
ЁШЛАРНИ ИЛМГА ЙЎНАЛТИРАЙЛИК
Ислом – илм-маърифат дини. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган дастлабки оятларда ўқишга буюрилишнинг ўзи ҳам бунинг ёрқин далилидир. Аллоҳ таоло илмни Қиёмат кунига қадар бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди.
Дарҳақиқат, дунёда илм-фан шиддат билан ривожланмоқда, ҳар куни кашфиётлар қилинмоқда. Лекин шу кашфиётларнинг қанча қисми мусулмонлар ҳиссасига тўғри келмоқда? Афсуски, бу нисбат жуда кам бўлиб, бизни огоҳликка, илм-фан билан жиддийроқ шуғулланишга ундайди. Тарихда мусулмон олимлари дунё халқларига кўплаб кашфиётларни тақдим этганлар. Кашфиётларнинг кўпи аниқ фанларга тўғри келган, яъни математика, геометрия, астрономия, физика, кимё ҳамда тиббиёт фанлари ривожланган.
Бугунги кун ёшларига жуда кўп имкониятлар яратиб берилганига қарамай баъзи ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишмаяпти. Ваҳолангки, ёшлик даврида вақтнинг қадрига етиш, ундан унумли фойдаланиш лозим.
Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ:
الْعِلْمُ فِي الصِّغَرِ، كالنَّقشِ فِي الْحَجَرِ
яъни: «Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, – деганлар.
Буюк тобеинлардан Алқама ибн Қайс раҳматуллоҳи алайҳ: “Ёш йигитлик давримда нимани ёдлаган бўлсам, гўё унга (ёдлаган нарсамга) вараққа қарагандай бўламан”, яъни ёшликда ўрганган илмим шунчалик қалбимда ўрнашдики, уни бирор бир ёзилган қоғоздан ўқигандек айтишим мумкин, дер эканлар.
Шунингдек, баъзи оилаларда фарзанд тарбияси тўлиғича телевизор ёки компьютер ва телефон воситаларига топшириб қўйилган. Ҳар бир ота болалари тарбияси учун жавобгар эканини унутмаслигимиз ва охиратда бу ҳақда айнан ота сўралишини ёдимиздан чиқармаслигимиз керак.
Маълумки, динимизда илмни диний ва дунёвийга ажратилмайди. Қадимда ота-боболаримиз бу қоидага амал қилганларидан уларнинг ичидан Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Муҳаммад Хоразмий, Ибн Сино ва Улуғбек каби қомусий олимлар етишиб чиққан. Улар ҳам диний ҳам дунёвий илмларда пешқадам бўлганлар.
Ҳар қандай ёмонлик ва разолат ортида илмсизлик ва жаҳолат ётади. Шунинг учун ҳам жамиятнинг олимлари, зиёлилари, айниқса, ота-оналар миллатнинг маънавий дунёси қашшоқланмаслиги, ахлоқи бузилмаслиги, сохта ва бузғунчи эътиқодлар ва маданиятлар таъсирига тушиб қолмаслигига масъулдирлар.
Фарзандларимизга мактабу-мадрасаларга бориб таълим олиш ҳам ибодат эканини етказишимиз керак. Ёшларнинг мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришларига алоҳида эътибор қаратиш ҳар бир ота-она ва устозларнинг масъулиятидир. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйиб, қаерда юргани, кимлар билан ўртоқлашаётгани, нималарга қизиқаётганидан огоҳ бўлмасликнинг оқибати аянчли бўлади. Аллоҳ асрасин! Ҳар биримиз фарзандларимизни илму маърифатли ва одоб-ахлоқли бўлишларига бефарқ бўлмайлик.
Оллоёр Омонов - “Имом Термизий” ЎМИТМ Ўқув услубий бўлим бошлиғи
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar