12.09.2024

Янги ўқув йилининг бошланиши ҳамда Имом Термизий номидаги ислом институтининг очилиш тадбири

Муҳтарам юртбошимизнинг 2019-йил 17-18-октябр кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифлари давомида берган топшириқлари ижроси юзасидан Термиз шаҳрида 2020-2021-ўқув йилида ўрта махсус ислом таълим муассасаси ташкил этилган бўлиб, 2023-2024 ўқув йилида илк битирувчилар мазкур таълим муассасасини тамомладилар.

Ўрта махсус ислом таълим муассасасининг узвий давоми сифатида Имом Термизий номидаги ислом институти очилганлиги ҳам бутун Ўзбекистон халқига, хоссатан, Сурхондарё аҳлига улкан туҳфа бўлди. 

 

Бугун Имом Термизий номидаги ислом институтининг очилиш маросими, ҳамда, олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида, янги ўқув йилининг бошланганлиги муносабати билан тадбир ташкил этилди.

Тадбир дастлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси янграгач, Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасасининг 4-курс талабаси Абдулҳакимов Исломиддин Қуръон тиловат қилиб берди, дуойи фотиҳа қилинди. 

Шундан сўнг тадбир иштирокчиларига таълим муассаса томонидан тайёрланган Абу Исо Муҳаммад ат-Термизийнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида тайёрланган видео ролик қўйилди.

 

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин домла Шерхонов, Сурхондарё вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари котибияти мудири Рустам Чориев, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сурхондарё вилояти вакили  Алиакбар домла Сайфитдинов, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Музаффар домла Жониев, Имом Термизий номидаги ислом институти ректори Камол Ташкулович ва бошқа соҳа вакиллари, фахрий устозлар ҳамда таълим муассасанинг ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.

Тадбирни Имом Термизий номидаги ислом институти ректори Камол домла Ташкулович очиб берди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида Имом Термизий номидаги институтнинг очилиши “Мустақиллигимизнинг 33 йиллигига” ажойиб туҳфалардан бири бўлганлигини таъкидлаб ўтди. 

Таълим муассасаси матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar