21.01.2026

Сўфий Аллоҳёрнинг «Маслакул муттақийн» асарининг ёзилиши ва унда истифода этилган мўтабар манбалар

 Нақшбандия тариқатининг вакилларидан бири саналган Сўфи Аллоҳёр араб, форс ва ўзбек тилларида нодир китоблар ёзиб қолдирган, динимиз ва адабиётимиз тарихидан муносиб ўрин эгаллаган улкан ижодкордир. Унинг «Маслакул муттақийн» китоби форс-тожик тилида шеърий услубда ёзилган бўлиб, ўзбек ва тожик халқлари орасида жуда-жуда машҳурдир. Асарнинг умумий ҳажми бир юз уттиз беш та катта-кичик боб остида ўн икки минг байт келтирилган. Бу китоб қадимдан мадрасаларда дарслик сифатида ўқитилиб келинган. Унда, асосан, исломнинг беш асосий шарти билан боғлиқ фиқҳий масалалар, эътиқод ва одоб-ахлоққа доир баъзи қарашлар баён этилган. Унда юздан ортиқ фатво китобларидан фойдаланилган. Кўплаб масалаларнинг фатво ва тақво жиҳати очиқдан-очиқ кўрсатиб берилган. 

Китобнинг бир қанча мусулмон давлатларида нашр этилгани ва бу асарга махсус луғатлар, ҳатто арабча шарҳлар битилгани ҳам юқоридаги фикрларимизга далилдир. Сўфи Аллоҳёр фиқҳий масалаларни баён қилиш жараёнида оят ва ҳадислардан далиллар келтиради. Тўрт мазҳаб имомларининг қарашларидаги фарқларга ҳам тўхталади. Ҳар бир масаланинг ҳанафий мазҳабидаги фатвосига тўхталар экан, тақво ҳамда одоб жиҳатларини ҳам эслатиб ўтади. 

Шоир «Маслакул муттақийн»да унинг ёзилган йилини қуйидаги сатрларда кўрсатиб ўтган: 

«Аллоҳга шукрлар бўлсинки, намоз, фитр, қурбонлик, закот ҳақидаги китоблар хулоса қилиниб, 1112 ҳижрий қамарий (1700-1701 милодий), йигирма тўртинчи муҳаррам ойи, душанба куни «Маслакул муттақийн» китоби ҳам ёзиб тугалланди. Боқий Худога шукрлар бўлсинки, каминани мақсадига етказди. Агар унинг инояти ёр бўлмаганда эди, мен кимманки, бундай ишни қилардим?!»

Шубҳасиз, Сўфи Аллоҳёр бу асарини илм ва тажриба орттириб, холис ният билан ёзгани унинг фикру мулоҳазаларидан билиниб туради. Мадрасаларда махсус ўқитилган ушбу асарни толиби илмлар қисқача «Маслак» деб атаганлар ва бу асар туркий тилга ҳам таржима қилиниб, қўлёзма ҳолида тарқалган. «Маслакул муттақийн»нинг тошбосма ва қўлёзма нусхалари Ўрта Осиё, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларга кенг ёйилган. Муаллиф китобининг ёзилиш сабабларига тўхталар экан, камтарлик қилиб, асаримни улуғ олимлар учун эмас, балки араб тилини билмайдиган баъзи авом кишилар учун ёздим, деб қуйидаги байтларни келтиради:

Пора мардум шикаста по ҳастанд

Толиби шаръи Мустафо ҳастанд

Кор ҳошон миёни ҳақ талаби

Нанишинанд ба нусхаҳони араби 

Таржимаси: (Муҳаммад алайҳиссалом шариатини талаб қилиб юрган бир гуруҳ оёғи синган (илмлари саёзроқ бўлган) кишилар борки, ҳақталабликни баён қилишда уларнинг фаҳмлари арабий нусхаларга етмайди. Шояд, ўшаларга фойдаси тегса, деган умидда бу асарни ёздим. Токи, авом кимсалар уни ўқиб, эътиқодларининг қандай суратда эканини билиб олсалар). 

Асарнинг бошқа ерида шоир пирининг инояти билан жиддий илм ўқигани, бу китобни ёзиб, унга «Маслакул муттақийн» деб ном қўйганини ҳам айтиб ўтади.

Бизнинг назаримизда, бу китобнинг ёзилиш сабабларидан яна бири Сўфи Аллоҳёр яшаган даврларга келиб ислом динининг бир қадар сусайиши, натижада ахлоқсизликнинг кучайиши (бемеҳрлик, шаробхўрлик, зинокорлик, фаҳш, зулм ва зўравонликнинг кенг авж олиши) бўлган. Бу тўғрида шоирнинг махсус таъкидлари ҳам бор.

«Маслакул муттақийн»ни ўқир экансиз, унда юздан ортиқ ислом оламидаги мўътабар китоб номларига дуч келасиз. Жумладан, «Ақоид», «Фусули имод», «Хулоса», «Қозихон», «Муҳит», «Захира», «Канзул ибод», «Шуруҳи ҳавоший», «Жалолий», «Мултақит», «Хизонаи қиннийя», «Жавоҳир», «Музмарот», «Шарҳи аврод», «Мишкоти шариф», «Абулмакорим», «Ҳидоя», «Жомиъур румуз», «Шарҳи мухтасар», «Салоти Масъудий», «Фатовий», «Кофий», «Жомиъул басотин», «Жомиъус сағир», «Туҳфатул мулук», «Янобеъ», «Тоторхоний», «Заҳриддин», «Бўстон», «Танбеҳуз золлин», «Ниҳоя», «Кифояи Шаъбий», «Виқоя», «Шарҳи Биржандий», «Мабсут», «Тарғибус салот», «Нисобул эҳтисоб», «Шамсиддин» ва ҳоказолар. 

«Маслакул муттақийн» асари туркий тилга «Ҳидоятул муттақийн» деган ном остида насрий таржима қилинган, унинг қўлёзма нусхалари баъзи жойларга, айниқса, Сайрам ва Тошкент атрофига тарқалган. Бироқ қандайдир сабабларга кўра чоп қилинмаган. «Ҳидоятул муттақийн»нинг икки нусхаси мавжуд бўлиб, бири Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида №12180 рақам остида сақланаётган қўлёзма бўлса, иккинчиси шу Институтда илмий ходим бўлиб ишлаган таржимон – Қўзихўжа Ҳафизхўжа ўғли Туркистонийнинг эвараси Акрам Ҳабибуллаевнинг шахсий кутубхонасида сақланаётган нусхадир. «Маслакул муттақийн» асари ўн тўққизинчи асрнинг иккинчи яримида Қўзихўжа Ҳафизхўжа ўғли Туркистоний томонидан ўзбек тилига ўгирилган. Бу китоб 2007 йилда Сайфиддин Сайфуллоҳ ва Акром Деҳқонлар томонидан нашрга таёрланиб чоп этилган. Охирги йилларда «Маслакул муттақийн»нинг асли нусхасига эҳтиёж борлигини инобатга олиб 2025-йилда Эркин Қудратуллоҳ ва Оятуллоҳ Айниддин томонларидан нашрга таёрланиб чоп этилди. 

Шуни таъкидлаш зарурки, «Маслакул муттақийн» асари  Илоҳий маърифатнинг бадиий талқинига бағишланган бўлиб, асар эл орасида шуҳрат қазонган. Асарда ислом аҳкомлари, тариқат талаблари, инсоний комиллик шартларини бирма-бир таърифлаб берган. «Маслакул муттақийн» китоби диний-тасаввуфий руҳдаги панду ҳикматга йўғрилган бўлгани учун кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган, уларга бағишлаб шарҳлар ёзилган, луғатлар тузилиб, у қўллаган тасаввуфий истилоҳ-тимсоллар кенг шарҳланган.

 

Оятуллоҳ Айниддин - “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar