«СУНАН ТЕРМИЗИЙ»НИНГ ШАРҲЛАРИ (ЎРТА АСРЛАР МИСОЛИДА)
Имом Термизийнинг «Сунан Термизий» асарига Аллоҳ таоло мақбуллик бағишлаган бўлиб, у кейинги давр олимлари, аҳли илмлари томонидан қайта-қайта ўрганилган, тадқиқ ва таҳлил қилинган. Ҳозиргача бу муқаддас анъана давом этиб келаётгани қувонарлидир. Асрлар давомида «Сунан Термизий» қўлёзмалари дунёнинг турли томонларига тарқаб кетган. Машҳур ва моҳир хаттотлар уни қайта-қайта китобат қилганлар. Жумладан, Қуддусда яшаган Абу Наср ал-Мўътаман ас-Сожий (445 - 507/1053 - 1113) муҳаддис бобомизнинг мазкур тўпламини олти марта тўлиқ кўчириб чиққанлиги нақл қилинган.
Имом Термизийнинг «Сунан Термизий» асари матни илк бор Мисрнинг Булоқ шаҳрида 1292/1875 йили нашр қилинган бўлиб, унинг ҳошиясида «ал-Азҳар»нинг уламоларидан Аҳмад ар-Рифоъий ал-Моликийнинг изоҳлари ўрин олган эди. Шундан сўнг Деҳлида бир неча бор нашр қилинган.
«Сунан Термизий»га қанчадан-қанча тажридлар, мустахражлар, ҳошиялар, мухтасарлар тузилган. Жумладан, Ибн ал-Кайсароний (448 - 507/1057 - 1114) «Сунан Термизий»нинг «атроф»ларига бағишланган 10 жилдлик манба яратган. «Атроф» ҳадис китобларининг бир тури бўлиб, бугунги кундаги кўрсаткичлар туркумига киритиш мумкин.
«Сунан Термизий»га битилган шарҳларнинг саноғини аниқлаш имконсиз. Мазкур шарҳлар ўрганилар экан, уларни нашр этилган, қўлёзма шаклида мавжуд, лекин чоп этилмаган ҳамда бугунги кунгача сақланиб қолмаган каби учта туркумга тасниф қилиб ўрганиш мумкин. Олимларнинг асарларни шарҳлашда қўллаган услуб ва шартлари уларнинг оммалашуви ва эътироф этилишида муҳим омил ҳисобланади. «Сунан Термизий»га нафақат аҳли суннат ва жамоат олимлари, балки ундан ташқари бўлган тоифа вакиллари томонидан ҳам шарҳ ва таълиқлар битилганини айтиб ўтиш ўринли. Лекин асарга битилган шарҳ ва таълиқларнинг кўпчилиги аҳли суннат ва жамоатнинг энг катта ва салмоқли мазҳаби – ҳанафийлик олимлари ҳиссасига тўғри келади. Шарҳларнинг аксарияти борасида бу ерда маълумот беришни лозим топдик:
1) «Шарҳ Жомеъ Термизий». Унинг муаллифи «ал-Ҳоким ал-Кабир» лақаби билан танилган Абу Аҳмад Муҳаммад ибн Муҳаммад ан-Найсобурий ал-Каробисий (285 - 378/898 - 988) дир. Ушбу шарҳ бизнинг кунимизгача етиб келмаган бўлиб, «Сунан Термизий»га битилган илк шарҳлардан бири ҳисобланади. Ал-Ҳоким ал-Кабир ан-Найсобурий раҳимаҳуллоҳ бир муддат қадим Шош - Тошкентда козикалон бўлиб фаолият олиб борган.
2) «Оризату-л-аҳвазий би-шарҳ «Саҳиҳ Термизий». Бу шарҳнинг муаллифи моликий мазҳабининг таниқли фақиҳи ва муҳаддиси Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн ал-Арабий ал-Муъофирий ал-Ишбилий (468 – 546/1076 – 1151) бўлиб, у зот «Ибн ал-Арабий ал-Моликий» номи билан танилганлар. Шарҳ анча батафсил бўлиб, асосан, унда муаллиф Абу Исо Термизийнинг фиқҳга оид фикрларини шарҳлашга ва уларни тўлдиришга эътибор берганлар. Шунингдек, шарҳда ҳар бир ҳадис тўрт жиҳатдан таҳлил қилинган:
– Ҳадис исноди таҳлил қилинган;
– Ҳадис матни наҳвий жиҳатдан кўриб чиқилган;
– Ҳадисдан олинадиган фиқҳий ҳукмлар таҳқиқ этилган;
– Ақидавий жиҳатига эътибор қаратилган. Шунинг учун кейинги даврнинг барча муҳаддис шориҳлари ушбу асарга мурожаат этганлар.
Шунингдек, «Оризату-л-аҳвазий»да «ал-Илалу-с-сағир» асари ҳам шарҳланган.
Китоб 1299/1882 йили ва 1350 – 1352/1931 – 1933 йилларда Конипур ва Қоҳира шаҳарларида 13 жилдда ҳамда 1997 йили Байрут шаҳрида жойлашган машҳур «Дору-л-кутуб ал-илмия» нашриётида 14 жилдда чоп қилинган.
3) «Ан-Нафҳу-ш-шазий фий шарҳ «Жомеъ Термизий». Бу шарҳнинг муаллифи Ҳофиз Абу-л-Фатҳ Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Яъмурий (671 - 734/1273 — 1334) бўлиб, у зот «Ибн Саййид ан-Носс ал-Андалусий» номи билан машҳур. Бу шарҳ кенг тарқалган бўлса-да, муаллиф уни охирига етказа олмаган.[1] Яъни Ибн Саййид ан-Носс «Жомеъ Термизий»ни бошидан 316 та ҳадисни шарҳлашга улгурган. Тадқиқотчилар мазкур шарҳ агар охирига етказилганида, «Жомеъ ас-Сунан»нинг энг мукаммал ва энг муфассал шарҳларидан бири бўлар эди деганлар. Гарчанд у ўн жилддан иборат шарҳ битган бўлса-да, унинг охирига етказиш учун фурсат топмаган. Шарҳнинг бунчалик чўзилиб кетишлигининг боиси шундаки, муаллиф ўз асари доирасини фақат ҳадис фанига алоқадор масалалар билан чекланиб қолмай, балки унга бошқа фанларга доир маълумотларни ҳам киритган.
Аллома Чалабий шундай деган: «Агар муаллиф ўз шарҳида фақат ҳадис фани билан чегараланганда эди уни тамомига етказар эди, лекин у (муаллиф) Аллоҳга ҳамд айтамизки, ҳимматли иш қилган. Сўнгра ундан қолганларини охирига етказган ал-Ҳофиз Зайнуддин Абдураҳим ибн Ҳусайн ал-Ироқий бўлиб, «ал-Алфия»[2] нинг муаллифи (ваф. 1403)дир. Бу китобнинг тўлиқ бир нусхаси Мадинаи Мунавварадаги кутубхонада сақланади.
4) «Такмила «ан-Нафҳу-ш-шазий». Ушбу шарҳ юқорида айтилган Ибн Саййид ан-Носснинг «ан-Нафҳу-ш-шазий» номли шарҳининг тўлдирувчиси ҳисобланади. Асар Зайнуддин Абдурраҳмон ибн Ҳусайн ал-Ироқий ал-Курдий (725 – 806/1325 - 1404) қаламига мансуб. Зайниддин ал-Ироқий мазкур шарҳни ҳақиқий шориҳнинг услубида давом эттириб охирига етказишга ҳаракат қилиб кўрган. Лекин у зот ҳам уддасидан чиқа олмаган, вафоти туфайли бу шарҳ ҳам охирига етмаган.
5) «Шарҳ завоид Термизийъала-с-Саҳиҳайн». Ушбу шарҳ муаллифи Сирожуддин Абу Ҳафс Умар ибн Али ибн Аҳмад ал-Ансорий ал-Андалусий (723 – 804/1323 – 1402) «Ибн ал-Мулаққин» куняси билан танилган. Китобда Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг саҳиҳ ҳадислар тўпламларида келтирилмаган ҳадислар шарҳ қилинган. Шунингдек, «Сунани Абу Довуд»да келмаган ҳадислар шарҳига катта эътибор қаратилган.
6) «Шарҳ ал-Ҳофиз Ибн Ҳажар». Бу шарҳ таниқли муҳаддис, ўзининг «Саҳиҳи Бухорий»га битган «Фатҳ ал-Борий» номли мукаммал ва муфассал шарҳи билан шуҳрат қозонган олим Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (ваф. 1148)нинг қаламига мансуб. У зот «Фатҳ ал-Борий» асарида мазкур шарҳини эслатиб ўтган.[3] Лекин ҳозиргача машҳур шарҳнинг қўлёзмаси топилиб, нашр қилинган эмас. У алломанинг «ал-Лубоб фий шарҳ қавл Термизий «ва фи-л-боб» номли асари ҳам бўлиши мумкин. Маълумки, Имом Термизий томонидан ҳар бир мавзуда кимлар ҳадис ривоят қилганига ишора қилиб кетилган. «Ал-Лубоб» ушбу ишора қилинган ҳадислар тахрижи ва шарҳига бағишланган.
7) «Шарҳ ал-Булқиний». Абу Ҳафс Сирожуддин Умар ибн Руслон ибн Насир ал-Мисрий ал-Киноний ал-Асқалоний ал-Булқиний (724 - 805/1324 – 1403) асари бўлиб, у зот Мисрда қози ва муфтий бўлганлар. Шарҳ «ал-Арф аш-шазий ъала «Жомеъ Термизий» деб аталган. Бироқ у охирига етказилмай қолган. Муаллиф шофеъий мазҳаби уламоларидан бўлиб, Ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг устози ҳисобланади.
8) «Шарҳ ибн Ражаб». Бу асар ҳанбалий мазҳаби олими Зайнуддин Абдурраҳмон ибн Аҳмад ибн Ражаб ал-Ҳанбалий (736 - 795/1336 - 1393)никидир. «Табақоти ҳанобила» ҳамда «ал-Қавоид ал-фиқҳия» асарлари билан ҳам шуҳрат қозонган. «Кашф аз-зунун» асарида айтилишича, ушбу шарҳ йигирма жилд бўлган ва фитна пайтида ёниб кетган.[4] Мазкур шарҳнинг бир қисми ва «Сунан Термизий»нинг иловаси бўлмиш «ал-Илал ас-сағир»га битилган шарҳ сақланиб қолган.
9) «Қут ал-Муғтазий». Жалолиддин ас-Суютий (ваф. 1505) нинг ушбу асари «Сунан Термизий»га ёзилган шарҳларнинг энг ихчамларидан ҳисобланади. Унинг Ҳиндистон ва араб диёрларида бир қанча нашрлари мавжуд. Бу ҳақда Ҳожи Халифанинг «Кашф аз-зунун» асарида ҳикоя қилинади. Жалолуддин ас-Суютий ушбу шарҳида Термизийнинг «Сунан» асарини юқори баҳолаб уни қуйидагича таърифлайди: «Имом Термизийнинг «Сунан» асари бобларга бўлинган. Бу ҳам бир илм. Асардаги фиқҳ — ҳуқуқшунослик масалалари ҳам бир илм. Саҳиҳ билан сақим (касал, саҳиҳмас)ни ажратувчи илал (иллатлар, сабаблар)ни айтиши ҳам бир илм. Уларнинг ўртасидаги ҳадис турларини зикр этиш ҳам бир илм. Ровийларнинг номлари ва лақаблари ҳам алоҳида бир илм. Жарҳ ва таъдийл, Расулуллоҳни топган ва топмаган ровийларни белгилаш иснодли ривоят. Унда келтирганларнинг ҳаммаси ижмолий илм турларидир. Аммо тафсилийси жуда ҳам кўп. Хуллас, бу асарнинг қимматли жиҳатлари мажмуалар тўпламидир».[5]
10) Мағриб уламоларидан Али ибн Сулаймон ад-Димноний ал-Бажмаъвий ал-Мағрибий ал-Моликий аш-Шозилий (1234 - 1306/1819 - 1888) «Кут ал-муғтазий»га ҳошия ёзиб, кенг изоҳлаб чиққан. Уни «Нафъ Қут ал-муғтазий» деб номлаган. Муаллиф аллома Жалолуддин ас-Суютийнинг олдин зикри ўтган шарҳини мухтасар ҳолга келтириб, китоб аслининг фойдали томонларига бир қадар халал етказганки, китобнинг номи «Нафъ Қут ал-Муғтазий» ибораси маъносини йўқотган. Бу асар Қоҳира ва Деҳлида чоп этилган.
11) «Шарҳ Жомеъ Термизий». Бу шарҳнинг муаллифи «Муҳйий ас-сунна» ва «ал-Фарро» лақаблари билан танилган Абу Муҳаммад ал-Ҳусайн ибн Масъуд ал-Бағавий (436 – 510/1044 - 1117) саналади. У зот «Мишкот ал-мaсoбеҳ»нинг асли бўлмиш «Масобеҳ ас-сунна» асари билан шуҳрат қозонган. Шунингдек, тафсирга оид «Маолим ат-танзил» номли тафсири машҳур. Олимнинг «Сунан Термизий»га битган шарҳи айтилган бўлса-да, ҳалигача топилиб нашр қилинмаган.
12) «Шарҳ Муҳаммад ибн Тоҳир ал-Фаттаний». Маждуддин Муҳаммад ибн Тоҳир ибн Али ал-Ҳанафий ал-Фаттаний ал-Гужаротий (913 – 986/1508 – 1579)нинг шарҳи. У зот ҳиндистонлик таниқли муҳаддислардан биридир. У зот ўзининг мавзуъ ҳадисларга бағишланган «Тазкират ал-Мавзуъот» асари билан шуҳрат қозонган. У зот «Сиҳоҳи ситта»нинг ғариб, нодир ва ноёб сўзлари шарҳига бағишланган «Мажмаъ биҳор ал-анвор фий ғаройиб ат-танзил ва латоиф ал-ахбор» номли китобида Имом Термизий раҳимаҳуллоҳнинг «Сунан Термизий» асарига алоҳида шарҳ битганини қайд қилиб қолдирган. Бироқ бу шарҳ ҳозиргача топилган эмас.
13) «Шарҳ ас-Синдий». Абу Таййиб Раҳматуллоҳ ас-Синдий (ваф. 993/1585) томонидан битилган шарх, у зот «Лубоб ал-маносик» асари билан шуҳрат қозонган. «Сунан Термизий»га битган шарҳи Мисрда нашр қилинган.
14. «Шарҳ ал-Жомиъ лит-Термизий» аш-Шайх Абул-Ҳасан ибн Абдулҳодий ас-Санадий ал-Мадиний (ваф. 1728) битган бу шарҳ жуда гўзал бўлиб, муаллиф уни ал-Ҳарам аш-Шарифда (Маккада) таълиф этган. Асар қирқ қисм (жузъ)дан иборат.
15. «Шарҳ ал-Жомиъ лит-Термизий»нинг муаллифи аллома Абу ат-Таййиб (Муҳаммад ибн ат-Таййиб) ас-Санадий ал-Мадиний (ваф. 1698), бу шарҳ араб тилида «би қавлиҳи» «вақавлуҳу» дейилиб, унинг бир қисми чоп ҳам этилган.
16) «Шарҳ Сирож Аҳмад». Мазкур шарҳ 1230 ҳижрий, 1815 милодий йилда вафот этган Шайх Сирож Аҳмад ас-Сарҳиндий ал-Ҳанафий қаламига мансуб бўлиб, Конипурда 1295/1878 йили нашр этилган. У форс тилида битилган шарҳ ҳисобланади.
17) «Жоизат аш-Шаъузий» номли шарҳ аллома Бадийъ уз-Замон (ваф. 1892) қаламига мансуб. Бу асар «Жомиъ Термизий»нинг урду тилига ағдарилган тафсирли таржимасидир.
Дунёнинг кўплаб олимлари «Сунан Термизий»дан олиб мустақил равишда қисқартма ва сайланмалар битганлар. Жумладан, улардан учтаси ҳақида манбаларда маълумот келтирилган:
1) «Мухтасар Жомеъ Термизий». Ушбу мухтасар муаллифи Нажмуддин Сулаймон ибн Абдулқавий ибн Абдулкарим ал-Бағдодий ал-Ҳанбалий бўлиб, 657 - 716 ҳижрий, 1259 - 1316 милодий йилларда яшаган. У зот «Ибн ас-Сарсарий» куняси билан танилган.
2) «Мухтасар Жомеъ Термизий». Ушбу мухтасар муаллифи 729 ҳижрий, 1329 милодий йилда вафот этган Нажмиддин Муҳаммад ибн Ақил ал-Болисий аш-Шофеъийдир.
3) «Ал-Мунтақот». Унда «Сунан Термизий»дан юзта узун ҳадис танлаб олинган. Мазкур асар муаллифи «Салоҳиддин ал-Алоий» номи билан шуҳрат қозонган, 694 – 761 ҳижрий, 1295 – 1359 милодий йилларда яшаган Абу Саъид Халил ибн Кекалди ад-Димишқий ҳисобланади.
МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР:
- Ҳожи Халифа. Кашф аз-зунун. 1-жилд. – Байрут: Дор эҳё ат-турос ал-арабий, 2004. – Б.320.
- Ҳожи Халифа. Кашф аз-зунун ан асмомил кутуб вал-фунун. – Истанбул: Дорус-салом.1941- 43. Ж. 1, 2. –Б.122.
- Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий, 1-жилд. – Риёз: Дору Таййиба, 2005. – Б.563.
Ҳошимжон Низомиддинов – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
[1] "Ҳожи Халифа. Кашф аз-зунун. 1-жилд. – Байрут: Дор эҳё ат-турос ал-арабий, 2004. – Б.320.
[2] Ҳожи Халифа. Кашф аз-зунун ан асмомил кутуб вал-фунун. – Истанбул: Дорус-салом.1941- 43. Ж. 1, 2. –Б.122.
[3] Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий, 1-жилд. – Риёз: Дору Таййиба, 2005. – Б.563.
[4] "Ҳожи Халифа. Кашф аз-зунун. 1-жилд. – Байрут: Дор эҳё ат-турос ал-арабий, 2004. – Б. 559.
[5]"Ҳожи Халифа. Кашф аз-зунун. 1-жилд. – Байрут: Дор эҳё ат-турос ал-арабий, 2004. – Б. 375
Izohlar