24.02.2025

РАМАЗОН ОЙИ УЧУН – РУҲИЙ ВА АМАЛИЙ ТАЙЁРГАРЛИК

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи вассаллам “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса қўшнисига озор бермасин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса меҳмонни хурмат қилсин. Ким Аллоҳга ва охиратга иймон келтирса яхши гапларни айтсин ёки жим турсин” дедилар. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи вассалламнинг ушбу ҳадисларига мувофиқ бизнинг халқимиз меҳмондўст, ҳамиша меҳмоннинг ҳурматини, иззатини жойига қўйиб келган.

Меҳмон биз учун қанча қадрли бўлса таёргарлик ҳам шунга яраша бўлади. Яқинлашиб келаётган Рамазон ойи ҳам аслида бизлар учун меҳмон. У ҳам узоқда, бир йилда бир келади. Рамазон мехру-мурувват, хайру-саховат ойи. Рамазон қалб, рух ва жасадимиз покланадиган ой. Рамазон ойи дуоларимизнинг ижобат бўладиган, қадр кечаси, таровиҳ намозларию, хатми Қуръонлар баракаси, рўзадорни ифторлантиришнинг савобидан бахраманд бўладиган, хайрли амалларимиз учун савоблар, ажрлар, кўпайтириб бериладиган фазилатли, баракотли ой. Зеро Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи вассаллам “Агар умматим Рамазон ойида улар учун қанча фазилатлар борлигини билганларида эди, йилнинг ҳаммасини Рамазон бўлишини хоҳлар эдилар” деганлар. Хўш, биз Рамазон ойини кутиб олиш учун қандай таёргарлик кўрдик. Ифторлигу, саҳарлик учун озуқа жамлашимиз, бозордан турфа хил меваларни сотиб олиб музлатгични тўлдириш, ифторга қандай таом ейиш, сахарликка қайси таомни таёрлашл ҳақида ўйлаётган бўлсак, бу Рамазон ойига таёргарлик дегани эмас.

Бугун “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида “Рамазон ойи учун – руҳий ва амалий тайёргарлик” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда таълим муассасаси Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари И.Бобоқулов, Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими Ф.Худойназаров, “Ҳаким Термизий” жомеъ масжиди имом-ноиби Ҳ.Саидов ҳамда таълим муассасанинг педагог-ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.

Тадбир сўнгида “Ҳаким Термизий” жомеъ масжиди имом-ноиби Ҳабибулло домла Саидов – “Рамазон ойга таёргарлик, аввало қалбни поклаш, агар бир бири билан аразлашган, жанжаллашган кишилар бўлса, гина ва хусуматларини унутиб бир бири билан ярашиш, қўни-қўшни, маҳаллада, қариндошлар орасида ёрдамга мухтожларга мурувват кўрсатиш, ёдам қўлини узатиш, қариндошларга силаи раҳм қилиш, беморларни зиёрат этиш, етимлар бошини силаш, ёлғиз кексалар, ногиронлар ҳолидан хабар олиш, савобли ишларга шошилишу, барча гуноҳ ишлардан ўзини тийиш, бировнинг дилига озор етказиб қўйишдан, бировнинг хаққига тажовуз қилишдан сақланиш каби ишларни амалга ошириш билан бўлади. Ана шунда биз Рамазон ойини муносиб кутиб олишга тайёргарлик кўрган бўламиз. Ана шунда Рамазон ойидаги барча баракотлару, фазилатлардан бахраманд бўламиз. Рамазон покланиш ойи экан, келинг азиз юртдошлар аввало қалбимизни поклайлик. Агар қалбимиз пок бўлса бошқа аъзоларнинг гуноҳ қилишига имкон бермайди”, - деб ўз сўзини давом эттирди. Аллоҳ барчамизни Рамазон ойидаги фазилатлардан бебаҳра қолдирмасин.

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ таълим муассасаси

Izoh qoldirish

Izohlar