Хусусий тартибда диний таълим беришнинг ҳуқуқий оқибатлари: назарий асослари ва амалий жиҳатлари
Бугун Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасасида “Хусусий тартибда диний таълим беришнинг ҳуқуқий оқибатлари: назарий асослари ва амалий жиҳатлари” мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди.
Тадбирда таълим муассасаси директори К.Исламов, Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси тезкор қидирув хизмати терроризмга қарши курашиш бошқармаси катта мутахассиси А.Чориев, ёшлар билан ишлаш, маънавий-маърифий бўлим бошлиғи Н.Тўхтаев ҳамда таълим муассасанинг педагог-ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.
Тадбирда соҳа мутахассислари томонидан “Диний таълим беришнинг ҳуқуқий асослари, хусусий диний таълимнинг қонунчиликка мувофиқлиги, ноқонуний диний таълимнинг эса қонунчиликда жавобгарлиги” - борасида сўз юритилди.
Ҳозирги кунда республикамиз ҳудудларида аҳолининг ислом динини ўрганишга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида расмий ташкилотлар томонидан етарлича шарт-шароитлар яратилиб, мадраса ва олий диний таълим муассасаларида ислом илмлари ўргатилиб келинмоқда.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунининг 3-моддасига биноан, диний ташкилот сифатида рўйхатдан ўтмасдан фаолият кўрсатиш, диний ташкилот томонидан фаолиятни ўзи турган жойдан, шу жумладан ибодат қилинадиган бинолардан ва диний ташкилотга тегишли ҳудудлардан ташқарида амалга ошириш, шунингдек диний таълим муассасаларидан ташқарида хусусий тартибда диний таълим фаолияти билан шуғулланиш тақиқланиши ҳамда 8-моддасида ҳар ким диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим олиш ҳуқуқига эга эканлиги, диний таълим муассасаларида ўқишга фуқаролар қонунчиликка мувофиқ умумий ўрта, ўрта махсус таълим ёки профессионал таълим олганидан кейин қабул қилинишлари белгилаб қўйилган.
Шундай экан амалдаги қонунчиликка риоя қилиш барча фуқаролар учун муқаррарлиги, диний таълим олиш фақатгина расмий диний таълим муассасаларида берилишлиги, фуқароларнинг шахсий диний қарашлари асосида диний таълим олиш мумкин эмаслиги белгиланган. Ушбу тартибга қарши ҳар қандай инсонларнинг ҳатти-ҳаракатлари қонун асосида қатъий таъқиб қилинади.
Турли миллат ва конфессия вакиллари истиқомат қиладиган жамиятимизда қонун билан ўрнатилган ва ижтимоий келишув асосида тартибга солинадиган қонун-қоидаларга риоя қилишимиз керак. Фарзандларимизни расмий диний таълим муассасаларида таълим олишларини, турли экстремистик ва фундаменталистик шахсларни ғоялари таъсиридан сақлашимиз кераклиги таъкидланди.
Тадбир сўнгида соҳа мутахассислари томонидан ижтимоий тармоқлардан оқилона фойдаланиш, ёшлар онгида соғлом фикрлаш, таҳлилий тафаккурини шакллантириш, тўғри баҳолаш, кўр-кўрона эргашмаслик, интернет ва ижтимоий тармоқлардаги ахборотларга танқидий ёндашиш, ғаразли маълумотларни рад этиш, мафкуравий иммунитетни ошириш, умумэътироф этилган қоида ва амалдаги қонунларга риоя қилишга алоҳида эътибор қаратиб ўтилди.
Тадбир сўнгида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar