ИМОМ ДОРИМИЙ (181-255/797-868)
Бу буюк имомнинг тўлиқ исм-шарифи Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Фазл ибн Баҳром Тамимий Доримий Самарқандий бўлиб, куняси Абу Муҳаммаддир.
Имомнинг насаби Дорим ибн Молик ибн Ҳанзала ибн Зайд Манот ибн Тамимга бориб тақалгани боис унга Тамимий ва Доримий деб нисбат берилган ва ислом оламида имом Доримий деб танилган. Тамим араб қабилалари орасидаги шарафли қабилаларнинг бири саналади. Бу қабиладан кўплаб олимлар ва фозил инсонлар етишиб чиққан.
Аллома Аҳмад ибн Аҳмад Ажамий Тадрибур ровий асарига ёзган ҳошиясида Доримий нисбаси ҳақида қуйидагиларни айтган:
“Дорим нисбаси “дароман” сўзидан келиб чиққан. У “майда қадам ташлаб юриш” дегани. Паст бўйли аёл кишининг ҳамда қуённинг майда қадам ташлаб, тез юришига нисбатан шу сўз ишлатилади. Дорим ибн Моликнинг асл исми Баҳр ибн Молик бўлган. Унга отаси бир куни ичида пул бор бўлган харитани олиб кел деганда, у майда қадам ташлаб олиб келган экан. Шунда отаси уни кўриб, “Олдингизга Баҳр дароман қилиб (майда қадам ташаб) келди”, деган экан. Шундан у Дорим деб номланган”[1].
Бу икки маълумот ўртасида қарама-қаршилик йўқ, негаки биринчисида Доримий нисбасининг келиб чиқиши ҳақида, иккинчисида эса Дорим исмининг келиб чиқиши ҳақида сўз кетган.
Имом Доримий ҳижрий 181 (милодий 797) йили аббосийлар хилофати, халифа Ҳорун Рашид даврида Самарқанд шаҳрида дунёга келади ва шу ерда ўсиб-улғаяди. Имом Доримийга туғилган шаҳрига нисбат берилиб Самарқандий ҳам дейилади. Баъзи манбаларда Доримийнинг туғилган санаси 182-ҳижрий йил этиб кўрсатилган. У зотнинг боболари асли араб бўлиб, фатҳ сабабли Хуросонга кўчиб келган ва шу ерни ватан қилиб қолганлар.
Имом Доримий раҳимаҳуллоҳ ёшлигидан ҳадис илмига муҳаббати баланд эди. Ўз шаҳридаги олимлардан таълим олиб бўлгач, илмини ошириш мақсадида талай мусулмон ўлкаларига сафар қилиб, ўша даврдаги буюк уламолардан таълим олиш шарафига муяссар бўлади.
Хатиб Бағдодий айтади: “Доримий ҳадис ўрганиш талабида кўп сафар қилган ва минглаб ҳадисларни пухта ёдлаб, жамлаган олимларнинг бири эди. Шу билан бир қаторда у дин-диёнатли, ҳаққоний, тақводор, зоҳид инсон эди. Самарқанд шаҳрига қозиликка таклиф этилганда бош тортади. Аммо султон уни ҳоли жонига қўймай қози бўлишга кўндиради. Биргина ҳукм ижро қилгач истеъфо сўраб, қозиликдан бўшайди. Доримий ақл-заковат, фазилат, дин-диёнат, ҳалимлик, жиддийлик, вазминлик, ижтиҳод, ибодат, зуҳд ва тарки дунёликда ўрнак бўладиган буюк инсон эди”.
Имом Доримий раҳимаҳуллоҳ уламолар ва омма халқ орасида дин-диёнати, тақвоси, хотираси кучлилиги ҳамда билимдонлиги билан танилган эди. Шу боис кўпчилик толиби илмлар Доримийдан илм ўрганишга интилар эди. У зотнинг қўлида кўплаб етук олимлар етишиб чиққан бўлиб, уларни номма-ном санаб адоғига етиш қийин. Қуйида аллома Миззий раҳимаҳуллоҳ “Таҳзибул камол” (15/210-213) китобида зикр қилган Доримийнинг айрим машҳур шогирдларини келтириб ўтамиз:
1) Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий.
2) Имом Муслим ибн Ҳажжож.
3) Имом Абу Довуд Сижистоний.
4) Имом Термизий.
5) Имом Абд ибн Ҳумайд (ҳижрий 249 йилда вафот этган), имом Муслим, Термизий ва талай олимларнинг устози.
Ат-Термизий ал-Бухорийнинг Имом Доримийдан Ато ал-Хуросоний исмли ровий ҳақида сўрагани ҳамда саволга тўлиқ жавоб олганлигини ҳам қайд этиб ўтади. Бу эса Имом ад- Доримийнинг ҳадис ровийларини билиш бўйича чуқур билимга эгалиги ва Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизийлар ундан ушбу илм бўйича таҳсил олганликларидан далолатдир.
“Саҳиҳ” ҳадис тўпламларининг бошқа муаллифлари ҳам бевосита Имом Доримийнинг шогирди бўлганлар. Имом Муслим ҳадис илмларининг турли йўналишлари бўйича таҳсил олиши билан бир қаторда, шох асарига Имом ад -Доримийдан ривоят қилинган 73 та ҳадисни киритган. Имом Абу Довуд “Сунан”ига устозидан ривоят қилинган - 3 та, Имом ат-Термизий эса “Сунан”ига - 68 та ҳадисни киритган. Имом ан-Насоий “Сиҳоҳ ситта”га кирган “Сунан”идан бошқа асарларида Имом Доримий ҳадисларидан ривоят қилган. Жумладан, у Куръон оятларини қироат қилишнинг фазилатлари ҳақидаги ҳадисни Имом Доримийдан олган.
Хусанбоев Олимжон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
[1] Тадрибур ровий, Муҳаммад Аввома таҳқиқи билан, 3/55.
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar