10.11.2025

ШАФОАТГА ИЙМОН — ЭЪТИҚОДИМИЗ АСОСИДИР

Аллоҳ таолога ҳамду санолар Шафоатчимизга салоавоту саломларимиз бўлсин. Ақоиддаги энг муҳим масалалардан бири бу шафоат масаласи. Аҳли сунна вал жамоа ақидасида шафоатга ишониш — имоннинг таркибий қисми ҳисобланади. Шафоат араб тилида «ҳимоя қилмоқ», «ўртага тушмоқ» маъноларини билдиради. Ақидада эса, бировдан биров учун хайр (яхшилик) сўрашни англатади. Шафоат  ҳақида Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар кўп. Аллоҳ таоло каломида «Ким Аллоҳнинг изнисиз шафоат қила олар?» (Бақара сураси, 255-оят — Оятул курсӣ).  Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Умматимдан аҳли кабоирларга (катта гуноҳ қилганларга) шафоатим бордир» (Имом Аҳмад ривояти). Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан ташқари бошқа мўминларнинг ҳам шафоатлари аҳли сунна вал жамоа уламолари томонидан эътироф этилган: 

– фаришталарнинг гуноҳкорларга шафоатлари; 

– ёш ўлган болаларнинг ота-оналарига шафоатлари; 

– шаҳиднинг ўз яқинларидан етмиш кишини шафоат қилиши; 

– Қуръонни ёд олган ҳофизнинг ўз оиласига қиладиган шафоати; 

– мўминларнинг бир-бирларига қиладиган шафоатлари; 

– Қуръоннинг ўз қорисига шафоати; 

– рўзанинг рўзадорга шафоати. 

Абу Ҳанифадан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатлари аслида, гуноҳкор мўминларнинг гуноҳларидан фориғ бўлишлари учун лозимдир. Аҳли сунна вал жамоа наздида, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматлари учун Аллоҳдан мағфират сўрашга буюрилган Аллоҳ таоло каломида: Бас, (эй Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг! («Муҳаммад» сураси, 19-оят). Авф ибн Моликдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Менга Раббимнинг ҳузуридан бир зот келди ва умматимнинг ярми жаннатга кирмоқлигини ёки шафоатни танлашимни сўради. Бас, мен шафоатни танладим. У Аллоҳга ширк келтирмай вафот этган киши учундир» (Имом Термизий ривояти). Абу Зардан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган бўлса, гарчи у зино ёки ўғирлик қилган бўлса ҳам жаннатга киради». Абу Дардодан шундай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ деса, жаннатга киради». Мен (Абу Дардо): «Зинокор ва ўғри ҳамми?» – деб сўрадим. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам  юқоридаги сўзларини такрорладилар. Мен ўз сўзимни икки-уч бор такрорлаб, юқоридаги жавобни олдим. Учинчи бор такрорлаганимда, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Абу Дардонинг бурни ерга ишқалансин, ҳа, киради», – дедилар». Демак, аҳли сунна вал жамоа эътиқоди бўйича шафоат аслида гуноҳкор мўминлар учун зарурдир. Ўз гуноҳларига иқрор бўлиб тавба қилган мўминлар учун шафоатнинг зарурати йўқдир. Муътазилийлар эса, бу борада аҳли сунна  вал жамоага нисбатан тескари ақидада бўлганлари учун шафоатга ишонмайдилар.

Хулоса ўринда шуни айтамизки шафоатга ишониш — аҳли сунна вал жамоа эътиқодининг бир бўлагидир. Лекин шуни унутмаслик керакки: шафоат Аллоҳнинг изни билангина бўлади, фақат мўмин ва тавба қилган бандаларгина ундан баҳра олади, Аллоҳим барчамизга яхшиларнинг шафоатини насиб қилсин.

 

Тўхтаев Насрулло – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar