“Бақара” сурасининг фазилатлари
Инсонга унинг билмаган нарсасини ўргатган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Бу мусаффо дин ва ақийдани “Қуръон” оятлари ва ҳадислар орқали бизларга мукаммал тарзда етказган пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва саломлар бўлсин.
Ҳозирги кунимизда ақийда долзарб масалага айланиб қолгани барчага маълум. Ўтмишда ҳам ақийда масаласи ва унга бағишланган асарлар ҳам ўзига яраша муҳимликни касб этган. Чунки банданинг машаққат-ла адо этган амал, ибодатларининг охиратда қабул бўлмай қолиши, асосан ақийдасининг бузуқлигига кўра бўлади. Шунингдек, унчалик машаққат тортмай бажарган амалининг мақбул бўлиши асосида ҳам, аввало унинг мусаффо эътиқоди туради. Қолаверса, шу дунёнинг ўзида ҳам ақийда бузуқлиги оқибатида инсонлар орасида тафриқачилик, парокандалик ва соғлом инсон ақли уни инкор қиладиган ҳар хил тубанликлар пайдо бўлади.
“Бақара” сураси юқорида сўз юрутилган ақида масалаларини бир қанчасини муолажа қилади. Қуръони каримдаги энг узун сура бўлмиш ушбу суранинг фазилатлари жуда улуғдир. Мадинага оид бошқа суралар каби, “Бақара” сураси мусулмонлар ўз ижтимоий ҳаётларида муҳтож бўлиб турган қонун-қоида ва тузумларни ҳам муолажа қилади. Бу сура кўплаб шариат ҳукмларини, ақида, ибодат, муомала, ахлоқ, оила, талоқ, идда, рўза, қасос каби масалаларни ўз ичига олган. Уламолар такидлашича, ушбу сурада мингдан ошиқ ҳукмлар баён қилинган.
Имом Аҳмад Абу Умома (р.а.)дан ривоят қиладилар, у киши айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қуръонни қироат қилинглар, у қиёмат куни ўз аҳлига шафоатчидир, икки нурни сочувчини – “Бақара” ва “Оли Имрон”ни ўқинг, улар қиёмат куни бошга соя солувчи булут бўлиб келадилар. “Бақара” ни ўқинглар, уни олмоқлик баракадир, уни тарк қилмоқлик ҳасратдир. Сеҳргарлар унга қодир бўла олмайдилар”, – деганларини эшитдим.
Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Уйларингни қабрга айлантирманглар. Сураи «Бақара» ўқилган уйга шайтон кирмайди», деганлар.
Имом Ибн Ҳиббон Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, Пайғамбар алайҳиссалом: «Ҳар нарсанинг саноми – кўзга кўринган жойи бўлади. «Бақара» сураси Қуръоннинг саномидир. Ким уни ўз уйида кечаси ўқиса, уч кеча шайтон кирмайди. Ким уни кундузи ўқиса уч кун шайтон кирмайди», деганлар.
Имом Доримий ривоят қиладиларки, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳума: «Ким сураи Бақарадан ўн оятни – аввалидан тўрт оят, оятул курсий ва ундан кейинги икки оят ва охиридан уч оятни кечаси ўқиса, ўша уйга шу кечаси шайтон кирмайди», деганлар.
Имом Насаий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир жойга кўп сонли кишиларни юборишдан аввал уларга Қуръон ўқитиб кўрдилар. Улардан ҳар бири Қуръонни қанча билса, шуни ўқиди. Уларнинг ичида энг ёш йигитнинг олдига келиб, «Эй фалончи, сен Қуръондан қанча биласан?» дедилар. У: «Фалон, фалон сураларни ва Бақара сурасини биламан», деди. У зоти бобаракот: «Бақара» сурасини биласанми?» деб сўрадилар. Йигит: «Ҳа», деди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Боравер, сен уларга амирсан», дедилар...
Ризаев Ғайрат - “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar