25.08.2022

“Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида ўтказилган расмлар танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Бугун Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази мажлислар залида “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида ўтказилган расмлар танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. 

Танлов Сурхондарё вилоят ҳокимлиги, вилоят Халқ таълими бошқармаси, вилоят Маданият бошқармаси, Ўзбекистон Бадиий академияси вилоят бўлими, вилоят "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда қатор турдош ташкилотлар, масъул идоралар ҳамкорлигида ташкил этилди.

Экстремизм ва терроризмга қарши курашиш ҳамда ўсиб келаётган ёш авлодда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш мақсадида, жорий йилнинг 15-17 август кунлари таълим муассасаларида таҳсил олувчи 12 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўқувчилар ўртасида “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида расмлар танловининг биринчи босқичи вилоятдаги 15 та шаҳар ва туманларда юқори савияда ўтказилди.

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази мажлислар залида ўтказилган мазкур танловнинг вилоят босқичида эса, шаҳар ва туман босқичида биринчи ўринни олган ўқувчилар ўзларининг тасвирий асарлари билан иштирок этишди.

Тадбирда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шукурилло Умаров нутқ сўзлаб, инсоният қадим-қадимдан жаҳолатга, бидъат ва хурофотга қарши маърифат билан курашишга интилиб келганлиги, мусаффо осмон, тинч ва осойишта заминнинг қадрига етиш, ёшлар таълим-тарбиясига янада эътиборли бўлиш, тўкинликка шукрона келтириш ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Сурхондарё вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Абдурасул Абдурахманов танлов ғолибларини тақдирлар экан, ватанпарварлик ҳиссини мустаҳкамлаш, уларнинг қалбида бугунги кундаги турли ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантиришда бу каби тадбир ва танловлар алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтди.

 Шаффоф ва адолатли тарзда ўтган танловда иштирокчилар томонидан "Терроризм-тинчлик офати" ва "Тинчлик ва хотиржамлик - буюк неъмат" каби мавзуларни ўзида акс эттирган тасвирий санъат намуналари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб борилди.

Натижаларга кўра:  

 1 ўринга Бойсун туманидаги 1 сон мактабининг 8 синф ўқувчиси Рафиев Умиджон муносиб деб топилди ва вилоят ҳокимлигининг 10 млн. сўм пул мукофоти ва эсдалик совғаларига эга бўлди.

2 ўринни олган Жарқўрғон туманидаги 46 мактабнинг 7 синф ўқувчиси Дилшода Эргашева 8 млн. сўм, 3 ўринни олган Узун туманидаги 17 сон мактабнинг 11 синф ўқувчиси Ҳафиза Ҳакимова эса га 6 млн. сўм пул мукофоти ва эсдалик совғаларига эга бўлди. Танловда қатнашган иштирокчиларнинг ҳар бирига 1 млн. сўмдан пул маблағи ҳамда вилоят ҳокимлигининг диплом, ташаккурномалари топширилди.

Шунингдек, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори танлов ғолибларига марказ илмий ходимлари томонидан таржима ва нашр этилган "Буюк термизийлар" рукни остидаги рисолалар тўпламидан совға қилди.

Айтиш мумкин, эртамиз эгалари бўлмиш ёшларимизнинг ҳар жабҳада етук, салоҳиятли, юксак маънавиятли бўлиб улғайишларида бу каби танлов ва тадбирларнинг ўрни беқиёс.

Izoh qoldirish

Izohlar