23.09.2024

Интернет тармоқларидан фойдаланиш маданияти

Бугун Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасасида “Интернет тармоқларидан фойдаланиш маданияти” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда таълим муассасаси директори К.Исламов, таълим муассасаси ўқув-ишлари бўйича дирекор ўринбосари Х.Мардонов, ёшлар билан ишлаш, маънавий-маърифий бўлим бошлиғи Н.Тўхтаев ҳамда таълим муассасанинг педагог-ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.

Тадбир давомида таълим муассаса директори К.Исламов таълим муассаса талабаларининг дарс машғулотлари давомида уяли алоқа воситаларидан фойдаланмасликни, шубҳали аудио материаллар, электрон китоблар ҳамда текширилмаган фото ва видеоматериалларни интернетдан юклаб олишга эҳтиёт бўлиш кераклигини таъкидлаб ўтди. 

Бугунги кунда дунё турли соҳаларда ўзгариб, шиддат билан ривожланиб бормоқда. Илм олиш, касб-кор билан шуғулланиш инсонларнинг ўзаро мулоқот ва фикр алмашинувида ҳам янгидан-янги ўзгаришлар бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Интерент, уяли телефон, ижтимоий тармоқ орқали мулоқот ва ахборот алмашинувга хизмат қилувчи файсбук, твиттер, вайбер, телеграм каби дастурлар шулар жумласидандир. Илм-фаннинг ютуғи бўлмиш бу янгиликлар инсонларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилаётгани шубҳасиз. Шу билан бирга, бу кашфиётлар олис масофадан туриб илм олиш, дунё янгиликларидан бир зумда воқиф бўлиш ва маълумотларни осон тарқатиш имконини ҳам беради.

Бироқ, кейинги йилларда мазкур тармоқларнинг ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётган жиҳатлари ҳам кўзга ташланаётгани кўпчиликни ташвишга солиши табиий. Чунки, келжагимиз пойдевори бўлган ёшларнинг соатлаб бу тармоқларда мақсадсиз ўтириши илм олиш, касб-ҳунар эгаллаш ва бошқа хайрли ишларга сарфланиши керак бўлган гулдек умрининг беҳуда ва бесамар кетишига сабаб бўлади.

Қолаверса, бугунги кунда ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган маълумотларнинг катта қисмини ёшлар маънавиятининг тубанлашувига туртки бўлувчи, миллий ва диний қадриятларимизга зид бўлган хабарлар, урф-одатлар ташкил этади. Бу эса, Интернет, ижтимоий тармоқлар ва бошқа замонавий телекоммуникация ютуқларидан фойдаланиш тизимини тартибга солиш, уларнинг имкониятларидан оқилона истифода этиш, муайян одоб-ахлоқ қоидаларга амал қилиш заруратини келтириб чиқармоқда.

 

Таълим муассасаси матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar