ҚОДИСИЙЯ ВОҚЕАСИ (2-қисм)
Қодисийя нафақат ислом оламида балки жаҳон тарихида ҳам муҳим воқеалардан ҳисобланади. Тарих уламоларининг аксарининг сўзларига кўра “Қодисийя жангги” тўрт кунга бўлинади ва бу тўрт кун алоҳида-алоҳида номланади. Бундан ташқари баъзи кечаларда ҳам жанг бўлиб бу кечалар ҳам алоҳида ўз номларига эга. Шу сабабдан ҳам биз мақоламизни кунларни номлари ва унда бўлиб ўтган воқеаларни таҳлили билан бошлаймиз.
Биринчи кун “Армас куни”, Қодисийя текислигига ўтиш учун Форсликлар Атийқ дарёсини кечиб ўтиши керак эди. Кўприк бўлишига қарамай Форслар бу кунда соллардан ҳам фойдаланди. Шунинг учун ҳам бу кун Армас яъни соллар куни деб номланди.
Мусулмонларни қомондон сифатида бу жанга олиб кириши керак бўлган Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу кутилмаганда оғир ҳасталикка чалинди. Танасига тошган яралардан ташқари сиятик (катта сиятик нервнинг йўл-ёриғидан сўнг пастки орқа томонда пайдо бўлган ва оёқлар бўйлаб нурланадиган узоқ давом этадиган оғриқ, ҳолсизлик ёки тинглаш ноқулайлиги) касаллигига чалинган бош қўмондон ҳатто отга ҳам минишга қодир бўлаолмай қолди. Натижада бош қўмондон Қодисийяга яқин жойда бир уйнинг айвон қисмидан кўрсатмалар бериб туришга қарор қилди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг хабарларини Холид ибн Арфата қўшинга етказиб турган.
Бу куннинг жанги бошланишидан аввал Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу қўшиндаги қориларга Анфол сурасини тиловат қилишни буюрди. Анфол сураси тиловат қилингач мусулмонлар сакинат ва ҳотиржамлик сезди. Уруш бошланишидан аввал Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу мусулмон қўшинларига қуйидагича кўрсатмалар берди.
“Сафларингни лозим тутинглар! Қачоники, бу куннинг пешин намозини адо этсам, мен такбир айтаман. Биринчи такбирни айтсам, сизлар ҳам такбир айтинглар ва урушга тайёрланинглар. Иккинчи такбирни айтсам, қуролларингни тайёрланглар. Учинчи такбирни айтсам, инсонларни руҳлантиринглар. Тўртинчи такбирни айтсам, ҳужумга ўтинглар ва душман билан аралашиб кетинглар. Ҳамда لا حول ولا قوة الا بالله العلي العظيم (куч ва қувват Аллоҳдандир) деб айтинглар”
Биринчи куннинг асосий воқеалари Форс қўшинлари таркибидаги 33 та филнинг мусулмон қўшинларини қийнаб қўйганлиги бўлди. Мусулмон аскарларининг отлари филларни кўриб қўрқиб кетди, ҳамда устидаги суворийсини ташлаб ортга қоча бошлади. Отлари қўрқиб қочиб кетганлиги учун, урушнинг аввалида Бажила қабиласи ҳалок бўлишига бир баҳия қолди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Бану Асад қабиласини Бажила қавмига ёрдамга юборди. Буни кўрган Форслар асосий кучни Бану Асад қабиласига ташлади. Шу кунда Бану Асад жамоасини Тулайҳа ибн Хувайлид ал-Асадий раҳбар сифатида жанга олиб кирган эди. Форсларнинг қаттиқ эътиборидан кейин Бану Асад жамоаси катта йўқотишга учради. Бану Асад қабиласини қаттиқ қийинчикка учраганини кўзатиб турган Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Бану Тамим қабиласини Форсларнинг филларига нисбатан бирор чора кўришини буюрди. Бану Тамим жамоаси филларга нисбатан уларнинг тепасидаги сандиқлар (филни бошқарувчи жойлашиб оладиган)ни тутиб турган боғичларни кесиб ташлаш билан жавоб берди. Шу тарзда Бану Асад жамоасидан оғирлик бироз енгиллатилди. Шунга қарамасдан Бану Асад жамоаси шу кунда 500 нафар жангчисидан айрилди.
Кечга бориб икки қўшин бир-биридан ажралди. Бу куннинг кечасида жанг бўлмади. Шунинг учун ҳам бу кеча “жимжитлик кечаси” деб номланди.
Ҳамидов Абдулбосит – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
"Имом Термизий" ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar