ЯХШИЛИК ҲАМ ИБОДАТ
Инсон дунёга келиб биринчи англайдиган тушунчаси нима? Албатта, яхшилик! Гўдакнинг онгида энг биринчи бу яхши, бу ёмон, деган тушунча пайдо бўлиб, ана шу филтр орқали дунёни англай бошлайди. Масалан, иссиқ нарсага тегма, қўлинг куяди, дейилса, унинг ёмонлигини, китоб ёки ручкани келтириб берганда уни мақтаб қўйсангиз, қилган иши яхши эканини фаҳмлайди. Хурсанд бўлиб кетса, шу ишни яна қилиб, қайта-қайта олқиш эшитишни истайди. Ҳа, инсон илк қадамларини қўйиши биланоқ, яхши ва ёмонни ажрата бошлайди. Улғайгач, яхшилик ҳам ибодат эканини, Қуръонда инсон яхшиликка буюрилганини, ҳадисларда яхшилик қилувчилар мақталганини билиб, яхшилик сўзига бошқача ёндошади. Яхшилик барча ютуқ ва нажот калити, саодат саройига олиб борувчи энг осон чиқиладиган зинапоядир.
Аллоҳ таоло “Нисо” сурасининг 36-оятида бандаларини эзгу ишларга чорлаб : “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, этимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнигиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтончоқ кишиларни севмайди”, дея марҳамат қилади.
Жобир ибн Абдуллоҳ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир яхшилик садақадир”, деганларини айтиб ўтган.
Хўш, яхшиликни ўлчови, бирор бир белгиланган миқдори борми? Йўқ, Исломда икки кишининг бир-бирига жилмайиб қараши ҳам, биродарининг челагига ўз челагидан сув қуйиб бериши ҳам, аксирганда “Соғ бўлинг!” дейиши ҳам, кўчада кишилар йўлига тушиб ётган тош ёки ўтинни оёғи билан четга суриб қўйиши ҳам уни жаннатга этаклайдиган яхшиликлардан ҳисобланади.
Яхшилик, у қандай бўлмасин-каттами, кичикми, номи яхшилик бўлса, пулидан ёки молидан садақа қилиб, савоб олгандек бўлаверади. Шунинг учун ҳар биримиз катта-кичик, арзийди-арзимайди, демасдан, яхшилик борки, ҳаммасини қилишнинг пайида бўлишимиз керак. Шу билан бирга, ўша қилинган яхшиликнинг ҳар биридан бизга садақанинг савоби этиши, номаи аъмолимизга ёзилиши, охиратда манфаат беришини унутмаслигимиз лозим.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак бир жамиятда яшайдиган кишилар орасида бир-бирига маъруф иш яъни яхшилик қилиш Исломнинг муомала бобидаги бош таълимотларидан ҳисобланади.
Бизга қилинган яхшиликни оз санамай, чин дилдан Аллоҳга шукр этиб, ўша шни қилган инсонни дуо қилсак, самимий миннатдор бўлишни билсак, яхшилик эшигининг кенг очилишига сабабчи бўлиши мумкин.
Мардонов Хайрулло – Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar