25.01.2025

ИБН АСОКИР (499-571)

Абул Қосим Али ибн Ҳасан ибн Ҳибатуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Ҳусайн Димашқий Шофеий роҳимаҳуллоҳ Ибн Асокир номи билан машхур бўлган. Асокир номи у зотнинг боболарида бўлаган. Ҳижрий 499-йил Муҳаррамнинг аввалида Дамашқда таваллуд топган, 72 ёшида 571-йил 11-ражаб ойида вафот этган. Ўша давр ҳукмдори Салоҳиддин Айюби (Юсуф ибн Айюб) роҳимаҳуллоҳ жаноза намозини катта майдонда ўқиган. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг қабрининг шарқида жойлашган мақбарага дафн этилган. 

Ибн Асокир роҳимаҳуллоҳ жуда кўплаб шайхлардан илм ўрганган. Тарихчи олимлар 1300 та шайхдан ва саксондан ортиқ аёл олималардан эшитган. Ким у зотнинг китобларини ўқиса рижол (ҳадис ровийлари) борасидаги илми, қадри улуғлиги ва ҳадис олган манбалари кўплигини билади. Абу Муҳаммад Акфоний, Али ибн Ҳасан Суламий, Абул Ҳасан ибнул Мувазиний, Абу Тоҳир Муҳаммад ибнул Ҳусайн ибн Муҳаммад Димашқий, Абул Ваҳш Сабиъ ибн Муслим Димашқий ва бошқа кўплаб муҳаддислардан Дамашқда ҳадис эшитган. Бобоси Абул Фазлнинг суҳбатларидан наҳв ва арабийяни ўрганган. Биринчи ҳадис эшитишни 505-йил олти Ёшида бошлаган. 

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ: Шомнинг ҳофизи, балки дунё ҳофизи, тенгсиз Имом, сиқа, собит”, дейди.

Ибн Асокир Димашқидан турли фанлардан юзга яқин китоблар етиб келган. Арбаин жанрида “Арбаину булдания”, “Арбауна ҳадисан мусавату Имам Абу Абдуллоҳ Фарови” “Арбауна тивал”, “Арбауна фи ибдалил аваил”, “Арбауна фил ижтиҳад”, “Арбауна фил жиҳад” номли асарлар ёзган. “Арбаину булдания” китобини ёзиш тарихи ҳақида мусанниф роҳимаҳуллоҳ китобининг муқаддимасида қуйидагиларни айтади: “Абу Тоҳир Муҳаммад ибн Аҳмад Силафи роҳимаҳуллоҳ “Арбаина ҳадис ан арбаина шайхан фи арбаина мадина” номли арбаин ёзгач менинг баъзи яқинларим у зотнинг йўлига эргашиб бир арбаин ёзишимни сўрадилар. Мен уларнинг бу таклифига ижобат қилиб бу шайхнинг ажойиб услубига мувофиқ юрдим ва унга “ан арбаина мин ас-соҳабати” ни ҳам зиёда қилдим. Саҳиҳидан маълулини, мақбулидан мардудини баён қилдим. Ровийларини таништирдим, мубҳам бўлса исми ва насабларини ҳам зикр қилдим, шоядки уни (ровийнинг исми ва насабини билишни) хоҳлаган кишига мувофиқ, фойдаси мукаммал бўлса”.

Ибн Асокир роҳимаҳуллоҳ бу асарида қирқ ҳадисни қирқ шаҳардан қирқ шайхдан ва қирқ саҳоба розияллоҳу анҳулардан муттасил санад билан ривоят қилган. Бошқа асарлардан фарқли ўлароқ бобларни шаҳарларнинг номи билан номлаган. Масалан, биринчи шаҳар Макка, ҳадисни Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммаддан Зулҳижжа ойида Каъбанинг олдида Иброҳим алайҳиссалом эшиги ёнида эшитган. Биринчи бобда Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган"انما الاعمال بالنية"  “Амаллар ниятларга боғлиқдир” ҳадисини келтирган. Иккинчи шаҳар Мадинатур Росул (соллоллоҳу алайҳи ва саллам) деб номлаган. Бу бобдаги ҳадисни Мадинада Масжидун Набавийда Абдулхоллақ ибн Абдулвосиъ роҳимаҳуллоҳга ўқиб берган.

 

 

Хусанбоев Олим – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar