ЯНГИ ОЛИЙГОҲ ИШ БОШЛАДИ
Ўзбекистон мустақил, демократик давлат сифатида ўз дунёвий ва диний қарашларига эга. Бу юртда яшаётган ҳар бир фуқаро амалдаги қонунларга кўра, ўзи истаган динга эътиқод қилишга ҳақли. Аммо мустақилликкача бўлган даврда диний эътиқодимиз таҳқирланиб, урф-одатларимиз оёқости қилинди. Тарихдан маълумки, собиқ иттифоқ даврида юртимизда масжид ва мадрасалар деярли йўқ эди.
Даҳриёна сиёсат юритилиши натижасида аҳоли диндан узоқлашиб, ўз яратувчисини эсдан чиқарди. Диний адабиётларнинг ёқилиши, тақиқлар натижасида асли тийнати мусулмон бўлган халқ деярли диний жиҳатдан саводсиз бўлиб қолди. Масжидлар, диний билим юртлари ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади.
Кекса кишиларнинг айтишига қараганда, собиқ иттифоқ даврида вилоят бўйича жами 2 та Термиз шаҳри ва Денов тумани марказида масжид бўлган экан. Яратганга шукрлар бўлсинки, бугунги кунда барча фуқаролар эмин-эркин илм ўрганишлари, ибодат қилишлари учун масжид ва мадрасалар, олий таълим даргоҳлари фаолият кўрсатмоқда.
Президентимизнинг 2019-йил 17-18-октябр кунлари вилоятимизга ташрифлари давомида берган топшириқлари бўйича Термиз шаҳрида 2020/2021-ўқув йилида Имом Термизий номли ўрта махсус ислом таълим муассасаси очилган эди. Ушбу таълим муассасасининг устоз ва талабалари ўтган шу қисқа даврда ўзларига билдирилган ишончни тўлақонли оқлашди.
Жорий йилда таълим муассасасини муваффақиятли битирган илк қалдирғочлар олий таълим даргоҳларида таҳсилни давом эттиришмоқда.
Жорий янги ўқув йили Сурхондарё халқи учун ростмана байрамона туҳфа бўлди, десак хато бўлмайди. 2024/2025-ўқув йилидан бошлаб, Имом Термизий номидаги Ислом институтининг очилганлиги воҳа аҳли учун қувончли ҳамда тарихий воқеа бўлди.
Институтнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири С.Шерхонов, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Сурхондарё вилоят вакили А.Сайфитдинов, Сурхондарё вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари котибияти мудири Рустам Чориев, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори М.Жониев, Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси директори ҳамда Имом Термизий номидаги Ислом институти ректори К.Исломовлар сўзга чиқиб, ушбу таълим даргоҳининг аҳамияти ва келгуси режалар ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar