Қуръон каримни хотирада сақлаб қолиш чоралари
Қуръони Каримни ёдлаш ва уни хотирада сақлаб қолиш ўта савобли амал ҳисобланади. Бу ҳақида Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадислар ворид бўлган.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръон Каримни ўрганиб ва уни бошқаларга ўргатганингиздир», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимнинг энг шарафлилари Қуръон кўтарувчилари ва кечанинг эгаларидир», дедилар» (Имом Табароний ривояти).
Қуръон кўтарувчилари – бу Қуръони Каримни ёдлаб, пишириб, қалбида жойлаган ҳамда унга амал қилиб юрадиган кишилардир. Кечанинг эгалари – бу кечани турли ибодатлар билан бедор ўтказадиган муттақий олимлардир.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръоннинг мисоли тушовига боғлаб қўйган туяга ўхшайди. Агар эгаси уни қаттиқ боғлаб қўйса, ушлаб қолади. Агар қўйиб юборса, қочиб кетади. Агар Қуръонни ёдлаган қори кечаю кундуз такрорлаб юрса, уни эслаб қолади. Агар такрорлаб турмаса, уни эсидан чиқаради», дедилар» (Имом Муслим ва Имом Насоий ривоят қилганлар).
Бундай балоғатли ўхшатишга бир мулоҳаза қилиб кўриш керак. Бизга ота-онамизданда кўпроқ меҳрибон бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни ёдлаган қорилар хотиржам бўлмай, балки кечаю кундуз Аллоҳнинг Каломи бўлган Қуръони Каримни такрорлаб юришга астойдил ҳаракат қилиши зарур, акс ҳолда Қуръон унинг хотирасидан қочиб кетиши ҳақида огоҳлантиряптилар. Дарҳақиқат, Қуръони Каримни ёдлаш ва умрининг охиригача зеҳнида сақлаб қолиш осон иш эмас! Буни ҳамма аҳли илмлар биладилар. Аммо Қуръони Каримни пухта ёдлаб, умрининг охирига қадар хотирасида сақлаган қориларга бериладиган мукофотлар ҳам оддий эмас, ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Қиёмат кунини даҳшатларидан қўрққан кишилар чора топишга йўллар излайдилар. Чунки Қиёмат кунида мол-дунё, ота-она, бола-чақа, ёру-дўстлар, қариндошларнинг ҳеч бири манфаат бермайди. У кунда Набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ зотлар ҳамда Қуръони Каримни ёд олган қорилар шафоат қилиш ҳуқуқига эга бўладилар. Агар сиз юқорида санаган кишилар қаторида бўлмасангиз, унда Қуръони Каримни ўқиб, ёдлаб, такрорлаб, ундаги ҳукмларга амал қилиб юринг. У сизни қиёмат кунида шафоат қилади. Қуръон Каримни ёдлаш ва унинг такрори билан машғул бўлиш шарафли ва албатта, масъулиятли ишдир. Шафоат қилади дегани, ҳимоя қилади, суянчиқ бўлади деганидир. Агар Қуръони Карим сизни шафоат қилса, у жаннатга олиб киради. Барча азоб-уқубатлардан халос қилиб, дўзах ва жаҳаннам оловидан қутқариб, жаннатга олиб киради. Бунга эришиш учун Қуръони Карим тиловатини кунлик вазифа қилиб олиш керак. Агар туннинг охирги учдан бири қолганда такрорни бошлашга кучингиз етса, бу энг афзал ва баракотли вақтдир. Таҳажжуд пайтида ўйғониб намозда кўпроқ тиловат қилиш ва кўпроқ дуолар қилиш керак. Бу пайт дуолар қабул бўладиган, ҳожатлар раво бўладиган, гуноҳлар тўкиладиган вақтдир.
Ҳар куни беш маҳал намоздан кейин ва ҳар кеча туннинг охирги учдан бири қолганда Аллоҳ таолога дуо қилиш керак.
»Аллоҳим! Мени дунёда ҳам охиратда ҳам Қуръон аҳлидан бўлишимни насиб қил! Қуръони Каримни фойдамга ҳужжат қил! Қуръони Каримни ҳифзимга, зеҳнимга жойла! Ҳаётим Қуръони Карим асосида бўлишини насиб қил! Сендан ёлвориб сўрайман! Ё Аллоҳ! Сен пок зотсан! Ё Аллоҳ! Сен ҳожатбарорсан! Ҳожатимни раво қил!» деб кўп дуо қилиш керак. Дуо билан эришиш осон дейилган. Субҳи саҳарда дуолар қабул бўлиши ҳақида кўплаб ҳадислар келган. Жумладан:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: »Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббимиз таборака ва таоло кечанинг учдан бири қолганда дунё осмонига нузул қилади. Сўнгра: «Менга дуо қиладиган борми? Унинг дуосини қабул қиламан. Мендан сўрайдиган борми? Сўраганини бераман. Мендан мағфират сўрайдиган борми? Уни кечираман», дейди», дедилар»(Муттафақун алайҳ).
Қуръони Каримни такрор қилмай ташлаб қўйиш ўта оғир гуноҳдир. Гуноҳкор банда аста-секинлик билан бу йўлга чиқиб боради. Бундан огоҳ бўлиб ва бошқаларни ҳам огоҳлантириш керак. Токи ҳеч ким Қуръон Каримни унутиб гуноҳга ботмасин!
Уламолар Қуръон Каримни тарк қилиш қуйидаги нарсаларда намоён бўлади деганлар:
- Қуръони Каримга иймон келтирмаслик;
- Қуръони Карим ўқилганда уни эшитмаслик, қулоқ солмаслик;
- Қуръони Каримни ўқимаслик, ўқишни ўрганмаслик;
- Қуръони Карим ҳукмларига амал қилмаслик;
- Қуръони Каримни эъзоз, ҳурмат қилмаслик;
- Эътиқод ва амалда у билан ҳукм қилмаслик;
- Касал бўлганда ундан даво изламаслик;
- Қуръонни тудаббур қилишга, англашга қунт қилмаслик;
- Ёдлагандан кейин такрорламай унутиш.
Ушбу саналган нарсалардан бири кимда бўлса, тезда Аллоҳ таолога қайтиши, тезда тавба қилиши керак! Ҳали тирик экан Аллоҳ таолодан мағфират сўраши керак! Аллоҳга ёлвориб мағфират қилишини сўраши, бор вақтидан фойдаланиб мукаммал таҳорат олиб Қуръони Каримга амал қилиши керак.
Оятуллоҳ Айниддин - “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar