ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚДАН ФОЙДАЛАНИШ ОДОБИ.
Ҳар нарсада қонун-қоида бўлгани каби, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда ҳам ўзига яраша қоида ва одоблар мавжуд. Дунё бўйича сон-саноқсиз одамлар интернет хизматларидан фойдаланадилар, ахборот алмашадилар, турли масалаларни ҳал қиладилар. Интернет пайдо бўлгандан буён баъзилар уни ижобий баҳолашса, баъзилар салбий томонларини гапиради. Бу мавзудаги мақбул қараш шуки, интернет ҳам телевизор, радио каби бир восита. Уни яхшиликка ишлатсак – яхши, ёмонликка ишлатсак, ёмон нарсага айланади. Демак, бизнинг энг муҳим вазифамиз – интернетдан ёмон мақсадда фойдаланаётган инсонларга, айниқса ёш авлодга, тўғри йўлни кўрсатиш, зарарли оқибатлардан огоҳлантиришдир. Бошқа томондан эса ижтимоий тармоқларда миллий-диний қадриятларимизга зид нарсаларни тарғиб қилаётган шахслар таъсирига тушмаслик йўлларини ўргатишдир.
Афсуски, ижтимоий тармоқларда мусулмонлар бир-бирини ҳақорат қилиши, туҳмат, ҳаттоки бўҳтон қилиши, обрўйига путур етказиши, ғийбат қилиши, ўзининг она юрти ва жамиятда фитна уруғларини сочиши кузатилиб турибди. Энг ёмони – бундай кишиларда холислик топилмаяпти. Улар баъзи пайтларда “тирноқ ичидан кир қидириш”га тушмоқдалар. Лекин, кўз ўнгларида турган яхши ишлар, ислоҳотлар ва ўзгаришларни кўришмаяпти. Гоҳида ўзлари нима исташаётганини ҳам англамай қолишмоқда. Энг ачинарлиси – кўпинча тарқатилган ёлғон маълумотлар оқибатида инсоннинг обрў ва шаъни топталмоқда, таъна тошлари отилмоқда, шариатимизда қайтарилган катта гуноҳларга йўл очилмоқда. Шариатимизга кўра, ҳар бир мусулмоннинг шаъни ва обрўсини тўкиш – худди қонини тўкиш ёки молини ўзлаштириш каби, бошқа мусулмон учун ҳаромдир. Қолаверса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак ҳадиси шарифларидан бирида шундай деганлар: “Жаброил алайҳиссалом мени осмонга олиб чиққанда, бир қавмнинг олдидан ўтдим. Уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб, у билан юзлари ва кўксиларини тимдалашар эди. Мен: “Эй Жаброил, булар кимлар?” – деб сўрадим. Шунда: “Улар одамларнинг гўштини еб – уларни ғийбат қилиб, обрўларини тўккан кимсалардир”, – деб жавоб бердилар” (Имом Абу довуд ривоятлари). Ушбу ҳадиси шарифдан динимизда инсоннинг шаъни, обрўси қанчалик қадрли эканлиги, уни поймол қилишнинг оқибати аянчли экани маълум бўлмоқда. Интернет орқали, ижтимоий тармоқлар орқали террорчилар ўзларига тегишли веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда “шаҳидлик”, “жиҳод”, “ҳижрат”, “такфир”, “халифалик” каби тушунчаларни бузиб талқин қилиш натижасида айрим ёшларни ўзларининг тузоқларига илинтиришга муваффақ бўлишаётгани ачинарли ҳол, албатта. Ижтимоий тармоқлар орқали динимизга бўлаётган зарарлардан яна бири – ҳар бир юртнинг пешқадам олимларини таҳқирлаш, туҳмат-буҳтон сўзлари билан обрўсизлантириш, уларни нифоқда, куфрда айблашдир. Уларнинг бундан ўйлаган мақсадлари – мусулмон оммасини илмий раҳбарсиз қолдириб, ўзларига эргаштириш ва бошқаришдир.
Ижтимоий тармоқларга боғланиб қолган ёшлар бошқалар билан жонли мулоқотда қийналади, одамови бўлиб қолади, дўстлашишда адашади. Фақат ижтимоий тармоқда топган “дўст”ларининг фикри билан иш кўрадиган бўлиб қолади.
Албатта, ижтимоий тармоқни буткул ёмонга чиқаришга ҳаққимиз йўқ. Ижтимоий тармоқ ҳам телевидение, радио каби бир восита. Уни яхшиликка ишлатса – яхши, ёмонликка ишлатса – ёмон натижа беради. Шундай экан, бугунги куннинг талаби – интернетнинг ижобий жиҳатларидан фойдаланиб, дунё-охиратимизни обод қиладиган, халқимизга манфаат келтирадиган ишларни қилишдир.
Ҳар бир мусулмон ҳаётда қандай умуминсоний ва диний қоидаларга амал қилиши лозим бўлса, интернетдан фойдаланишда ёки ўзаро алоқада ҳам шу асосларга риоя қилиши шарт. Акс ҳолда, турли ноқулайликлар ва гуноҳ ишларга аралашиб қолинади. Демак, яқинларимиз, айниқса ёшларни ижтимоий тармоқнинг салбий жиҳатлари ва оқибатларидан ҳимоя қилиш, доимий тушунтириш ишларини олиб бориш – ҳар биримизнинг бурчимиздир! Аллоҳ таоло барчамизга ижтимоий тармоқлардан оқилона фойдаланишни насиб қилиб, уни икки дунёмизнинг обод бўлишига сабабчи воситалардан айласин!
Обиджон Исмоилов- Сариосиё туман "Имом Низомиддин Сангардакий" жоме масжиди имом хатиби
Izohlar