08.02.2025

АЛИШЕР НАВОИЙ ВА АРБАИН АСАРИ

Алишер Навоий 1441-йил ҳозирги Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида таваллуд топган. Навоий ўзбек мумтоз адабиётида ўчмас из қолдирган. Навоий туркий тилнинг ривожи учун ҳам улкан ҳисса қўшган. Туркий тилнинг сўз бойлиги бошқа тилардан қолишмаслиги, туркий тилда ҳам илмий асарлар ёзиш мумкинлигини ўз асарларида яққол исботлаб берган. Навоий “Хамса” асарида йигирма олти мингдан ортиқ сўз ишлатган бўлиб, бу дунёда энг кўп сўз ишлатилган асар ҳисобланади.

Абдураҳмон Жомий форсий тилда арбаин ёзгандан сўнг, хос шогирди, Мир Алишер Навоий ҳам устози йўлидан бориб, ўзининг “Арбаин” асарини яратади.[1] 

Кўпгина қўлёзмаларда ушбу икки ноёб асар бирлаштирилган бўлиб, кириш қисмида форсий тилда битилган муқаддима мавжуд. Муқаддиманинг мазмунига кўра, у Абдураҳмон Жомийга тегишли. 

Алишер Навоийнинг “Арбаин”ини Абдураҳмон Жомий “Арбаин”ининг таржимаси дейиш ҳам мумкин, лекин айнан назм таржимаси дейиш унча тўғри бўлмайди. Чунки муаллиф унда устози Абдураҳмон Жомийнинг “Арбаин”ида келтирган ҳадисларни танлаган бўлса-да, ҳадисларни туркий тилга эркин таржима қилган, ҳадисни ўзи тушунган маънолар билан ёритган, форсий байтлар мазмунига суяниб қолмаган. Ҳар икки асарда ҳам тўртликлар бир хил: “фоилотун мафоилун фаулан» вазнида. Ҳадислар сўзма-сўз таржима қилинмай, уларнинг умумий мазмуни акс эттирилган. Зеро, ҳадисларни назмда сўзма-сўз таржима қилишнинг умуман имкони йўқ. Шу боис, ҳазрат Навоий аввал ҳадиснинг матнини бериб, кетидан унинг умумий мазмунини бадиий услубда баён қилган. Бу айрим уламоларнинг “Етарли билимга эга кишилар ҳадисларнинг маъноларини нақл қилишлари мумкин” деган фикрларига асосланган ишдир. Аниқроғи, у ҳадисларнинг адабий талқини ва изохидир. Қолаверса, ҳадисларнинг матнларини бериш ишни янада енгиллаштиради. 

Асарда танланган ҳадисларнинг аксари саҳиҳ ва машҳур ҳадислар. Уларнинг ичида мавзу – тўқима ҳадис йўқ. Аммо бир-иккита заиф ҳадислар учрайди. Улар асосан Дайламий, Байҳақий ва Суютийларнинг ривоятларида келган. Бироқ фазилатли амаллар хусусида заиф ҳадисларни нақл қилиш жоизлигига жумҳур уламолар иттифоқ қилганлар. Муаллифлар мана шу асосда бир оз заифлиги бор ҳадисларни ҳам ўз тўпламларига киритаверишган. Буларнинг барчаси ўз навбатида ҳазрат Жомий ва Навоий боболаримизнинг ҳадис илмида етук билимга эга эканларидан дарак беради.

Бирор адабиётдаги ҳадисларнинг манбаларини аниқлаб кўрсатиш илмий тилда “тахриж” дейилади. Араб тилида сўзнинг келиб чиқишини, этимологиясини аниқлаш ҳам тахриж дейилади.

Навоий асарларининг ичида қўлёзма нусхаси энг кўпларидан бири “Арбаин” рисоласи экан. ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида асарнинг 18 та қўлёзма нусхаси бор. Қўлёзмаларнинг аскари XIX асрда кўчирилган. Асарнинг Туркияда ҳам иккита қўлёзма нусхаси мавжуд.[2] Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид ва Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажидлар томонидан асарнинг тўртта нусхаси ўрганилиб, илмий-қиёсий матн тайёрланган. Туркиядаги икки нусханинг бири Тўпқопи музейида ташкил этилган Реван кутубхонасида 808 рақами остида сақланилаётган Навоийнинг куллиёт – асарлар тўплами таркибидаги “Арбаин” рисоласидир. Ўзбекистон Республикаси Алишер Навоий номидаги давлат музейи архивида фотонусхаси мавжуд. Иккинчи нусхаси эса Истамбулдаги Султония кутубхонаси Фотиҳ фондида 4056 рақами остида сақланаётган куллиётнинг қўлёзма таркибидаги “Арбаин” асаридир. Бу қўлёзма нусханинг ҳам Ўзбекистон Республикаси Алишер Навоий номидаги давлат музейи архивида фотонусхаси мавжуд. ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида 1315 ва 9762 рақамлар остида қўлёзма нусхалари сақланиб келинмоқда.[3]Ҳазрат Навоий келтирган ҳадисларнинг олтитаси муттафақун алайҳ ҳисобланади, қолган ҳадисларнинг тўрттасини Бухорий “Адабул муфрад” да, биттасини “Тарихул Кабир”да, қолган ҳадисларни эса Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Можа, Аҳмад, Доримий, Ҳоким, Байҳақий, Табароний, Дайламий, Ибн Асокир, Суютий, Қузоий роҳимаҳуллоҳлар ривоят қилган. 

 

Хусанбоев Олимжон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

 


 

[1] Hasanxon Yahyo Abdulmajid, Husaynxon Yahyo Abdulmajid. Navoiydan chu topkaylar navoe. Toshkent. “Hilol- nashr” nashriyoti. 2014-yil. B. 59.

[2] Hasanxon Yahyo Abdulmajid, Husaynxon Yahyo Abdulmajid. Navoiydan chu topkaylar navoe. Toshkent. “Hilol- nashr” nashriyoti. 2014-yil. B. 60. 61. 62.

[3] Hasanxon Yahyo Abdulmajid, Husaynxon Yahyo Abdulmajid. Navoiydan chu topkaylar navoe. Toshkent. “Hilol- nashr” nashriyoti. 2014-yil. B. 66. 

Izoh qoldirish

Izohlar