29.01.2026

Имом Замахшарийнинг “Муфассал фий санъат ал-эъроб” асарининг тилшуносликка қўшган ҳиссаси ва тарихий ўрни (3-қисм)

Замахшарий “Муфассал”ни ёзишда улардан маълумотлар олган китоблари орасида зикр қилганлари Сибавайҳнинг “ал-Китоб” асари, Холил ибн Аҳмаднинг “ал Аъйн” асари, ибн Сакийтнинг “Ислаҳ ал-Мантиқ” асаридир. 

Замахшарийнинг услуби борасида мулоҳаза қилинган нарса шуки, у киши манбаани таълиф қилинган асар билан эмас, балки муаллиф яъни шахс билан зикр қиладилар. Фақатгина Сибавайҳдан “ал-Китоб” асари билан, Холилдан “ал-Аъйн” билан, Ибн Сакийтдан “Ислаҳ ал-Мантиқ” асари билан, Абу Тамим – Соҳибул ҳумоса ва Абу Амр аш-Шайбонингнинг “Китаб ал-Жийм” асарини зикр қилиб ўтганлар.

Уламолар Қуръони карим араб тилига ва унинг қоидаларига далил келтиришда энг биринчи ва асосий манба эканига ижмо қилганлар. Бу борада Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Биз уни арабий Қуръон этиб нозил қилдик” (Юсуф сураси 2-оят). Албатта Қуръон фасоҳат, балоғат ва баённинг энг олий даражасидир.

Шу маънода, Замахшарий ҳам Қуръонни энг асосий манба деб билгани борасида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Чунки, наҳвий қоидаларнинг хулосалари, албатта, Қуръонга биноан барпо қилинади. Шу сабабли ҳам биз “Муфассал” асарида Қуръон оятлари билан далил келтирилган ўринларни жуда кўплаб учратамиз. Ҳамда мана шу Қуръондан келтирилган мисоллар бошқа китоблардан келтирилган мисоллардан бир неча баробар кўпдир. Мана шундай ҳолатга мисол: Замахшарий айтадилар ساء феъли بئس ишлатилганидек ишлатилади.

Шунингдек, рус шарқшуноси Крачковский фикрига кўра, Замахшарий ўз асарида Басра мактабининг тизимлилик тамойилларини ва Куфа мактабининг амалий ёндашувини бирлаштиришга ҳаракат қилган[1]. Бу ёндашув “Муфассал”ни нафақат грамматик изоҳлар, балки тилни амалий ўрганиш учун ҳам қулай қўлланма сифатида қаралишига сабаб бўлган.

Шу билан бирга Замахшарий “Муфассал” асарида Басраликлар ва Куфаликларнинг қарашлари ўртасида мувозанат яратишга интилган ва илмий далиллар асосида уларнинг фарқларини камайтиришга уринган.

Турли араб, форс, инглиз, рус ва ўзбек олимларининг фикрлари Замахшарийнинг “Муфассал” асарининг илмий мақсадларини тўлиқ ёритиб беради. Ушбу асар грамматик тадқиқотлар тарихида муҳим бурилиш нуқталаридан бири бўлиб, араб тилининг синтактик ва морфологик тузилишини таҳлил қилишда катта ўрин тутади.

Замахшарий грамматикани фақат ривоятларга асосланган фан сифатида эмас, балки ақлий ва мантиқий таҳлилга асосланган илм сифатида тасвирлайди. У “Муфассал” асарида:

“Мен ушбу китобни энг тўғри усуллар ва энг аниқ йўллар асосида қуриб, унда наҳвнинг асосий қоидаларини ақлга асосланган қиёс ва анъанавий ривоятларга мувофиқ жамладим”[2] дея таъкидлайди.

“Муфассал”нинг аҳамияти ва обрўси ҳижрий еттинчи асрда илм толибларининг зеҳнларида ҳукмрон бўлиб қолди. Кейинчалик унга рақобат қиладиган бир неча китоблар ёзилди. Унга рақобатлашган энг машҳур асарлар қуйидагилардир:

1. “Ал-Мисбаҳ фин наҳв”. Бу асарнинг муаллифи Замахшарийнинг шогирди Носириддин ибн Абул-Макорим ал-Мутарризий ал-Хоразмийдир. Бу асар ъажам (араб бўлмаган) ўлкаларда ва Мовароуннаҳр ҳудудларида олимлар орасида катта эътиборга сазовор бўлган.

2. “Ал-Муқаддима ал-Жазулийя”. Бу асар Абу Мусо ал-Жазулий томонидан ёзилган бўлиб, у “Қонун” ва “Куррос” (“Дафтар”) номлари билан ҳам танилган. Бу асар Андалусия ва ғарб мамлакатларида машҳур бўлган. “ал-Муқаддима ал-Жазулийя” асарини ёзишда муаллиф Зажжожийнинг “ал-Жумал” китобидан кўп фойдаланган.

3. “Кофия”. “Муфассал”га энг кучли рақобатчи асар Ибн Ҳожибнинг “Кофия” китоби эди. Бу асарни ёзишда Ибн Ҳожиб “Муфассал”дан кўп фойдаланган бўлиб, ҳаттоки кейинчалик шарҳловчилар ва тадқиқотчилар орасида Ибн Ҳожибнинг “Кофия” асари Замахшарийнинг “Муфассал”идан қисқартириб олинган наҳвий хулосадир, деган фикр тарқалган.

4. “Ад-Дурра ал-Алфия”. Бу асар “Ибн Муътийнинг Алфияси” номи билан машҳур бўлган. Шунингдек, наҳв борасида унинг “ал-Фусул ал-Хамсун” номли бошқа китоби ҳам бор эди. Бу иккала китоб кўплаб олимларнинг шарҳлари ва изоҳларига сазовор бўлган.

5. Кейинчалик Ибн Моликнинг асарлари пайдо бўлди. Сўнгра Ибн Ҳишом ал-Ансорийнинг асарлари яратилди. Натижада, “Муфассал” бу китоблардан юқорига чиқа олмади. Балки, одамлар Ибн Молик ва Ибн Ҳишомнинг асарлари билан машғул бўлиб, кейинги даврларда кам ҳоллардагина бошқа асарларга мурожаат қилдилар. Шундай қилиб, Ибн Молик ва Ибн Ҳишомларнинг асарлари ҳозирги кунимизгача ўз шуҳрати ва аҳамиятини сақлаб қолди[3].

 

Эшбоев Шаҳзод – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси 

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати


 

[1] Крачковский И.Ю. Избранные сочинения.  Москвa: Наука, 1960.  С. 102.

 [2]الزمخشري.المفصل في صنعة الإعراب. طهران: انتشارات جامعة طهران، .1985ص. .15

 [3]سالم مبارك. شروح المفصل الثلاثة، الخلافات النحوية بين شروح الخوارزمي وابن يعيش وابن الحاجب– .ط. جامعة عدن للنشر: ٢٠١٠. –ص. ٧-٨.

Izoh qoldirish

Izohlar