"ҲАЖДАН КЕЙИНГИ ИСРОФГАРЧИЛИКЛАРГА БАРҲАМ БЕРАЙЛИК"
Аввало ҳаждан қайтган зиёратчиларни дабдаба билан кутиб олиб, ҳатто ҳафталаб зиёфат бериш , умуман олганда ўзи Ҳаждан қайтгандан кейин қандай амаллар тарғиб қилинади?
— Ҳаж қилиш бу ҳар бир моли нисобга етган мусулмон киши учун фарз амал ҳисобланади. У мансаб ёки элга хизмат эмас, инсон ўзи учун қилган амали. Бу хокисорликнинг чўққиси бўлгандан кейин кибрга сабаб бўлмаслиги керак. Ҳажга боргандан фахрланиш, Ҳожи ака демаса хафа бўлиш, дабдаба билан кутиб олишни талаб қилиш ҳеч тўғри иш эмас.
Лекин Ҳаж исломнинг шиори бўлгани учун уни улуғлайдиган ишлар марғуб. Масалан, Ҳажга бориб келган одамга бошқалар эҳтиром қилиши мумкин, лекин буни Ҳожининг ўзи талаб қилиши мумкин эмас. Бу шахс учун эмас, амал учун эҳтиром бўлади. Кейин, Ҳожига кўрсатилган эҳтиром ҳам унинг ўзига юқори баҳо бериб, амалини ҳабата (бекор бўлиб кетиши маъносида) қилиш эҳтимоли бўлса, унга эҳтиром кўрсатилиши зарар қилиши мумкин.
Учинчидан, Ҳаждан келаётган одам учун кўчанинг бошидан гилам ёзиб, бошқаларнинг ҳақларини поймол қилиб, инсонларга қилинмайдиган улуғлашларга айланмаслиги керак. Ёки исрофга сабаб бўлмаслиги керак. Ҳатто Абу Бакр розияллоҳу анҳу айтганларки: “Мен ўлсам, менга янги мато истаб юрманглар, эски кийимимни кафанланглар, янги матога тириклар ҳақли”, деганлар.
— Ҳажга борган одамни зиёрат қилиш тартиби қандай бўлади?
— Унга Ислом шиорини адо қилгани учун табрик, у олган руҳий қувватдан қувват олиш ният қилинади. Руҳий қувватнинг инсондан инсонга таъсири бор. У одамдан дуо олиш, покланган одам дуолари ижобатга яқин бўлади. Ҳарамда юрган одам нурланиб кетади, ўша зиёдан баҳра олиш ният қилинади.
Зиёрат ўзи асли ибодат. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Қиёмат куни шундай нурдан бўлган тахтларда, нурдан бўлган кийимларни кийиб, нур таралиб турган кишилар бўлади”. Булар кимлар, пайғамбарларми ё шаҳидларми, дейишади. Шунда: “Булар бир-бирини Аллоҳ учун зиёрат қилган одамлардир”, дейилади.
Ҳаж ёки умра сафаридан қайтган инсонлар турли соҳаларда, хусусан, савобли ва хайрли ишларда ибрат, тежамкорликда бошқаларга намуна бўлиш ўрнига кутиб олишдан бошланган харажатлар ва исрофгарчиликлар билан ҳаммани ҳайратга соляпти. Қимматбаҳо автоуловларда кутиб олиш, маҳалланинг бошидан узундан узун пояндозлар тўшаш, катта пул сарф қилиб маросимларни тўйларга, баъзан эса Аллоҳ бизни кечирсин, шоуларга айлантириб юбориш ҳолатлари кўпаймоқда. Умра зиёратидан келганлар то бир километр узоқликдан оёқлари остига гиламлар солганининг гувоҳи бўляпмиз.
Булардан энг ачинарлиси шуки, кимдир Аллоҳ насиб қилиб онасини ҳажга ёки умрага юборибди. У ҳаммага хўжакўрсин қилиб, риё қилиб онасини кутиб олаётган бир пайтда ундан бир неча эшик узоқда кимдир бемор онасига дори топаман деб, мардикорлик қилиб йиғлаётганини, шифохонада онасини маҳкам бағрига босиб йиғлаётган бир фақир инсонни кўз олдимизга келтирайлик.
Унинг ўрнига умрадан келаётган инсон – борганимдан кейин мен Аллоҳни байтини кўрганимнинг шукронасига, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга салом ва саловатлар айтишимга Аллоҳ таоло мушарраф қилгани эвазига маҳалламдаги камбағал ва етим-есирларнинг бошини силайман, дея ўзига-ўзи қасд қилиши керак эмасми?
Бу риёкорлик, бу қилинаётган дабдаба-ю асасаларнинг ҳаммаси динимизда тақиқланган. Айни пайтда Муқаддас Каъба ёнида туриб фотосурат ва видеоларини ижтимоий тармоқларга жойлаб, лайк ва падписатка йиғиш муқаддас динимиз қайтарган амаллардир. Яна ачинарлиси, қайтиб келганидан кейин бу шоуларга, дабдабаларга уланиб кетадиган ҳожи ўтиришлар каби ўтиришлар ташкил қилиняпти. Биргина ҳожи ўтиришни ташкил қилиш учун бир камбағал одам фарзандини тўйига сарфлайдиган сарф-харажатни ишлатишяпти.
Бундан ташқари, қилган амалингизни бошқалар кўрсин деб қилинадиган амал бу – риё. Яъни бизнинг тилимизда хўжакўрсинлик, бошқалар эшитиб қўйсин дейиш бу сумъа.
Ҳар иккиси ҳам катта гуноҳ бўлиб қилинган ўша амалнинг савобини ювиб ташлайди. Қиёмат қойим бўлганда риё учун қилинган амалга ҳеч қандай савоб берилмас экан. Маҳмуд ибн Лабид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан қўрқадиган нарсаларимнинг энг қўрқинчлиси кичкина ширк», дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, кичик ширк нима?» дейишди. У зот: “(Кичик ширк) Риёдир, инсонлар амалларига яраша жазо ёки мукофот оладиган кунда Аллоҳ таоло риёкорларга: «Дунёда кимлар учун риё қилган бўлсангиз, ўшаларга боринглар. Қаранглар-чи, уларнинг ҳузурида бирон мукофот топармикансизлар?!» дейди», дедилар». (Имом Аҳмад ривоят қилган).
Мана бу гапни Расулимиз алайҳиссалом айтдилар. Демак азизлар бугун онамизга ёки отамизга хизмат қиляпман, деб уни риё қилсак, хўжакўрсинга қилаётган бўлсак қиёматда бу амалимизга асло савоб бўлмайди. Шунинг учун ҳам сиз азизлардан бундай ҳолатлардан сақланишга ва албатта қилаётган амалимизни Аллоҳ учун қилишга ҳаракат қилмоғимиз керак. Бу тадбирларда яна иккинчи катта гуноҳлардан бири бу исроф қилишдир. Чунки бунда исроф бор, Аллоҳ Қуръони каримда айтадики:
«Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят).
Ҳатто умрага боргандан кейин қайтиб келаётганда ҳам ҳали унга совға беришим керак деб ҳали бунга ҳадя беришим керак деб, бор-йўғи 10-12 кунга зиёратга борган зиёратчи ярим кунини бозорда ўтказяпти. Аллоҳнинг байтида ибодат қилишдан кўра бу ёқдаги одамларни кўнглини олишга вақт сарфлаши энг ачинарлисидир. Мадинаи мунавварада Пайғамбаримиз алайҳиссаломга салавот-салом айтиш бахти ва Каъбатуллоҳда Ҳажарул-асвадни рўпарасида ёки мақоми Иброҳимда намоз ўқиш бахтидан ҳам кўра бошқаларнинг кўнглини олишга вақт ажратиляпти. Бу нарса ачинарли эмасми? Бу исроф эмасми?
Умрага бораётган азизларимиз хонадонларига олиб келадиган биргина совғани тавсия қилган бўлар эдик. Биласизми нима олиб келиш керак. Энг катта совға сиз Каъбани олдида туриб ўша севган барча мўмин биродарингиз ҳаққига қилинган дуодир.
Абдухолиқов Ғайрат – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-босқич талабаси
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar