ЁШЛИК -УМР БАҲОРИ
Ёшлик — инсон умрининг энг гўзал, энг сермазмун давридир. Бу паллада қалбда орзулар жўш уради, кўзда порлоқ келажак манзаралари жилваланади. Ҳар қандай дарахтнинг меваси баҳорда туғилса, инсоннинг келажакдаги камолоти ҳам айнан ёшликда пойдевор топади. Шу боис бу босқични қадрлаш, тўғри йўналтириш ва мақсадли ўтказиш ҳар биримизнинг энг муҳим вазифамиздир.
Ёш инсонда куч бор, ғайрат бор, янгича фикрлаш ва янгилик яратиш туйғуси кучлидир. Аммо айнан шундай пайтда тўғри тарбия, сабр, илм ва камтарлик ҳам зарур бўлади. Чунки ёшликнинг оташ қалби баъзан шошилиш, ўйламасдан қарор қилишга мойилдир. Шунинг учун аждодларимиз:
“Ёшлигингда меҳнат қил, кексалигингда роҳат топ”, — деб бежиз айтмаганлар.
Аллоҳ таоло тўрт фаслни инсон ҳаётига ўхшатди. Баҳор келиб, ўлик ердан турли ўт-ўланларни чиқариши одам болаларининг дунёга келишига ўхшайди. Ёз келиб, ердан униб чиққан ўт-ўланлар, дов-дарахтларнинг ҳосил бериши уларнинг куч-қувватга тўлган ёшлик даврига ўхшайди. Куз келиб, бояги яшнаб турган чаманзор ўзининг тароватидан айрилиб қурий бошлайди. Бу инсоннинг ёшлик вақти ўтиб, кексаликка қадам қўйишига ишорадир. Қиш келганда эса бояги ёшликдан асар ҳам қолмайди. Оқиб турган сувлар музлаб, оппоқ қор ёғиб, ҳаммаёқ сукунатга чўмади. Бу эса инсон ҳаётининг поёнига етганини билдиради. Ҳар бир инсон мана шу айтилганлар ҳақида чуқур мулоҳаза юритиб, ўзига керакли хулосаларни чиқариши лозим. Қиёмат куни бўлганда ҳар биримиз ўтказган умримиздан сўраламиз. Бу ҳақда ҳадиси шарифда бундай дейилади:
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Қиёмат кунида банданинг қадами тўрт нарсадан – умрини нима билан ўтказгани, ёшлигини нима билан банд қилгани, молини қаердан топиб, қаерга сарфлягани, (ўрганган) илмидан нималарга амал қилгани ҳақида сўралмагунча, жойидан жилмайди”, дедилар”.
Афсуски, айрим ёшлар айни илм олиш палласида фойдали ишлар билан машғул бўлиш ўрнига тур-ли кераксиз ўйин-кулгилар, компютерхоналар, телеграм, фейсбук, инстаграм ва ютуб каби ижтимоий тармоқларда умрини зое кеткизадилар. Агар улар мана шу вақтларини фойдали ишларга сарфласалар, бирор соҳанинг яхши мутахассиси бўлиб етишар-дилар. Бу даврда ота-оналар ҳам ўз фарзандлари бўш вақтларини қандай ишларга сарфлаётганини назорат қилишлари керак бўлади.
Фарзандларимизнинг ақл-заковатларини инобатга олган ҳолда яшаётган замонасидаги келажаги учун зарур бўлган илмларни ўргатишимиз билан бирга, гўзал хулқ асосида тарбиялашимиз бениҳоят фойдалидир. Али розияллоҳу анҳу: “Фарзандларин-гизга ўзингизнинг эмас, ўзлари яшайдиган замондаги нарсаларни ўргатинглар. Чунки улар сизларнинг эмас, ўзларининг замонида яшай-дилар “, деган.
Бугун дунё тез ўзгараётган замон. Ёшлардан билимли бўлиш, замонавий технологияларни эгаллаш, ҳалол меҳнат қилиш, Ватанга содиқ бўлиш талаб этилади. Илм излаш, ўз устида ишлаш, китоб мутолаа қилиш, жамиятда фаол бўлиш ёшларнинг энг гўзал фазилатидир.
Ёшлик — нафақат завқ, балки масъулият давридир. Ватаннинг келажаги бугунги ёшларнинг қўлидадир. Шундай экан, ҳар бир йигит-қиз қалбига “Мен юртим учун фойдали бўламан” деган юксак ғояни жойламоғи лозим.
Хулоса қилиб айтганда, ёшликнинг ҳар лаҳзасини қадрлаш, уни беҳуда ўтказмаслик энг улуғ бахтдир. Чунки аммо бу баҳор бир марта келади, уни илм, ҳунар, эзгу ишлар ва ҳалол меҳнат билан безаганлар умр давомида унинг самарасини кўрадилар.
Фойдаланилган адабиётлар
1. Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. — Тошкент: Маънавият, 2008.
2. Мирзиёев Ш.М. Янги Ўзбекистон стратегияси. — Тошкент: Ўзбекистон, 2021.
3. “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун. — Тошкент, 2016.
4. Ҳадислар тўплами: Саҳиҳ ал-Бухорий.— Риёд, 2015.
Бобоқулов Имомиддин - Имом Термизий номидаги ислом институти ўқитувчиси
Имом Термизий НИИ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar