04.10.2025

“БУЮК МУАЛЛИМ” МАВЗУСИДА СИЙРАТ ТАДБИРИ

Рабиъул аввал ойининг кириб келиши билан бутун мусулмон олами учун улуғ ва муборак давр бошланганини англатади. Айнан шу ойда башариятга раҳмат ва ҳидоят манбаи бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) дунёга келганлар. Шу муносабат билан Имом Термизий номидаги ислом институти ҳамда “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси томонидан "Буюк муаллим" мавзусида маънавий-маърифий сийрат тадбири ташкил этилди.

Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Тиловатни Имом Термизий номидаги ислом институти ўқитувчиси Зафар қори Маҳмудов амалга оширди. 

Тадбирни Имом Термизий номидаги ислом институти 2-курс талабаси А. Шарифбоев олиб борди. У тадбир давомида меҳмонлар ва иштирокчиларни таништириб, Рабиъул аввал ойининг фазилатлари ҳамда тадбирнинг мақсади ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.

Тадбирда таълим муассасаси директори К.Исламов, ЎМИ Сурхондарё вилояти вакили ўринбосари А. Абдуназаров, таълим муассаса устоз ва ходимлари, меҳмонлар ҳамда талабалар иштирок этди.

Тадбир аввалида таълим муассасаси директори К.Исламов сўзга чиқиб, Рабиъул аввал ойи нафақат Пайғамбаримиз (с.а.в.) таваллуд топган ой, балки бутун инсониятга энг улуғ ўрнак бўлган сийратини ўрганиш учун қулай ва фойдали фурсат эканлигини айтиб ўтди. Шунингдек, бу муборак ойда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳаётлари, гўзал ахлоқлари, одоблари, инсонларга бўлган меҳр-муҳаббатлари, раҳм-шафқатлари ва ҳақлий йўлдаги собитликларини янада чуқурроқ англашимиз лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Тадбир давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сурхондарё вилояти вакили ўринбосари А. Абдуназаров ўз нутқида Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳаёт йўллари, у зотнинг инсоният учун қилган беқиёс ҳизматлари, тарбия услублари ва маънавий мероси ҳақида атрофлича сўз юритди. Шунингдек, ёшлар учун пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг сийратларини ўрганиш, улардан ҳаётий сабоқ олиш ва кундалик турмушда қўллаш нақадар муҳим экани ҳақида фикр билдирди.

Тадбир давомида талабалар томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ҳақида байтлар, саҳна кўринишлари намойиш этилди. Бу эса иштирокчиларга нафақат маънавий завқ улашди, балки Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг сийратларидаги ҳикмат ва ибратларни янада чуқурроқ англашларига хизмат қилди.

Тадбир давомида таълим муассасасининг Ахборот-ресурс маркази томонидан Сийрат фанига оид китоблар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Кўргазмада Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳаёт йўллари, муборак хулқ-атворлари ҳақида батафсил маълумот берувчи турли асарлар намойиш қилинди.

Талабалар ва тадбир иштирокчилари ушбу кўргазма орқали Сийрат илмини чуқурроқ ўрганиш имконига эга бўлишди. Кўргазма таълим олувчиларда илмга бўлган рағбатни янада оширди.

Тадбир якунида таълим муассасаси устозлари томонидан барча иштирокчиларга Рабиъул аввал ойида салавотлар айтиш, Пайғамбаримиз (с.а.в.) сийратини ўрганиш ва у зотга муҳаббатни қалбларда янада мустаҳкамлаш лозимлиги борасида тавсиялар берилди.

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

 

Izoh qoldirish

Izohlar