21.10.2025

Таълим муассасада “21 октябрь Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун” муносабати билан “Энг яхши китобхон” танлови бўлиб ўтди

Бугун “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабалари ўртасида 21 октябр “Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун” муносабати билан “Энг яхши китобхон” номли кўрик-танлов бўлиб ўтди. 

Тадбирга таълим муассасаси директори К.Исламов, Вилоят ахборот кутубхона маркази директор ўринбосари М.Маматқулова, Термиз туман ахборот кутубхона маркази директори К.Қараева ҳамда таълим муассасаси педагог-ўқитувчилари ҳамда талабалари иштирок этди.

Тадбирнинг асосий мақсади ёшларни китоб ўқишга, илмга ва маърифатга меҳр қўйишга ундаш, шунингдек, уларнинг бадиий-эстетик дидини ривожлантиришдан иборат бўлди.

Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. 

Шундан сўнг таълим муассаса директори К. Исламов сўзга чиқиб, “21-октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун” муносабати билан барчани самимий табриклади ҳамда китобхонлик бўйича ўтказилаётган ушбу тадбирнинг аҳамияти ҳақида тадбир иштирокчилари айтиб ўтди. Айниқса, она тилимизнинг ривожи ва ёш авлоднинг маънавий ўсишида китоб ўқишнинг ўрни беқиёс эканлигини таъкидлади.

Шунингдек, Вилоят ахборот кутубхона маркази директор ўринбосари М.Маматқулова талабаларга илм-фан ва маърифат сари интилиш, она тилимизга ҳурмат ва муҳаббатни янада мустаҳкамлашга чақирди. Тадбирда иштирок этаётган ҳар бир ёш китобхоннинг қобилияти ва ижодкорлигини намоён этиш имконияти борлигини айтиб, уларга муваффақиятлар тилади.

Мусобақа 2 босқич бўлиб, жами 7 нафар иштирокчи қатнашди. Биринчи босқич 3 қисмдан иборат:

1-қисм: Ҳар бир иштирокчи Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” китоби ҳақида қисқа ва мазмунли фикрларни билдириб ўтиш.

2-қисм: Ҳар бир иштирокчи ўзбек тилида амалда ишлатилмай қолаётган сўзларнинг маъносини изоҳлаб бериш.

3-қисм: Ҳар бир иштирокчи ўзи ёқтириб ўқиган китоби ҳақида қисқа ва мазмунли маълумот бериш.

2-босқич: Тест синови — Ҳар бир иштирокчи танланган китоб асосида тузилган 30 та тест саволини бажариш.

 

Якуний натижаларга кўра ғолиблар қуйидагича эътироф этилди:

1-ўрин — 101 гуруҳ талабаси Ураимжонов Диёрбек

2-ўрин — 3 курс талабаси Чоршанбиев Беҳруз

3-ўрин — 201 гуруҳ талабаси омонов Фазлиддин

Ғолиб бўлган талабалар таълим муассаса томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалар билан тақдирланди. 

Бундай тадбирлар ўтказилиши талабаларнинг китобхонлик маданиятини юксалтиришда, мустақил фикрлаш ва таҳлил қилиш қобилиятларини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar