Шукр-қалб ибодати.
Аллоҳ таоло муқаддас каломида айтади: “Эй, иймон келтирганлар, Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан енглар ва Унга шукр қилингизлар!” (Бақара сураси, 172-оят).
Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъматлар ато этиб уларни шукр этишга буюрган. Зеро, шукр – қалб ибодатидир. Шукр қилиш уч йўл билан амалга ошади: сўз, амал ва қалб билан. Шокирлик неъматларнинг кўпайиши ва муҳофаза қилинишига сабаб бўлади. Аллоҳнинг шукр қилувчи бандаларидан бўлишини истасак аввало бандаларнинг кичик яхшиликларига хам шукр айтишни одат қилишимиз лозим. Ширин сўз, катта-ю кичик яхшиликларни қадрловчи, бир-бирига ташаккур билдирадиган, ортидан дуо қиладиган халқ ҳеч қачон таназзулга юз тутмайди. Бундай жамият узра Аллоҳнинг раҳмати ёғилади. Бир-бирига шукр қилувчи қавмнинг ибодатлари ҳам қабул бўлади. Самовий ва арозий офатлардан омон бўлади. Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Дастурхонимиз тўкин. Аллоҳ таоло бошимиз узра соябон қилиб берган эмин-эркинлик, фаровонлик ва тинчлик хотиржамлик каби буюк неъматларнинг давомий бўлиши шукроналикка боғлиқ. Берилган неъматларга шукр қилсак, жамиятимиз янада гуллаб-яшнайди. Инсонлар ўртасида аҳил-иноқлик ва тинчлик ҳукм суради.
Албатта, бу эришилаётган ютуқлар ва амалга оширилаётган хайрли ишларнинг замирида юртимиздаги тинчлик, осойишталик ва фаровонлик алоҳида ўрин тутади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган: “Қайси бирингиз оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик ризқи бор ҳолда тонг оттирса, гўёки бутун дунёни қўлга киритибди” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоят қилган). Бу неъматларнинг давомли ва зиёда бўлиши эса шукронага боғлиқдир. Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Ким Аллоҳнинг неъматини қалбан ҳис қилиб, тилида эътироф этса, эътирофи охирига етмасдан неъматнинг зиёдалигини кўради. Ҳақ таоло барчамизни Ватанимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган хайрли ишларимизни бардавом айласин!.
✍️Обиджон Исмоилов- Сариосиё туман "Имом Низомиддин Сангардакий" жоме масжиди имом хатиби
Izohlar