СУННАТГА ЭРГАШАЙЛИК
Аллоҳ таоло ўзининг охирги дини бўлмиш Исломни мукаммал, унинг аҳкомларини тўкис қилиб берди. Бу Аллоҳ таолонинг мўмин-мусулмонлар учун берган битмастуганмас неъматидир. Бу ҳақда Аллоҳ таолоҚуръони каримда бундай деган:
“Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим” (Моида сураси 3-оят). Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Ислом динини мукаммал қилиб, унинг томирини ерга мустаҳкам жойлаган ва шохларини осмонга қадар етган дарахт каби қилган.
Суннат бу динда юриладиган йўлдир. Ким энг тўғри йўлда юрмоқчи бўлса, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларида юриши лозимдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Аммо баъд, албатта сўзларнинг энг яхшиси Аллоҳнинг китобидирЙўлларнинг энг яхшиси Муҳаммаднинг йўлидир. Ишларнинг ёмони янги пайдо чиқарилганидир. Ҳар бир бидъат залолатдир”, – деганлар (Имом Муслим ри-воятлари).
Қуръони каримнинг қирқдан ортиқ ояти карималарида мўмин-мусулмонлар Расулимиз алайҳиссаломга итоат қилиш ва эргашишга
буюрилган. Жумладан, Ҳашр сурасида бундай дейилган: “Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир” (Ҳашр сураси 7-оят).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этиш, у зот келтирган шариатларига амал қилиш шариатимиз талабидир. Бу ҳақда Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ухлаб ётганларида ҳузурларига фаришталар келдилар. Фаришталарнинг баъзилари: “Бу киши ухлаяпти”, дейишди. Баъзилари эса: “Кўзлари ухлоқ, қалблари уйғоқ”, дейишди. Кейин фаришталар: (Пайғамбаримизга ишора қилиб): “Мана шу биродарингизга бир масал бор. Қани бир зарбулмасал келтирингларчи”, дедилар. Шунда фаришталар: “Албатта, бу киши ҳовли қуриб, зиёфат уюштирган зотга ўхшайди. Ўша зот бир даъватчи юборибди. Ким даъватчига жавоб берса, ҳовлига киради ва зиёфатдан баҳам кўради. Ким даъватчига жавоб бермаса, ҳовлига кирмайди ва зиёфатдан баҳам кўрмайди”, дедилар. Баъзи фаришталар: “Бу гапни таъвил қилинглар, тушунсин”, дейишди. Бошқа фаришталар: “Ҳовли – жаннат, даъватчи – Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам. Ким Муҳаммадга итоат қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга итоат қилибди. Ким Муҳаммадга осий бўлса, батаҳқиқ, Аллоҳга осий бўлибди. Муҳаммад – одамлар орасини фарқловчидир”, – дедилар” (Имом Бухорий ривоятлари).
Шунинг учун У Зот алайҳиссаломдан келаётган дин йўлига хилоф равишда янгиликлар жорий қилиш қаттиқ қораланади ва рад этилади. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
عَنْ عَائِشَة رضي الله عنها: مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ
Яъни:
“Ким ушбу ишимизда унда йўқ нарсани пайдо қилса, у қайтарилган”, –дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).
Ҳадиси шарифдаги “Ушбу ишимиз” деганда дин, шариат назарда тутилган. “Унда йўқ нарса” деганда шариатда мутлақ бўлмаган ёки шариатнинг умумий қоида ва далиллари далолат қилмаган амал тушунилади.
Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ мазкур ҳадис шарҳида бундай дейдилар: “Бу – динни сохталаштириб, бузишдан асровчи ҳадислар жумласидан бўлиб, муҳим қоидани ўз ичига олган. Яъни, динга зид ва диннинг далиллари, қоидаларига хилоф бўлган ҳар қандай бидъатни рад қилиш лозим эканлигини ифодалайди. Аммо динга зид бўлмаган, шу билан бирга, унинг асосларига таянган ҳолда кейинчалик динни ҳимоялаш учун жорий қилинган амаллар рад этилмайди”.
Демак, ҳаётимиз давомида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ўрганиб, кундалик ҳаётимизга татбиқ қилишимиз, турли шаръий асосга эга бўлмаган одат ва хурофотлардан сақланишимиз лозим бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизга Ўзи рози бўладиган амалларни муяссар айлаб, икки дунё саодатини насиб қилсин!
Оллоёр Омонов - “Имом Термизий” ЎМИТМ Ўқув услубий бўлим бошлиғи
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar