06.02.2026

Араб ҳуснихатининг шаклланиши ва асосий услублари

Ҳар бир халқ ва миллат илоҳий битиклардан ўзига андоза ва қолиб қилиб олиб, хатлар турини хилма-хил услуб билан илоҳий илҳом орқали ихтиро қила бошлаганлар. Мана шу илоҳий мўъжизалардан бири, 28 ҳарфдан иборат бўлган араб алифбосининг дастлабки шакли маъқалий хатидир. Икки дунё саодати бўлмиш Қуръони карим ҳам мана шу хатда битилган. Ҳазрати Усмон бошчилигида Қуръон китобат қилинди ва у бир неча нусхада кўчиртирилди. У зот Қуръонни мана шу асл нусхадан кўчиришни буюрдилар. Шулардан бир нусхаси Кўфа шаҳрига юборилган. Кейинчалик Ироқ, Хуросон, Ўрта Осиё мана шу Кўфа шаҳрига юборилган Қуръондан нусха кўчирганлари учун у «Кўфий Қуръон» ва «Кўфий хати» деб атала бошланди ва шундай қилиб “кўфий” атамаси хат оламига кириб қолди. Шунингдек, уммавийлар замонида VII аср охирида тангалар  кўфий хатида зарб қилина бошланди. Кейинчалик кўфий хатига нуқталар, эъроблар (замма, фатҳа, касра) қўйилди. 

Илоҳий илҳом орқали араб хатининг биринчи йирик ихтирочиси бағдодлик Абу Али ибн Муқла (ваф.ҳиж. 338 йил) ҳисобланади. Ибн Муқла маъқалий (кўфий хати) асосида араб ёзувининг олти хил асосий турини ихтиро этган. Бу кишидан кейин Шайх Жамолиддин Ёқут Жазоирий (ҳиж. 277 – 397/мил.891-1007) алайҳир раҳма вал мағфира Ибн Муқла таълимоти асосида муҳаққақ ва  машҳур олти хатни мукаммаллаштиради. Шунингдек, у насх хатининг ихтирочиларидан биридир. Манбаларда қайд қилинишича, Шайх Жамолиддин Ёқут минг адад Қуръони каримни ёқут хатида форсий таржимаси билан бирга кўчирган. Кейинчалик, Ибн Баввоб (ваф.мил.1022) ҳам хат услубининг гўзаллигини мукаммаллаштиради ва 36 хил хат туридан 17 хил хат турини ихтиро қилади. Буюк хаттот Ёқут (XIII аср) ва бошқа улуғ хаттотлар араб ёзувига сайқал бериб, уларнинг янада мукаммал жозибадор бўлишига ўзларининг бебаҳо ҳиссаларини қўшганлар, хатдаги услубларни охирига етказиб такомиллаштирганлар.

1. محقق  - муҳаққақ     хати – бу хатнинг кўпроқ қисми текисдир, қолган бўлаклари думалоқ шаклдадир. Шунинг учун бу хатнинг маъқалий ва кўфий хатларига ўхшашлиги бошқа хатларга нисбатан кўпроқдир. Шу сабабдан Ибн Муқла муҳаққақ деб ном берди. Бошқа турдаги хатлардан биринчи деб билди.

2. ريحاني  райҳоний хати – кўфийдан келиб чиққан. Бу ном хатнинг ёзилиши шакл жиҳатидан райҳонга ўхшашлигида. Кўфий ва райҳоний хатларнинг ихтирочиси Ибн Баввоб (ваф.мил.1022 йил) бўлган.

3. ثلث- сулс хати – бир нарсанинг учдан бир ҳиссаси ёки учинчи ҳиссаси демакдир. Сулс дейилишига сабаб шуки, бунда қаламнинг учинчи ҳиссаси ишлатилади ёки сулс хати таълимотида қаламнинг учдан бир ҳиссаси кўпроқ ишга солинади. Унинг тўрт баҳраси текис, икки баҳраси юмалоқдир. Ибн Баввоб биринчи бўлиб сулс хати ҳарфларининг шаклини нуқта ўлчовларига асослаган ва сулс хатининг график асосларини ихтиро этган.

4. نسخ - насх хати – ихтирочиси машҳур санъаткор хаттот Ибн Муқла ҳисобланади. Бу хат юзага чиқиб, шуҳрат қозонгандан кейин бошқа хатларнинг барчаси мансух, яъни ишлатишдан колдирилди.

Илмий адабиёт ва        қўлёзмаларда кўп учрайдиган  غبار ғубор хати насх хатининг майда қаламда ёзилишидир. Ўтган замонларда жуда майда қалам билан ёзиладиган нарсаларни махсус рақамда жуда майда қилиб ёзилган. Шунинг учун ғубор деб айтилган. Ғубор хатининг ихтирочиси Саид Қосим.

5. توقيع - тавқиъ хати – Бу хатнинг ярми текис, ярми юмалоқ чизиқдан ташкил топган. Маъқалий ва кўфий хатларига ўхшашлиги бор. Тавқиъ дейилишига сабаб шуки, илгари қозилар қозихона хужжатларининг бошига ёзиладиган сўзларни шу хат билан ёзганлар ҳамда қозилар ва ҳокимлар хужжатларни шу тавқиъ хати билан имзолар эдилар. Идора ва маҳкамаларда фармонларга, мактубларга, қўлёзмаларга тавқиъ услубида имзо қўйилган.

6.      رقاع    - риқоъ хати – Кўпинча, мактублар, кишиларга юбориладиган хатлар шу хат билан ёзилган. Кўпчилик ҳарфлари бир-бирига қурама қилиб ёзилади. Риқоъ - руқъанинг кўплиги бўлиб, қоғоз парча, мактублар демакдир. Тавқиъ ва риқоъ хатининг ихтирочиси маълум эмас.

7.      تعليق   - таълиқ хати – бу хат аслида риқоъ бўлган. Уни ҳар ким турли шаклларга айлантириб, ундан бир равиш ихтиёр қилган. Хожа Тожиддин Сулаймон шу услубни ихтиро қилган кишилар жумласидандир.

Бу киши ихтиро қилган таълиқ хати риқоъ хатининг шохчасидир. Бу хат иншо ва мактубларга тегишли бўлиб, муншийлар (иншо ёзувчилар) уни чўзиб ёзганлар.

Айрим олимлар таълиқ хатининг ихтирочисини Абул Олий номли шахс деб кўрсатганлар. Абул Олий ихтиро этган таълиқ хатининг график асослари кўфий хатидан келиб чиқиб, бу хат форсий текстларни ёзиш учун ихтиро қилинган.

Юқоридаги хат турлари хаттотлар тилида «Хутути сабъа» خطوط سبعة (Етти хат) деб юритилади. Хаттотман деган ҳар бир инсон шу хатларни билиши зарур.

Тафсир, ҳадис, фиқҳ, илоҳиёт, адабиёт, тарих илмларининг тез ривожланиши натижасида хат ёзиш тез, равон ва қулай бўлиши керак эди. Кўфий хати эса мураккаблиги туфайли замон талабига жавоб бера олмас эди. Шу сабабдан юқорида зикр қилинган хатлар ихтиро қилинди.

Хатларнинг ҳар бири махсус ўринларда қўлланилиб келинган: Кўфий – қасида ва шеърлар ёзишда, райҳоний ва насх – қисса ва хабарларда, сулс – илмий асарлар ва хат йўл-йўриқларида, тавқиъ – буйруқ ва фармонларда, риқоъ – мактубларда ишлатилган. Бу етти асосий услубнинг ҳар бири ингичка (хафий) ва йўғон (жалий) қаламларда ёзилиши натижасида яна ўн икки хил хатни ташкил қилган.

Настаълиқ хати «насх» ва «таълиқ» хатларининг бирикувидан ташкил топган. Насх ва таълиқ услублари асосида настаълиқ хатини Мир Али Табризий (Мир Али Ҳиравийнинг устозлари) ихтиро қилганлар. Ўзларини Табризийнинг шогирди деб ҳисоблаган, “қиблат ул-куттоб” (Котиблар қиблагоҳи) Султон Али Машҳадий (ваф.1520 йил) эса настаълиқ хати услубини юксак даражага кўтарган машҳур хаттотлардан бўлган. У кишининг давомчилари Мир Али Ҳиравий мазкур хатни мукаммал қоидага киритиб шеърий бир рисола тузганлар.

Қитъа, чорбайт (тўртлик), рубоий, ғазал, насиҳатомуз шеърлар асосан жалий қаламда тўрт қатор ёки ундан кўпроқ қилиб ёзилган. Мазкур хатлар албатта меъёрий жиҳатдан бир-бирига мос ҳамда тўрт қатор бўлса, олтита учбурчак атрофида бўлиши шарт. Шунингдек, ҳарфлар - “алиф”, “жим”, “ё” ва бошқалар бир-бирига албатта ўхшаши ва бир текисда бўлиш қатъий талаб қилинган. Мана шу талаблар билан ёзилган қитъа юқори даражали хаттот томонидан ёзилган бебаҳо санъат намунаси деб тан олинган. Қитъа атрофлари бир неча хил гуллар, нақшлар, абри баҳор қоғози билан тилла билан безатилиб, мураққа (альбом) ҳолида ёки деворларга, шишали рамкаларда меҳмонхоналарда илиб қўйилган. Бу қитъалар бир неча юз тилла-кумуш нархида баҳоланган. 

Баъзи бир қитъаларнинг олд ёки орқа томони миниатюра, атиргул, рангли безаклар билан безатилган. 

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, мазкур Бухорода ишланган мураққалардаги қитъаларнинг аксарияти тасаввуфий мазмунга эга бўлиб, табиийки уларда мажоз қўлланилган. Зеро, мажоз шоирнинг асл мақсадини ифодаловчи шеърий санъат туридир. Бу ҳақда ҳазрат Алишер Навоий “Хамсат ул-мутаҳаййирин” асарларида шундай таъкидлайдилар: “Ал-мажозу қантарат ул-ҳақиқати”, яъни мажоз – ҳақиқат кўпригидир. Шунга биноан, мумтоз асарларда қўлланилган май – ишқ ва ибодат рамзи, майхона – масжид, жом – юрак, соқий, ёр – Аллоҳ, пири муғон – Муҳаммад алайҳиссалом.

 

Эшбоев Шаҳзод – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

 

Izoh qoldirish

Izohlar