар. Муҳаддислар эса ҳадисларни ёд олиб, уларни бошқаларга етказаверадилар. Кўп ҳолларда эса етказувчидан кўра ҳадисни эшитиб қабул қилиб олувчи кимса фақиҳроқ – ҳадиснинг маъноларини етказувчидан кўра билгувчироқ, теранроқ тушунувчи бўлиб чиқади. “Фақиҳ” деган сўз ҳам “теран ва чуқур тушунувчи” деган маънони англатади. Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳнинг: الفقهاء و هم أعلم بمعانى الحديث – “Фақиҳлар – улар ҳадис маъноларини энг билувчилардир!”, – деганлари қайд қилинган (Термизий, 1/990 ҳадис ортида).
Бунга иккита мисол келтирсак бўлади:
Ҳадисшунос ва ишончли ровийлардан бири, “Сиҳоҳи ситта”да 1300 (бир минг уч юз) ҳадис ривояти бор зот, Суфён ибн Уйайна раҳимаҳуллоҳ ва Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ каби буюк зотларнинг устози, машҳур тобеъий ал-Аъмаш раҳимаҳуллоҳ олдига бир аёл савол сўраб келибди. У зот жавобини билмасдан даврада ўтирган Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга: “Сиз жавоб беринг-чи?!”, – дебдилар. Буюк имомимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ унга батафсил ва даврадагиларни ҳам қониқтирадиган жавоб айтибдилар. Ал-Аъмаш раҳимаҳуллоҳ ҳайрат билан: “Сиз буларни қаердан билдингиз?”, – деб сўрабдилар. У зот эса: “Буларни Сиз бизга айтиб берган ва ўргатган фалон-фалон ҳадислардан олдим”, – деб жавоб берибдилар. Шунда ал-Аъмаш раҳимаҳуллоҳ ўзининг машҳур бўлган мана бу ҳикматли гапларини айтибдилар:
نحن الصيادلة و أنتم الأطباء
“Биз доричилармиз, сизлар эса табибсизлар!”.
Яъни, ҳадис аҳли доричи – аптекачилар дори сотганларидек, ҳадисларни ёдлаб етказадилар, холос. Фақиҳлар эса қайси дори қаерга шифо, қайси дори керак ёки нокерак эканини биладиган, ташхис қўйиб даволовчи табиблар кабидир. Ким табибга учрамасдан доричидан дорининг ўзини олиб фойдаланаверадиган бўлса, у билмасдан инсонни ўлдирувчи дорини истеъмол қилиб қўйиши ҳам мумкин!
Саҳобалардан Ибн Умар розияллоҳу анҳу басралик фақиҳ тобеъинлардан бирига бундай деганлар:
إنّك من فقهاء البصرة فلا تفت الا بقرآن ناطق او سنّة ماضية فإنّك إن فعلت غير ذلك هلكت و أهلكت
“Албатта сен Басранинг фақиҳларидансан. Бас, шундай экан, фақатгина сўзлагувчи Қуръон билан ёки ўтган (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган) суннат билан фатво бергин. Агар бундан бошқасини қиладиган бўлсанг, ҳалок бўласан ва ҳалок қиласан!” (Доримий, 1/166).
Ҳа, фиқҳий манбаларга қарамасликнинг ва фиқҳий қарашларга эътибор бермасликнинг асло иложи йўқ. Акс ҳолда, ҳадисларнинг ўзини билиш билан ундаги ҳукмларни билмай қолавериш мумкин. Худди шу хилдаги воқеа яна Имом аш-Шофеъий раҳимаҳуллоҳнинг устози Имом Вакеъ раҳматуллоҳи алайҳидан ҳанафийларнинг улуғ имоми Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ сабоқ олиб юрганида содир бўлган. Ушбу воқеада ҳам бир аёл савол сўраб келади. Имом Вакеъ раҳимаҳуллоҳ унинг жавобини билолмай қоладилар. Шунда даврадагилар жавоб беришлари мумкинлиги тавсия қилинади. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ унга батафсил жавоб қайтарадилар, хотин ҳам жавобдан мамнун бўлиб қайтиб кетади. Имом Вакеъ раҳматуллоҳи алайҳи ҳайратини яшира олмай, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳдан жавобни қаердан билганини сўрайдилар. У зот мазкур жавобни Имом Вакеъ раҳматуллоҳи алайҳининг ўзлари ўргатган фалон-фалон ҳадислардан олганини тушунтирадилар. Шунда Имом Вакеъ раҳматуллоҳи алайҳи: “Оббо, мен бу ҳадисларни ҳали сен туғилмаган, ҳатто ота-онанг учрашмаган вақтдан бери ёд биламан-ку!”, – дейдилар.
Мазкур воқеа Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ билан машҳур муҳаддис Сулаймон ал-Аъмаш раҳимаҳуллоҳ ўрталарида бўлиб ўтган, ҳам дейилади.
«Мужтаҳид» бу Қуръон ва ҳадислардан керакли ҳукмларни чиқариб берувчи фиқҳ олимидир. Зотан, «фиқҳ» нозик ва дақиқ маъноларни тушуниш бўлиб, мужтаҳидлик амалиётга жорий қилинадиган ҳукм ва қоидаларни исломнинг ана шу бирламчи манбаларидан тушуниб олиш ва чиқариб беришдир. Қуръон ва ҳадислардаги қиссаларни гапириб берувчи, уларда келган эътиқодий масалаларни ўргатувчи, улардаги дуоларни айтиб берувчилар «мужтаҳид» дейилмайди.
Демак, ҳукм олувчи мужтаҳидлар ҳукмларни Қуръон ва ҳадислардаги ҳукм олинадиган махсус оят ва ҳадислардан оладилар. Жумладан, аҳли раъй деб таъна қилинадиган ҳанафийларнинг буюк имоми Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг бундай деганлари нақл қилинган:
اذا جاء الحديث عن النبى صلى الله عليه و سلم فعلى الرأس و العين و الباقى سواء
“Қачон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадис етиб келса, бош ва кўз устига қабул қиламиз. Бошқаларнинг гаплари эса бир-бири билан баробардир!” (Муваффақ ибн Аҳмад ал-Маккий ал-Хоразмий. Маноқиб ал-Имом ал-Аъзам Аби Ҳанифа. 1-жилд. – Ҳайдаробод: Мажлис доират ал-Маориф ан-низомия, 1903. – Б. 77-78, 80-81 ва 83).
Бу гапни “Тафсири Жалолайн” соҳиби Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ ўзининг Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга бағишланган “Табйиз ас-саҳифа” номли маноқиб асарида зикр қилганлар:
عجبا للناس يقولون أنى أفتى بالرأى ما افتى الا بالأثر
“Одамларнинг мени раъй билан фатво беришимни айтишларига ажабланаман! Чунки, мен фақатгина асар (ҳадис) билангина фатво бераман!” (Жалолиддин ас-Суютий. Табйиз ас-саҳифа би-маноқиби Аби Ҳанифа. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1990. – Б. 113).
اذا وجدت الأمر فى كتاب الله تعالى او فى سنة رسول الله صلى الله عليه و سلم أخذت به و لم أصرف عنه و اذا إختلفت الصحابة إخترت من قولهم و اذا جاء من بعدهم أخذت و تركت
“Агар Аллоҳ таолонинг китобидан ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан бирор ишни топсам, ўшани олдим, ундан юз ўгирмадим. Агар саҳобалар турли фикр билдирган бўлсалар, уларнинг (фақиҳ бўлганларининг) гапларидан бирини танладим. Улардан кейингиларга келганда эса, олдим ҳам, тарк ҳам қилдим”.
“Ҳар бир нарсада қиёс ўтавермайди!”, – деган Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
و نحن نقيس المسئلة على أخرى لنردها الى اصل من اصول الكتاب او السنة و اتفاق الأمة فنجتهد و ندور حول الإتباع
“Биз масалани бошқаси билан қиёс қилганимизда, Қуръон ёки Суннатга ва умматнинг иттифоқидаги асл манбаларга қайтарамиз. Шундай қилиб ижтиҳод қиламиз ва эргашув атрофида айланамиз!”.
Ҳанафийларнинг қиёсга энг уста олими Имом Зуфар раҳимаҳуллоҳ бўлиб, у киши бундай деганлар:
لا تلتفتوا الى كلام المخالفين فان أبا حنيفة و اصحابنا لم يقولوا فى مسئلة الا من الكتاب و السنة و الـأقاويل الصحيحة ثم قاسوا بعد عليها
“Мухолифларнинг гапларига қараманглар! Зеро, Абу Ҳанифа ва шерикларимиз бирор масалани фақатгина оятдан ва суннатдан ҳамда саҳиҳ ривоятларга қараб айтганлар. Сўнг, ана шулардан кейингина қиёс қилганлар”.
Ибн ас-Саббоҳ раҳимаҳуллоҳ айтганлар: “Абу Ҳанифага бирорта масала келса, саҳиҳ ҳадис бўлса унга эргашарди, агар у саҳоба ёки тобеъиннинг гапи бўлса ҳам. Агар бундай бўлмаса, шундагина қиёс қиларди. Қиёси ҳам қандай чиройли бўларди!” (Хатиб Бағдодий. 15-жилд. – Байрут: Дор ал-ғарб ал-исломий, 2001. – Б. 466).
Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ эса бундай деганлар: “Мен Абу Ҳанифага бирор нарсада асло хилоф гап айтмадим. Доим ўйланардим, унинг мазҳабини охиратда энг нажотга эришувчи эканлигини топардим. Мен кўпинча ҳадисга мойил бўлардим, ул зот эса мендан кўра саҳиҳ ҳадисни кўпроқ билувчироқ эди!” (Хатиб Бағдодий. 15-жилд. – Байрут: Дор ал-ғарб ал-исломий, 2001. – Б. 466).
Хуллас, оят ва ҳадис (насс) бўлмаган жойда Имоми Аъзам Aбу Ҳанифа бир овоздан диний далил сифатида урф-одатларни қабул қилганлар. Лекин, жамиятга фойда келтирадиган масалаларда шу тарзда ҳаракат қилган Aбу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ибодат масалаларида қиёсга мурожаат қилмаган.
Аминов Ҳамидулла – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими, тарих фанлари номзоди
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar