05.02.2026

Далоилул Хайрот китоби ва саловатнинг баракаси

Далоилул Хайрот — мусулмонлар орасида жуда машҳур бўлган муборак саловатлар мажмуасидир. Ушбу китобни буюк олим ва солиҳ зот Имом Муҳаммад ибн Сулаймон ал-Жазулий (раҳимаҳуллоҳ) тузган. Китобнинг асосий мазмуни — Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ га кўп ва ихлос билан саловат айтишга тарғиб қилишдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга саловат айтурлар. Эй иймон келтирганлар , сизлар ҳам унга саловат ва салом айтинглар.”

(Аҳзоб сураси, 56-оят)

Далоилул Хайрот китоби мўмин қалбини Расулуллоҳ ﷺ муҳаббати билан тўлдиради, тилни саловат билан машғул қилади ва бандани Аллоҳга яқинлаштиради. Бу китоб асрлар давомида уммат орасида эъзоз билан ўқилиб келинаётгани ҳам унинг нақадар улуғ фазилатга эга эканини кўрсатади.

Саловат айтишнинг баракаси ҳақида Расулуллоҳ ﷺ шундай марҳамат қилганлар:

“Ким менга бир марта саловат айтса, Аллоҳ унга ўн марта саловат айтади.”

(Имом Муслим ривояти)

Демак, Далоилул Хайротни мутолаа қилиш ва ундаги саловатларни мунтазам ўқиб бориш — қалбни поклайди, дуоларни баракали қилади ва мо'миннинг ҳаётига тинчлик ҳамда нур олиб киради.

 

 

Жўраев Шербой – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-босқич талабаси

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar