13.03.2025

ИСЛОМ ВА ИЙМОННИНГ БАЁНИ ҲАҚИДА (3-қисм)

Аввалроқ буюк инглиз ёзувчиси Бернард Шоу: «Агар Муҳаммад пайғамбар тирик бўлганида, бизнинг ҳаётий муаммоларимизни бир пиёла қаҳва устида ҳал қилиб берар эди», деган бўлса, яқинда ғарблик мутахассислар кишилик тарихида инсониятга энг кўп фойда келтирган юз киши рўйхатини тузиб чиқиб, унда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни биринчи ўринга қўйдилар. Бу ерда гап моддий фойдалар ҳақида кетмоқда. Шундай экан, мусулмонман, деб юрганлар ўзларининг Пайғамбарлари билан ҳар қанча фахрлансалар арзийди. У кишидан ҳар нарсада ўрнак олишлари, ҳар ишда у зотнинг суннатларига амал қилмоқлари зарур.

«Намоз» инсоннинг кундалик ҳаёти учун ҳар томонлама зарур амал экани илмий равишда ҳам исботланмоқда. Намоз ўзининг сон-саноқсиз фойдалари билан инсон ҳаётини ҳамма соҳаларда тартибга солиб турувчи восита экани тобора аён бўлмоқда. Ҳозирги кунда илмий йўл билан ҳаёт кечириш услубини излаган моддий тараққий этган юртлар аҳолисининг кўпчилиги намоз туфайли Исломга кирмоқдалар. Кишининг ҳар тарафлама поклигини, соғлигини таъминловчи, уни Аллоҳ билан, Пайғамбар сол-лаллоҳу алайҳи васаллам билан, мўмин биродарлари билан доимий алоқада ушлаб турувчи намознинг аҳамиятини энди ким инкор қила олади?!

«Поклик» сўзидан олинган «Закот» асосида қурилган иқтисодий алоқаларгина инсониятнинг иқтисодий муаммоларини ҳал қилиши мумкинлигига ишончимиз комил.

«Ҳаж» «зиёрат» маъносини англатади. Уни адо этиш учун сафар қилиш лозим бўлади. Ҳажда дунёнинг турли бурчакларидан келган одамлар учрашиб, турли муаммоларини ҳал этишга уринадилар. Дунёда кундан-кунга саёҳат ширкатлари кўпайиб, турли халқаро учрашувлар сони ортиб бораётганининг ўзиёқ ҳажнинг инсоният ҳаётида қанчалик зарур нарса эка-нини кўрсатиб турибди. Мазкур саёҳат ширкатлари ва учрашувлар одамлар томонидан ўз эҳтиёжларини қондириш учун бир уриниш, холос. Уни инсоннинг ўзи ўйлаб топгани учун ҳам камчиликлардан холи эмас.

Исломий зиёрат ва учрашувларда эса ҳамма нарса ҳалоллик-поклик билан ҳалоллик-поклик йўлида бўлади.

Бугунги кунда «Рўза»нинг фойдасини рўза нималигини билмайдиган халқлардан сўраш керак. Улар асрлар давомида ўзлари учун руҳий, жисмоний cofлик манбаини излаб, сон-саноқсиз тажрибалар ўтказиб, бу нарса «ихтиёрий очлик»да эканини милодий йигирманчи асрнинг охирига келибгина тушуниб етдилар. Ислом эса бу нарсани мусулмонларга бундан ўн беш аср муқаддам исботлаб қўйган ва ибодат сифатида буюрган эди.

Аввал айтганимиздек, Аллоҳ хоҳласа, бу рукнлар ҳақида ўз ўрнида алоҳида сўз юритамиз. Ушбу айтилганлар уммондан томчи, холос.

 Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ, кийимли, сочлари қопқора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва:

«Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам

«Ислом - «Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг», дедилар.

«Тўғри айтдинг», деди у.

Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.

«Менга иймон ҳақида хабар бер», деди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», дедилар.

«Тўғри айтдинг», деб тасдиқлади ва:

«Менга эҳсон ҳақида хабар бер», деди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», дедилар.

«Менга (қиёмат) соатидан хабар бер», деди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас», дедилар.

«Унинг аломатларидан хабар бер», деди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар.

Сўнгра у қайтиб кетди. Бас, мен анча вақт ғойиб бўлдим. Сўнгра у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?» дедилар.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», дедим.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динларингизни ўргатгани келибди», дедилар».

Яна бир ривоятда:

«У (яъни қиёмат соати) Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган беш нарсанинг ичидадир», дедилар ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида (қиёмат) соати илми бор» оятини тиловат қилдилар. Сўнгра у қайтиб кетди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уни қайтаринглар», дедилар.

Одамлар ҳеч нарсани кўрмадилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бу Жаброилдир. Одамларга динларини ўргатгани келибди», дедилар».

Maqolamizni keyingi qismida hadisni tafsilotiga kirishamaiz.

 

Манба асосида тайёрланди: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ҳадис ва Ҳаёт. 2-жуз. Ислом ва Иймон китоби – Т.:”Ҳилол – Нашр”, 2019. – 320 б.

 

 

Мамаюсупов Жўрахон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar