Илмул маонийнинг луғавий ва истилоҳий маънолари, хабар ҳамда унинг турлари ҳақида
Балоғат фани ёзма ва оғзаки нутқни ривожлантиришда беқиёс ўрни борлиги маълумдир. Бу фан орқали араб тили руҳига кириб борилади. Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг ва бошқа ислом манбаси ҳисобланган асарларнинг туб моҳиятини англанади. Ўқувчи ва тингловчи балоғат сир-асрорларидан воқиф бўлгач, араб тилидан завқ олиш бахтига эришади. Шунинг учун олимлар балоғат илмларини чуқур ўрганганлар, ўқувчиларга етказишга ҳаракат қилганлар.
Ҳар бир гап ва имо-ишораларнинг талаб қилинаётган ҳолатга мос бўлишини илми маоний фани ўрганади. Оддий гап билан хабар бериш, мақташ, ёмонлаш, расмий хабарлар, оддий гап билан бошқа мақсадни ифодалаш кабилар маоний илми ўрганадиган баҳсларга киради. Талаб қилинадиган ҳолатларга гапни мослаш учун гапнинг, ишлатиладиган сўзларнинг қуйидаги ҳолатларини билиб олиш фойдали бўлади. Гап муснад ва муснад илайҳлардан тузилишини ва тузилмани иснод эканлиги наҳв илми баҳсларидан маълумдир. Гапнинг ҳар бир бўлаги у ёки бу бўлакка суянган ҳолда тузилади. Масалан, гапнинг эгаси кесимга суянади. Бунда феъл муснад, эгаси муснад илайҳ бўлади. Иснод ва бошқа ҳолатларнинг эътибори билан моаний илми 8 қисмга бўлинади. Баъзи булағолар 6 қисм, бошқалари 13, ҳаттоки 18 қисмларга бўлиб маоний илмларини ёритганлар. Ҳомид Авнийнинг “ал-Минҳож ал-возиҳ”, имом Тафтазонийнинг “Талхис ал-Баён”, Али Хобармий ва Мустафо Аминларнинг “ал-Балоға ал-возиҳа” асарларида ҳам муаллифлар бу илмни 8 қисмда ифодалаганлар.
Илмул маоний - гапнинг муқтазои ҳол, яъни талаб қилинган ҳолатга мос қилиб келтириш усулларини ўрганадиган илмдир[1].
Маоний – луғатда “мақсад” деган маънони англатади.
Баён уламоларининг истилоҳида маоний – зеҳн, кўнгилда намоён бўлган нарсани лафз: сўз ёки гап билан ифодалашдир[2].
Бу илм 8 қисмга бўлинади:
- Хабарий исноднинг аҳволи - уни зикр қилиш ва уни ҳазф қилиш лозим бўлган ўринлар, келтириш ва келтирмаслик ихтиёрий бўлган ҳолатлар ҳақида.
- Муснад илайҳнинг аҳволи - уни зикр қилиш ва ҳазф қилиш лозим бўлган ўринлар, келтириш ва келтирмаслик ихтиёрий бўлган ҳолатлар ҳақида.
- Муснаднинг аҳволи - уни зикр қилиш лозим ва ҳазф қилиш лозим бўлган ўринлар, келтириш ва келтирмаслик ихтиёрий бўлган ҳолатлар ҳақида.
- Феълнинг мутааллиқлари - зикр қилиш ёки қилмасликнинг лозим бўлган бўлган ўринлари ва бошқа ҳолатлар ҳақида.
- Қаср.
- Иншо.
- Фасл - калом орасига баъзи лафзларнинг шарҳини ёки воқеаларнинг тафсилотини киритиш мақсадида жумлалар киритиш билан ажратиш ҳамда унга тегишли ҳукмлар ва васл - машҳур жумлаларни, баъзан шеърий мисраларни гапга қўшиб юбориш ҳамда унга тегишли ҳукмлар;
- Мухотабнинг ҳолатидан келиб чиқиб гапни ийжоз қилиш, яъни лўнда-қисқа қилиш ва унга тегишли ҳукмлар; итноб гапни шарҳлаб, чўзиб келтириш ва унга тегишли ҳукмлар; ва мусовот калом билан маънони ўзаро тенг келтириш.
Мазкур илмларни ўрганиш ва уларни оғзаки ва ёзма амалиётда қўллай олиш кўникмаларини шакллантириш кишининг нутқини равон, фасоҳатли ва етук даражага етказишга ёрдам беради. Шу билан биргаликда, араб тилидаги манбаларни, ўзбек мумтоз адабиёти ва ижод намуналарини англашга ёрдам беради.
ХУЛОСА
Илмул маоний — балоғат фанининг энг муҳим бўлимларидан бири бўлиб, сўз ва ибораларнинг мазмунини ҳолатга мос ҳолда ифодалаш усулларини ўрганади. Бу фан нутқнинг мазмуний томонларини, яъни гапнинг мақсад, ҳолат ва контекстга мос бўлишини таҳлил қилади. Натижада инсон ўз фикрини аниқлик, равонлик ва фасоҳат билан ифодалашга эришади. Илмул маонийни чуқур ўрганиш орқали нафақат араб тили, балки Қуръон оятлари ва ҳадисларнинг нозик маънолари, уларнинг бадиий гўзаллиги ва маънавий чуқурлигини англаш имконияти кенгаяди. Шу боис, бу илм нафақат тилшунослик, балки тафсир, ҳадис, фиқҳ каби бошқа исломий фанлар билан ҳам узвий алоқадор ҳисобланади.
Маоний илмининг асосий қисмлари — хабар, иншо, қаср, фасл, васл ва бошқалар — нутқнинг мақсадга мувофиқ қурилишини, тингловчи ҳолатига мос ифода усулини белгилайди. Бу эса тил маданияти ва нотиқлик санъатининг шаклланишига бевосита таъсир кўрсатади. Илмнинг амалий ўрганилиши натижасида шахс ўз фикрини қисқа, аниқ, лўнда ва таъсирли баён қила олади. Шу маънода, илмул маоний тил ва тафаккур уйғунлигини таъминлайдиган, нутқ маданиятини юксалтирадиган муҳим манба сифатида ҳар бир тилшунос ва араб тили ўрганувчиси учун зарур бўлган фандир.
ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙҲАТИ
- Абдулазиз ибн Али Ҳарбий. “Ал-балоға вал муяссара”. – Байрут: Дор Ибн Ҳазм, 2011. 100 б.
- Абдулқоҳир Журжоний. “Далоил ал-иъжоз”. – Байрут: Дор ал-маърифа, 2001.
- Абдулмалик Саъолабий Найсобурий. “Сеҳр ал-балоға ва сирр ал-бароъа”. Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия. 2003 й. 224 б.
- Абдуҳ Абдулазиз. “Ал-балоға ал-истилоҳия”. – Қоҳира: Дор ал-фикр ал-арабий. 1992. 396 б.
- Абу Яқуб Саккокий. “Мифтаҳ ал-улум”. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1987. 628 б.
Мамаюсупов Жўрахон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом талим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
[1] Али Хабармий, Мустафо Амин. Ал-Балоғатул-возиҳа. – Қоҳира: Мактаба ал-мадина, 1999. – Б. 5.
[2] Аҳмад Ҳошимий. Жавоҳир ал-балоға фи ал-маоний ва ал-баён ва ал-бадиъ. – Байрут: Мактабат ал-асрийя 1999. – Б. 48.
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar