ҲИЖРИЙ ИККИНЧИ АСРДА ЁЗИЛГАН ҲАДИС КИТОБЛАРИ
Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ буйруғи билан уламолар ҳадисларни бир китобга жамлаб ҳадис китобларини ёзиш бошланди. Ҳижратнинг иккинчи асрда ҳадис ёзиш янада авж олди. Ўша даврда кўплаб ҳадис китоблари ёзилган бўлиб, уларнинг адади йигирмадан зиёдадир. Улардан энг машхурлари қуйидагилар:
1. «Китоб ал-Осор». Имоми Аъзам Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг асари. Ушбу китобда Имоми Аъзам Абу Ҳанифа Ислом тарихида биринчи маротаба ҳадисларни фикхий мавзулар тартибида келтирганлар. Ҳадис илмида бу китобнинг мавқэи ниҳоятда улуғдир. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бу китобида кирк мингдан зиёд ҳадисларни танлаб келтирганлар.
Бу китобнинг бир неча нусхалари бор. Имом Мухаммад раҳимаҳуллоҳ тарафларидан қилинган ривоят нашр этилган. Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ, ва Имом Зуфар раҳимаҳуллоҳ ривоятлари хам бор. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг «Китоб ал-Осор»и Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг «ал-Муватто»сидан замон жихатидан мукаддам хисобланади. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ хам Имоми Азам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг таълифотларидан истифода килганликлари собит. Кўплаб уламолар «Китоб ал-Осор»га шархлар ёзганлар.
Имоми Азам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ҳадис илмида тўғридан-тўғри тартиб берган китоби «Китоб ал-Осор» эканлиги бизга малум бўлди. Бундан ташкари, «Муснади Абу Ҳанифа» номли ҳадис китоби хам мавжуд. Ушбу китоблар Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган муснад ҳадислар тўпламлари бўлиб, уларни мухаддислар жамлаганлар. Кейин Имом ал-Хоразмий раҳимаҳуллоҳ барча муснадларни жамлаб «Жомеъ масонийди Аби Ҳанифа» деган катта ҳадис китоби килганлар.
2. «Ал-Муватто». Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг асари.
Бу китоб ўз замонасида Аллохнинг китобидан кейинги энг сахих, китоб номини олган. «ал-Муватто»дан кейин бу ном Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг «ал-Жомеъ ас-сахих»ига берилган. Чунки «Сахихи Бухорий»да «ал-Муватто»даги такрибан барча ҳадислар келтирилиши билан бирга бошка сахих ҳадислар хам зикр этилган.
3. «Ал-Жомеъ ас-сунан». Маъмар ибн Рошид (95-153/713-770) раҳимаҳуллоҳнинг асари. Бу зот Имом Молик раҳимахуллоҳга замондошлар. Асли басралик ишончли мухаддислардан бўлиб, Яманга борганларида у ерлик ахоли олимнинг юртига кайтиб кетишини хохламаган экан. Ихлосли мусулмонлар: «Уни боғлаб куйинглар, мажбур килиб уйлантирамиз», - деб уйлантириб қўйганлар. Шу ихлос туфайли Ямандан таниқли муҳаддислар етишиб чиққан. Жумладан, у зотнинг шогирдлари Абдурраззок раҳимаҳуллоҳ ўз устозларидан хам машҳуррок бўлиб, «ал-Муснад ал-кабир», «ал-Мусаннаф» каби асарлар мерос колдирганлар.
Мамар ибн Рошид раҳимаҳуллоҳнинг китоблари Яманда ёзилган илк манбалардан бўлиб, ўз замонасида ўта мақбул бўлган.
4. «Ал-Жомеъ». Суфён ас-Саврий (97 - 161/716 - 778) раҳимаҳуллоҳнинг асари. Имом аш-Шофеъий раҳимахуллоҳ у зотнинг китобидан истифода килганлар. Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ ҳадис илмида «мўминлар амири» деган фахрли унвонга эга бўлган мухаддисдирлар. «Ёдлаган ҳадисларимни асло унутган эмасман», - деганлари нақл қилинган. У зотнинг иккита - катта ва кичик ҳадис тўпламлари бўлган.
5. «Ас-Сунан». Ибн Журайж (80 - 150/699 - 767) раҳимаҳуллоҳнинг асари. Бу китоб «Сунани Аби-л-Валийд» деб хам номланади. Абу-л-Валийд Абдулмалик ибн Абдулазиз ибн Журайж раҳимаҳуллоҳ маккалик ҳадис хофизи бўлиб, «Харами шариф мухаддиси» деган шарафли ном сохиби бўлганлар.
6. «Ас-Сунан». Вакеъ иби ал-Жаррох, (129 - 197/746 -812) раҳимаҳуллоҳнинг асари. Вакеь ибн ал-Жаррох, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шогирди, Имом аш-Шофеъийнинг эса устози хисобланадилар. У зот Ирок мухаддиси бўлиб, Куфада яшаганлар. Вакеь ибн ал-Жаррох раҳимаҳуллоҳнинг «ас-Сунан», «ал-Мусаннаф» ва «ал-Муснад» деган ҳадис тўпламлари бўлган. Лекин хозиргачан уларнинг кулёзмалари топилмаган. Бирок у зотнинг «аз-Зухд» асари топилиб, нашр этилган.
7. «Китоб аз-Зухд ва ар-Ракоик». Абдуллох ибн ал-Муборак (118 - 181/736 - 797) раҳимаҳуллоҳнинг асари. У зот хам Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шогирдларидан. Узлари Хуросон мухаддиси бўлиб, Марвда яшаганлар. Мазкур асар кўлёзмаси топилиб, бир неча марта матни нашр қилинган. Мана шулар иккинчи асрда тасниф қилинган китоблардан баъзиларидир.
Олимжон Хусанбоев - “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar