06.01.2026

Аёллар илми: унутиб қўйилган ҳақиқат

Исломда илм — шараф, масъулият ва ибодатдир. Бу шараф фақат эркакларга эмас, балки аёлларга ҳам тенг даражада берилган. Тарих бунга гувоҳ. Агар аёлларнинг илмий салоҳияти ҳақида гапирилса, бу йўлнинг бошида турган энг буюк зотлардан бири — мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳодир. У зотни аёлларнинг илм олишдаги энг улуғ устозлари ва мерос қолдирган йўлбошчиси десак, асло муболаға бўлмайди.

Оиша онамиз — бир асрнинг эмас, умматнинг олимаси

Оиша розияллоҳу анҳо Қуръон, ҳадис, фиқҳ, шеърият, араб насаблари, ҳатто тиббиёт илмида ҳам ўз замонасининг энг билимдон инсонларидан бўлганлар. Бу фақат муҳаббат ёки ҳурмат билан айтилган сўзлар эмас — бу эътирофни энг йирик саҳобалар ва буюк уламолар берган.

Урва ибн Зубайр роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар:

“Мен Қуръонни, фароизни, ҳалол-ҳаромни, ҳадисни, фиқҳни, шеъриятни ва тиббиётни Оиша розияллоҳу анҳодан кўра яхшироқ биладиган бирор кишини кўрмадим.”

Бу сўзлар бир аёлнинг илмда қанчалик юксак мақомга чиққанини очиқ кўрсатади. У зот фақат ривоятчи эмас, балки тушунувчи, шарҳловчи ва ҳукм чиқарувчи олима эдилар.

Эркак саҳобалар илмни аёлдан ўрганган давр

Имом Масруқ роҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг катта саҳобаларини кўрдим, улар фароиз илмини Оиша розияллоҳу анҳодан сўрашарди.”

Бу жумла жуда чуқур маънога эга. Ислом тарихида эркак саҳобалар аёл саҳобадан илм сўраган, ундан ҳукм олган, унинг фикрига таянган. Бу — Исломда илм мезони жинс эмас, тақво ва салоҳият эканининг энг ёрқин далилидир.

Имом Зуҳрий роҳимаҳуллоҳ эса янада кескинроқ баҳо берганлар:

“Агар Оиша розияллоҳу анҳонинг илми Расулуллоҳнинг бошқа аёлларининг ва барча инсонларнинг илми билан жамланса, Оиша онамизнинг илми уларникидан устун бўларди.”

Бу сўзлар Оиша онамизнинг илмий даражаси нақадар юксак бўлганини кўрсатади.

Аёлларнинг илм йўли — давом этган мерос

Оиша розияллоҳу анҳо билан бу йўл тўхтаб қолмади. У зотдан кейин минглаб аёллар бу илмий меросни давом эттирдилар. Ҳадис илмида ном қолдирган аёллар ҳақида ёзилган “Ал-Вафа биасмаин-Нисаъ” китоби бунга ёрқин далилдир. Ушбу асар 30976 бетдан иборат  43 жилдда ўн мингга яқин ҳадис илми билан шуғулланган аёллар ҳақида маълумот жамланган.

Бу аёллар ҳадисни тингладилар, ривоят қилдилар, ўргатдилар, шогирд етиштирдилар. Улар орасида фиқҳда, тафсирда, фатвода мурожаат қилинадиган олималар бўлган. Энг эътиборлиси — муҳаддис уламолар таъкидлаганидек, аёллар орасида ёлғончилик ёки ишончсизлик билан айбланган ровий бўлмаган.

Имом Заҳабий айтганлар:

“Мен аёллар орасида ёлғончиликда айбланган бирорта ровияни билмайман.”

Бугунги аёллар — ўша буюк меросхўрлар

Бугунги кунда илм йўлига чиққан ҳар бир мусулмон аёл — Оиша онамизнинг илмий меросхўридир. У илм талаб қилса, дарс ўқиса, ҳадис ёдласа, фиқҳ ўрганса — бу йўл тарихда аллақачон очиб қўйилган йўлдир.

Ислом аёлни илм билан юксалтирди, илм орқали ҳурматли қилди, илм сабаб жамиятни обод қилишга шерик қилди. Аёлнинг илм олиши — нафақат ўзининг, балки бутун умматнинг ютуғидир.

 

Жуманазаров Ҳабибулло – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar