30.01.2026

Фол, сеҳр ва мунажжимликнинг таьрифи ва унга бўлган муносабат

Фол дастлабки ибтидоий жамоа давридаёқ пайдо бўлган. Овчилик, сўнгра чорвачиликнинг вужудга келиши билан қушларнинг сайраши, учиши, ҳаракатларига қараб Фол кўриш расм бўла бошлади. Ибтидоий деҳқончилик пайдо бўлган даврда юлдузларга қараб Фол кўриш тарқалди; кейинчалик бундай Фол лўриш негизида соҳта фан - астрология юзага келди. Фол бобилликлар, этрусклар, юнонлар ва бошқа қадимий халқларда кенг тарқалган эди.[1] 

Фол кўриш билан махсус кишилар – фолбинлар шуғулланганлар. Кўпгина халқларда фолбинлар суяклар, дон-дуккакли ўсимликларнинг мевалари, ёнғоқ, қўй қумалоғ ва шунга ўхшаш нарсалар ёрдамида фол очганлар. 

Ўрта Осиё халқларида фол очишда фол очтирувчининг томирини ушлаб, номини такрорлаш ёки бошқа сўзлар айтиш, майда тошлардан фойдаланиш ёхуд пиёладаги сувга пахта ташлаш каби усуллар қўлланилган. Кейинги даврларда картага ва қўл кафтининг чизиқларига қараб фол очиш кенг тарқалди. Фол очиш негизида табиат ва одамларни бошқарувчи ғайритабиий кучлар билан алоқа боғлаб, номаьлум воқеа ва ҳодисани англаш мумкин, деган диний тасаввурлар ётади.[2]

Бугунги кун одамлари сеҳргарлик, фолбинлик ҳамда мунажжимлик балоси билан балоланган. Бу ҳол шу қадар кенг ривож олганки, оммавий ахборот нашрлари ҳам мунажжимлар башоратига алоҳида эътибор қаратиб, одамларнинг юлдузига қараб фол очиш билан оввора. Аллоҳнинг каломи, пайғамбар с.а.в нинг ҳадиси шарифлари бир четда қолиб, одамлар шайтонга ростмана шогирд тутинган фолбинларнинг сўзларига қулоқ соладилар. Росулуллоҳ с.а.в ўз ҳадисларида фолбиннинг олдига бориб, унинг гапини тасдиқлаган киши диндан чиқишини айтганлар. Нима учун энди, фақат борган одам эмас, балки бориб гапини тасдиқлаган киши? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Гап бу ерда фолбиннинг олдига боришда эмас, балки унинг гапини тасдиқлашда. Иймон ҳақида кетмоқда гап.

Кишилар турли мақсад билан боришади, уларнинг аксари келажагини билишга қизиқади. Аммо оддий бир фаросат билан ўйлаб кўришмайдики, бораётган жойларида ўтирган одам худди мен каби бир одам, агар фолбин бўлиб, келажакни билса, нима учун турли конларни топиб, лотореяларни ўйнаб бойиб кетмаган. Нима учун камбағал ва хор бўлиб яшамоқда. Ғайбни биладиган одамга ярашадими бу ҳолат? деб ўйлаб ҳам кўрилмагани  аламли ҳолат. 

Яқинда бир табиб акамиз оддий ҳикояни, бўлган воқеани сўзлаб бердилар. Уларнинг олдига бир йигит келибди. Бозорда юрганида одамлар ҳазиллашиб йигитни табибнинг олдига жўнатишган экан. Акамиз: Хўш, келинг, қандай мақсад ила келдингиз, деса, ҳалиги йигит: Амакимни ўлдириб Беринг, дебди. Табибнинг ҳайронлиги ошибди: «Ия, Ким айтди сизга мени одам ўлдиради», Йигит: «Йўқ нотўғри тушуниб қолдингиз, шекилли, мен амакимни иссиқ совуқ қилиб Беринг» демоқчи эдим, деган сўзни айтибди. Кейин маълум бўлишича, табибнинг олдига келиб қолган йигит бир неча кундан бери амакиси билан жанжаллашиб юрган экан. Бунга сабаб албатта узоқ маҳаллада яшовчи фолбин хотин бўлганди.Табиб акамиз кўпни кўрган, бу соҳада ката фириб ишлари бўлиб туришини билгани боис, йигитга бўлган воқеани ипидан игнасигача тушунтирган бўлди. Ҳақиқатан ҳам воқеа аслида шундай ривож олганлиги маълум бўлди кейинроқ.[3] 

Демак, тингланг, жуда ҳам оддий воқеани:

Йигит адашиб, фолбиннинг олдига боради. эртанги кунини билмоқ ниятида. Фолбин эса тайёр гўшт келганидан фойдаланиб, йигитнинг яшаш жойини яхшилаб билиб олади. Амакиси билан яшаётган йигит чиқиб кетаётганда фолбиндан «дарвозаси остонасига бир дам солинган суякни кўмиб қўйиш» вазифасини олади. Йигит бориб шу ишни қилади. Кейин фолбиннинг одамлари йигит яшайдиган хонадонга бориб, амакиси ва хотини тезлик ила фол очдириш зарурлигини уқтиришади. Ҳеч нарсадан бехабар фолбин шошилинч этиб келган амакини ҳайратга солади. Чунки у умуман нотаниш хонадон ҳақида ишонарли фол очарди: «Сизнинг уйингизда бир йигит юрар экан-а, - дейди охирги юришга ўтган фолбин, - ўша йигит ўлиб кетган акангизнинг ўғли бўлади, фалон-фалон жойда ишлайди, яқинда уйланмоқчи бўлиб юрибди. У сизнинг ўлимингизни истаб, ҳар хил ишларга қўл урган». Мана шу эрда амаки сапчиб тушади: Бўлмаган гап, жияним тупа-тузук йигит, унинг қўлидан бу иш келмайди. Хўп майли, - дейди фолбин, - бориб унда дарвоза остига кўмиб қўйган суякларини бир очиб кўринг... Амаки лаққа тушади-қўяди, чунки эътиқодсиз одам бундай пайтда бошқа чора топа олмайди ҳам. Бир-бирига билдирмасдан бир фолбиннинг олдига келган амаки жиян камида миллион сўмлик ҳаражат қилиб қўйишади. Охир-оқибат, фолбин бита мижозидан воз кечади. Яъни йигитдан. Шунинг учун амакисини ўлдиришга шай турган йигит бошқа фолбин қидириб, табиб акамизнинг олдига келиб қолади. Масала ойдинлашгандан сўнг, йигит уйига қайтди. Амакисига бўлган воқеани сўзлаб берган эди, хонадон соҳиблари ҳақиқатан ҳам фолбиннинг тузоғига илинганликларини билишди. Ҳаммасини яхшилаб ўйлаб кўришди ва жуда ҳам тубан ҳолатга тушиб қолганликларини англаб этишди. 

Яхшиямки, Аллоҳнинг хоҳиши билан йигит иймон эътиқодли табиб уйига бориб қолган эди, акс ҳолда... Бундай воқеалар айни пайтда жуда кўпайиб кетган. Бунинг сабабини ўрганиш учун яна ўша ҳадиси шарифга мурожаат қиламиз. Росулуллоҳ с.а.в фолбиннинг олдига бориб, унинг гапини тасдиқлаган кишини муртад демоқдалар. Демак, бу эрда гап иймон-эътиқод ҳақида. Инсон табиий эҳтиёжлар маҳсули ҳисобланади. Агар унинг қорни очса, албатта нимадир ейди. Ҳалол йўл билан топмаса, ҳароми билан озуқланади барибир. Нафсни қондирмасдан унинг иложи йўқ. Балоғатга етганлар ё никоҳланиб шахвий нафсларини қондиришади, ёки зино қилишади. Инсон вужудида қалб деган бир жавҳар бор. У сиғинишга, қуллиқ килишга эхтиёж сезади.[4] 

Шуни яхши билиб олайликки, Аллоҳга сиғинмаган банда барибир нимагадир, кимгадир сиғинади. Аллоҳнинг тақдиридан рози бўлмаган банда кимнингдир сўзларидан рози бўлади ва ана шу сўзларга ишонади. Шунинг учун ҳам, сарвари коинот с.а.в фолбиннинг сўзини тасдиқлаган кишини диндан чиқади, деганлар. Шу биргина амал ила инсон кофир бўлиши турган гап. Фолбиннинг айтаётган сўзлари юз фоиз тўғри чиқиб қолса ҳам, унинг сўзларига мўмин одам ишонмайди, чунки Аллоҳ ва Унинг росули буни қатъий равишда таъқиқлаган. Баъзан инсонларни синаш учун фолбин ва мунажжимларнинг сўзларини амалга оширади, худди шайтон бир одамнинг кўзига қўлини тиқиб олиб, фолбиннинг олдидан чиққанида қўйиб юборгани сингари. ўша одамнинг кўзи тузалиб кетадида, у буни фолбин амалга оширди, деб ўйлайди. Бу ерда гап иймон, эътиқод, ишонч устида кетмоқда. Бу савдо қаттиқ савдо ҳисобланади.[5] 

Ҳозирги кунда мунажжимлар башоратига қараб иш режалаштирадиган, газета нашрларида чоп этилган башоратларга ишониб, келган совчини қайтариб юбораётган юртдошларимизга хитобимиз шуки, Аллоҳга қайтинг, Муҳаммад с.а.в қайтарган ва охири абадий дўзаҳ бўладиган йўлни тарк этинг. Пайғамбаримиз Аллоҳ таъоло ҳар бир одамнинг тақдирини яратилишидан эллик минг йил олдин ёзиб қўйилганини айтиб кетганлар. Бу тақдирни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Фолбинларга қатнаётган опаларимиз, сингилларимизнинг шу бугунданоқ бу йўлдан қайтишларини сўраймиз. ўзингиз ўйлаб кўринг, нима учун фолбинлар ҳамиша хор ва ғарибхоналарда яшашади. Нима учун улар келажакни айтиб бериш учун ўзларида журъат топишади-ю, оёқлари остида турган конларни топиб, бойиб кетмайдилар. Майли, бу ҳам оғирдир, нега биргина лоторея қоғозини олиб, ноль бутун мингдан бир миллиметр нарида турган ёзувни ўқиб, Нексия ё Дамас эгаси бўлиб олишмайди, нега?! Чунки улар келажакни ҳеч қачон била олишмайди. 

Аллоҳ таъоло Қуръони каримда бу илм фақат ўзида эканлигини айтган. Аллоҳ билан Аллоҳнинг илмини талашаётган бандалар албатта хор бўлажак. Шу малъун, ифлос ва жирканч маҳлуқларнинг олдига бориб, иймон-у эътиқодни поймол қилмайлик, азизлар. Кимки шу ишни қилган бўлса, шу бугуноқ тавба қилсин, Аллоҳ кечирувчи Зот. Улгура олмай қолса, Аллоҳнинг ўзи асрасин, қиёматда Муҳаммад с.а.в га тушган динда турмайди. Ҳаммага яратгандан тавфиқ ва офият сўраб қоламиз. Албатта, У саҳий ва марҳаматли Зотдир.

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу), Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки башоратгўй ёки фолбиннинг олдига бориб, айтаётган гапини рост деб билса, у шубҳасиз, Муҳаммадга тушган нарсага куфр келтирибди» 

(Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа) [6]

 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фаришталар булутга тушадилар ва осмонда ҳукм қилинган ишни зикр қиладилар. Шайтон ўғринча қулоқ тутиб, эшитиб олади-да, уни фолбинларга «ваҳий» қилади (уқтиради). Улар эса унга ўзларидан юзта ёлғон қўшиб, ёлғон гапирадилар»

 (Бухорий ривояти).

 

Давутов Саййидбурхон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати


 

[1]  Islom ensiklopediyasi  252 bet.

[2]  Islom ensiklopediyasi  252 bet.

[3]  Islom nuri gasetasi 4-son  2010 yil. 

[4]  Islom nuri gasetasi 4-son  2010 yil.

[5]  Imom Hifiz Shamsuddin Zahabiy “Gunohi kabiralar’ kitobi 158-bet.

[6]  Muhammad ibn Ismoil al-Buxoriy. “Sahihul Buxoriy”, Toshkent – 2008.

Izoh qoldirish

Izohlar