28.01.2026

Илм ва маърифатга бағишланган умр

Таълим муассасада таниқли аллома Шайх Юсуфхон тўра Шокиров таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан китоблар кўргазмаси ташкил этилди. Тадбир у зотнинг ибратли ҳаёт йўли ва бой илмий меросини ёш авлодга яқиндан танитишга қаратилди.

Шайх Юсуфхон тўра 1926 йили Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида зиёли ва диндор оилада таваллуд топган. Ёшлик йиллари уруш ва урушдан кейинги оғир даврларга тўғри келган бўлса-да, илмга бўлган муҳаббат уни диний ва дунёвий билимларни чуқур эгаллаш сари етаклади. У Мир Араб мадрасаси ва Мисрдаги Ал-Азҳар университетида таҳсил олди, кейинчалик Тошкент Давлат университети ҳамда Шарқшунослик институтида илмий фаолият олиб борди.

У зот Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига раҳбарлик қилган, кўп йиллар муфтийлар ҳузурида масъул лавозимларда хизмат қилган, шунингдек, Мир Араб мадрасаси ва Тошкент ислом институтида дарс бериб, кўплаб шогирдлар тарбиялаган.

Кўргазмада Шайх Юсуфхон тўра Шокировнинг илмий ишлари билан бир қаторда, у зот шаклланган оилавий ва илмий муҳитни ёритувчи манбалар ҳам намойиш этилди. Жумладан, унинг амакиси — буюк аллома Алихон тўра Соғуний қаламига мансуб «Тарихи Муҳаммадий» асари ҳам тақдим этилди. Ушбу китоб Шайх Юсуфхон тўра камол топган уламолар сулоласининг илмий-маънавий меросини янада тўлиқ очиб берди.

Мазкур китоблар тақдимоти улуғ аллома хотирасини ёд этиш, унинг маънавий меросини асраб-авайлаш ва келажак авлодга етказиш йўлида муҳим қадам бўлди.

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar